«Tashkent Book Fest» халқаро китоб кўргазма-ярмаркаси бошланди
Бугун Ўзэкспомарказда Ўзбекистонда илк бор “Tashkent Book Fest” халқаро китоб кўргазма-ярмаркаси бошланди.
Халқаро кўргазма-ярмарка очилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси, Вазирлар Маҳкамаси масъул вакиллари, Ўзбекистондаги элчихона ва хорижий компаниялар ваколатхоналари, Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги масъул вакиллари, ижодкорлар, журналистлар ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
Тадбирда Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги раҳбари Комил Алламжонов сўзга чиқди ва барчани илк Халқаро китоб кўргазмаси билан қутлади.
— Мазкур халқаро кўргазма-ярмарка нафақат китоблар намойиши, балки соҳа ходимлари ва иштирокчилар учун ўзаро тажриба алмашиш, ҳамкорликни йўлга қўйиш, бир сўз билан айтганда, янги техника ва технологияларни, янгича ёндашувларни жорий этишда яна бир мулоқот майдони бўлиб хизмат қилади, деб ўйлайман, — деди Комил Алламжонов.
Шундан сўнг Қозоғистон маданият ва спорт вазирлиги тил сиёсати қўмитаси раиси Галимжан Мельдешов, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси Сирожиддин Саййид ва бошқалар сўзга чиқиб, кўргазма иштирокчиларига омад тилади.
Кўргазма ярмарканинг биринчи кунида «O’tkan kunlar» аудио-романи ҳамда бир қатор ўзбек адибларининг асарлари тақдимоти, интелектуал ўйинлар, мушоиралар, давра суҳбатлари бўлиб ўтди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter