Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Раҳбарим белгиланган вазифамдан ташқари иш буюради: қандай ҳимояланаман?

Раҳбарим белгиланган вазифамдан ташқари иш буюради: қандай ҳимояланаман?

Савол: ўқитувчиман, менга таътил пули 56 кунга эмас, 48 кунга тўланди. Энди қаерга мурожаат қилишим керак?

Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 26 июндаги 263-сон қарорига илова «Педагог ходимлар учун йиллик узайтирилган меҳнат таътили давомийлиги» меъёрларига кўра, ушбу меъёрларда келтирилган ходимларга йиллик узайтирилган меҳнат таътили учун ҳақ тўлашда якшанба ва байрам кунлари инобатга олинмайди дейилган. Лекин бу Меҳнат кодекси талабларига зид, деб ҳисоблаймиз.

Ходимга календарь кунлик меҳнат таътили берилганда, таътил пулларини ҳисоблашда таътил кунлари ичидаги якшанба кунларига ҳам таътил пули тўланиши лозим деб ҳисоблаймиз. МКнинг 216-моддаси 1-қисмига кўра, ҳар йилги меҳнат таътили дам олиш ва ишлаш қобилиятини тиклаш учун иш ўрни (лавозими) ҳамда ўртача иш ҳақи сақлаб қолинган ҳолда ходим ишдан озод этиладиган, ходимга ҳар йили иш йили давомида бериладиган вақт давридир.

МК 233-модда 1-қисмига кўра, ҳар йилги меҳнат таътилида бўлган вақти учун ходимга ушбу Кодекснинг 257-моддасига мувофиқ ҳисоблаб чиқариладиган ўртача иш ҳақининг сақланиши кафолатланади.

Бу масала бўйича Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлигининг хатида ҳам якшанба кунина ҳақ тўлаш тавсия қилиниши белгиланган эди.

Савол: менга раҳбарим ваколатимга кирмайдиган ёки белгиланган вазифамдан ташқари иш буюрди. Бу вазиятда ходим қандай ҳуқуқий ҳимояларни олади?

МК 22-моддасида ходимнинг мажбуриятлари келтириб ўтилган. Унга кўра ходим меҳнат шартномаси билан ўз зиммасига юклатилган меҳнат мажбуриятларини виждонан бажариши кўрсатилган. Ходимнинг зиммасида меҳнат тўғрисидаги қонунчиликка, меҳнат тўғрисидаги бошқа ҳуқуқий ҳужжатларга ва меҳнат шартномасига мувофиқ бошқа мажбуриятлар ҳам бўлиши мумкин.

Иш берувчи ходимдан унинг меҳнат мажбуриятлари доирасига кирадиган ишларнигина талаб қилишга ҳақли.  Агар иш берувчи Сиздан меҳнат мажбуриятларингизга кирмайдиган ишни буюрган бўлса, рад қилишга ҳақлисиз. Бу меҳнат интизомини бузиш ҳисобланмайди. Чунки, МК 301-моддаси 2-қисмига кўра, интизомий қилмиш деганда ходим томонидан ўз меҳнат мажбуриятларини айбли тарзда, ғайриқонуний равишда бажармаганлиги ёки лозим даражада бажармаганлиги (меҳнат (лавозим) мажбуриятларининг бузилиши) тушунилади.

Aгар меҳнат ҳуқуқларингиз бузилса, ҳудудингиздаги меҳнат инспекциясига, прокуратура ёки адлия органларига мурожаат қилинг. Ёки қуйидаги ишонч рақамларига телефон қилинг: 1000 ёки +99871 210 00 00 (Президент виртуал қабулхонаси), +99871 200 06 00 (Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги ) 1007 (Бош прокуратура) , 1008 (Aдлия вазирлиги).

Савол: Амалдаги Меҳнат кодексига асосан иш ҳақи қачон кечиктирилган ҳисобланади? Мен 15 июндан меҳнат таътилига чиққан эдим. Лекин халигача менга таътил пули тўлаб берилмади...

МК 233-моддасига кўра, ҳар йилги меҳнат таътилида бўлган вақти учун ходимга ушбу Кодекснинг 257-моддасига мувофиқ ҳисоблаб чиқариладиган ўртача иш ҳақининг сақланиши кафолатланади.

Ҳар йилги меҳнат таътили вақти учун ҳақ тўлаш жамоа шартномасида, ички ҳужжатларда ёхуд меҳнат шартномасида белгиланган муддатларда, бироқ таътил бошлангунига қадар охирги иш кунидан кечиктирмай амалга оширилади.

Демак, Сиз 15-июндан таътилга чиқиб кеттган бўлсангиз, таътил пули 14-июндан кечикмасдан ташлаб берилиши керак эди. Aкс ҳолда, МЖТК 49-моддасига кўра, мансабдор шахсга меҳнат ва меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонунчиликни бузганлиги учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 5 бараваридан 10 бараваригача (3 миллион 300 минг сўмгача) миқдорда жарима солиниши мумкин.

МК 333-моддасига кўра, иш берувчи иш ҳақини, таътил тўловларини, меҳнат шартномаси бекор қилингандаги тўловларни ва (ёки) ходимга тўланиши лозим бўлган бошқа тўловларни тўлаш муддатини бузган тақдирда, уларни тўлов муддатидан кейинги кундан еътиборан то ҳақиқатда ҳисоб-китоб қилинган кунни ўз ичига олган муддатгача ҳар бир кечиктирилган кун учун Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг ўша вақтда амалда бўлган қайта молиялаштириш ставкасидан келиб чиққан ҳолда фоизлар (пулли компенсация) билан бирга тўлаши шарт.

Саволларга экспертимиз Муҳаммадамин Каримжонов
жавоб берган.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг