Термиздаги музейда 3,4 млрд сўмга тенг қалбакилаштириш ва камчиликлар аниқланди
Республиканинг 3 ҳудудидаги давлат музейларида 3,5 млрд сўмдан ортиқ молиявий камчиликлар ва экспонатларни қалбакилаштириш ҳолатлари аниқланди.
Маданий меросни ҳимоя қилиш инспекцияси жорий йилнинг июнь-июль ойлари Андижон ва Наманган вилояти тарихи ва маданияти давлат музейларида ҳамда Термиз давлат музей қўриқхонасида сақланаётган ноёб ашёларни хатловдан ўтказилди ҳамда уларнинг сақланиши ва хавфсизлик ҳолатини ўрганди.
Ўрганишда Ишчи гуруҳ томонидан Андижон вилояти тарихи ва маданияти давлат музейида жами 4 дона, Наманган вилояти тарихи ва маданияти давлат музейида жами 9 дона ашёлар музейнинг Кирим ва Инвентар китоблари ҳамда илмий паспортларининг тавсифномаларига, ўлчами, ишланиш услуби ва яратилган даври бўйича мос келмаслиги аниқланди.
Шунингдек, Термиз давлат музей қўриқхонасида ҳам ўрганишлар олиб борилди ва жами 24 дона ашёлар музейнинг Кирим ва Инвентар китоблари ҳамда илмий паспортларининг тавсифномаларига, ўлчами, ишланиш услуби ва яратилган даври бўйича мос келмаслиги, 58 номдаги ашёлар музей фондида йўқлиги маълум бўлди.
Маданий мерос агентлигининг 2022 йил 19 августдаги Санъатшунослик эксперти хулосаларига кўра, Андижон вилояти тарихи ва маданияти давлат музейида аниқланган зарар қиймати 31 млн сўмни, Наманган вилояти тарихи ва маданияти давлат музейида 23,7 млн сўмни, Термиз давлат музей қўриқхонасида эса 3 млрд 466,8 млн сўмни ташкил қилади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter