Россия ТИВ раҳбари Ўзбекистонга келяпти
Россия ТИВ раҳбари Сергей Лавров 28-29 октябрь кунлари амалий ташриф билан Ўзбекистонда бўлади.
Лавровни Ўзбекистон Президенти қабул қилиши, шунингдек, у мамлакат ТИВ раҳбари Бахтиёр Саидов билан ҳам музокаралар олиб бориши режалаштирилган.
Мулоқот чоғида асосий эътибор Россия-Ўзбекистон стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини янада чуқурлаштириш масалаларига, биринчи навбатда, жорий йилнинг 26-28 май кунлари бўлиб ўтган Россия Федерацияси Президентининг Ўзбекистон Республикасига.давлат ташрифи якунлари бўйича келишувларни амалга оширишга доир ҳамкорлик масалаларига қаратилади.
Икки томонлама кун тартиби ҳамда томонларни қизиқтирган долзарб халқаро ва минтақавий масалалар ана шу нуқтаи назардан кўриб чиқилиши кутилмоқда.
Россиянинг ЎЗбекистондаги элчихонаси хабарига кўра, шу билан бирга, Ўзбекистоннинг ЕОИИда кузатувчи мақомини ҳисобга олган ҳолда Евроосиё интеграцияси жараёнларини дипломатик қўллаб-қувватлаш юзасидан ҳам фикр алмашилади.
Шунингдек, Лавровнинг Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги ҳузуридаги Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети профессор-ўқитувчилари ва талабалари билан суҳбати режалаштирилган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter