Россияда уч фарзанд кўриб, оғир аҳволда қолиб кетган аёл Ўзбекистонга қайтарилди
Одам савдосига қарши курашиш масалалари бўйича кичик комиссияга Самарқанд вилояти, Тайлоқ туманида яшовчи фуқаро Д.С мурожаат қилиб, Россияда 3 нафар вояга етмаган фарзанди оғир аҳволда қолиб кетганини маълум қилади.
ИИВ Одам савдосига қарши курашиш масалалари бўйича кичик комиссияси хабарига кўра, Д.С 2009 йилда РФнинг Ленинград вилояти Всеволожск шаҳрига бориб, у ерда Тожикистон Республикаси фуқароси Х.С. билан танишиб, у билан фуқаролик никоҳи асосида яшаб юради. Бу орада ундан 3 фарзанд кўради.
2020 йил январь ойининг бошида Х.С Россия Федерациясида бўлиш қоидасини бузганлиги учун ўз ватанига мажбурий тартибда чиқариб юборилганлиги сабабли, Д.С фарзандлари билан ижтимоий оғир аҳволда қолиб кетади. Доимий яшаш жойга эга бўлмаганлиги сабабли 3 нафар вояга етмаган фарзанди билан Ўзбекистонга қайтиши учун кўмак беришларини сўрайди.
Мурожаат бўйича Одам савдосига қарши курашиш масалалари бўйича кичик комиссияси, Самарқанд вилояти ҳудудий комиссияси масъул ходимлари томонидан чоралар кўрилиб, Республика «Истиқболли авлод» нодавлат нотижорат ташкилотининг бевосита кўмагида Россиянинг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралари билан ҳамкорликда жорий йилнинг 6 март куни Д.С ва унинг 3 нафар вояга етмаган фарзанди соғ-омон Ўзбекистонга қайтарилди.
Мазкур оила Самарқанд вилояти ИИБ ходимлари томонидан Самарқанд халқаро аэропортида кутиб олиниб, Д.С.нинг аниқ яшаш манзили бўлмаганлиги ва ижтимоий ёрдамга муҳтожлиги сабабли, аёллар учун реабилитация марказига жойлаштирилди. Ҳозирда уларга зарурий тиббий ёрдам кўрсатилиб, нормал ҳаёт тарзига қайтариш ҳамда яшаш жойи билан таъминлаш чоралари кўрилмоқда.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter