Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Қудуқ бурғилаш учун рухсатнома олишнинг амалдаги тартиби бекор қилинади – лойиҳа

Қудуқ бурғилаш учун рухсатнома олишнинг амалдаги тартиби бекор қилинади – лойиҳа

2023 йил 1 апрелдан бошлаб  ҳар бир қудуқни бурғилаш учун рухсатнома олишнинг амалдаги тартиби бекор қилиниб, ўрнига ер ости сувларига қудуқлар бурғилаш фаолиятига рухсатнома бериш жорий этилади.  

Бу борада Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси Ҳукуматнинг тегишли қарори лойиҳасини тайёрлаган.

Қайд этилишича, қарор лойиҳасидан ер ости сувларига ўзбошимчалик билан қудуқларни ноқонуний бурғилашга чек қўйиш, бурғилаш ускуналарининг онлайн мониторингини йўлга қўйиш, олинаётган сув ҳисобини жойида сув ҳисоблаш воситалари ёрдамида юритиш механизмини яратиш кўзда тутилмоқда.

Ҳужжат лойиҳасида белгиланишича, 2023 йил 1 апрелдан бошлаб:

  • ер ости сувларига қудуқлар бурғилаш фаолиятига рухсатнома фақат юридик шахсларга ва якка тартибдаги тадбиркорларга берилади;
  • республика ҳудудига олиб кирилган ёки ички бозорда сотиб олинган ер ости сувларига қудуқлар бурғилаш ускуналари фақат юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорлар бўйича давлат рўйхатига олинади;
  • давлат рўйхатига олинган ер ости сувларига қудуқлар бурғилаш ускуналари бўйича бир ой муддатда ер ости сувларига қудуқлар бурғилаш фаолиятига рухсатнома олиш (қайта расмийлаштириш) шартлари белгиланади.

Рухсатномага эга бўлмаган шахслар томонидан сувга қудуқлар бурғилаш тақиқланади. Шунингдек, техник талабларга жавоб бермайдиган қўлбола бурғилаш ускуналари ва жисмоний шахслар томонидан қудуқлар бурғиланишига йўл қўйилмайди.

Қўмита маълумотларига кўра, ҳозирда, 300 дан ортиқ бурғилаш ташкилотлари мавжуд бўлиб, ноқонуний бурғилаш ҳолатлари кўпайган. Республиканинг 21 та ҳудудларида ер ости сув сатҳи меъёрдан пасайиб, уларнинг ресурслари камайиб кетган. Айрим ҳудудларда сув сатҳининг 20 метргача пасайиб кетиш ҳолатлари кузатилмоқда.

Амалда олинаётган ер ости суви жами миқдори суткасига 18,6 млн.куб метр, яъни йилига 6,8 млрд.куб метр бўлиб, янги тартибга кўра, сув ҳисоблаш воситасидан фойдаланиш ҳисобига ҳар йили 30 фоизга сув иқтисод қилиниши, яъни жами 2,0 млрд.куб метр сув тежалиши кутилмоқда.

Ҳужжат лойиҳаси билан назарда тутилаётган усулларни қўллаш фақат ер ости сувларига қудуқларни ноқонуний бурғилаш ҳамда ер ости сувларидан ҳисобсиз фойдаланишга чек қўйиш, пировард натижада ер ости сув ресурсларини муҳофаза қилиш ва улардан оқилона фойдаланишни янада яхшилашга қаратилган бўлиб, ҳар икки усуллар қўлланилиши натижасида иқтисодий нуқтаи назардан ҳам кўп миқдорда фойда олиниши кутилмоқда.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг