Россиядаги ўзбекистонликлар огоҳлантирилмоқда
Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги Россияда бўлиб турган Ўзбекистон фуқароларини мамлакатда кузатилиши мумкин бўлган митингларда иштирок этмаслик ҳақида огоҳлантирмоқда.
Агентликка кўра, айрим ижтимоий тармоқларда Россия ҳудудларида давлат расман рухсат бермаган оммавий намойишлар ўтказилиши режалаштирилаётгани ҳақида турли хабарлар тарқалмоқда.
«Шу муносабат билан, Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ушбу давлатда бўлиб турган Ўзбекистон Республикаси фуқароларидан бундай оммавий намойишларда иштирок этмасликни, Россия Федерацияси қонунларига риоя этишни ва одамлар кўп тўпланаётган жойларга бормасликни сўрайди», – дейилади Агентлик мурожаатида.
Маълумот учун, бу каби расман рухсат берилмаган тадбирларда қатнашиш чет эл фуқаролари учун Россия Федерацияси қонунларига мувофиқ жавобгарликка тортилиш ёки давлатдан мажбурий чиқариб юборишга олиб келиши мумкин.
Эслатиб ўтамиз, бир муддат олдин РФ президенти Владимир Путин рус халқига мурожаат билан чиқиб, унда Россияда қисман ҳарбий сафарбарлик эълон қилинганини билдирган эди.
Айрим ОАВлар эҳтимолий митингларни юқоридаги қарордан норози гуруҳлар уюштиришини тахмин қилишмоқда.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter