Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Қўшимча дам олиш кунлари меҳнат таътилига қўшиладими?

Қўшимча дам олиш кунлари меҳнат таътилига қўшиладими?

Айни кунларда Қурбон Ҳайити муносабати билан барча ходимларнинг кетма-кет 5 кун дам олиши ҳақида хабарлар тарқалмоқда. Хўш, шундай бўлса, таътиллар муддати қандай ҳисобланади? Қўшимча дам олиш кунлари таътилга қўшиладими?

Меҳнат кодексининг 221-моддаcига кўра, ходимларнинг ҳар йилги асосий ва қўшимча меҳнат таътилларининг давомийлиги календар кунларда ҳисоблаб чиқарилади.

Ҳар йилги меҳнат таътили даврига тўғри келадиган ишланмайдиган байрам кунлари меҳнат таътилларининг давомийлигини белгилашда ҳисобга олинмайди.

МК 208-моддасига кўра, 9 та ишланмайдиган байрам кунлари белгиланган.

Демак, Қурбон ҳайит (Ийд ал-Адҳа) диний байрамининг биринчи куни меҳнат таътилларининг давомийлигини белгилашда ҳисобга олинмайди.

Якшанба  ва  қўшимча дам олиш кунлари эса меҳнат таътилларининг давомийлигини белгилашда ҳисобга олинади.

Мисол, 19 июнь - душанбадан 21 календарь кунга таътилга чиққан ходим 11 июль сешанба ишга чиқади, чунки Қурбон ҳайит (Ийд ал-Адҳа) диний байрамининг биринчи куни таътил кунларига тўғри келганлиги учун бу кунни меҳнат таътилларининг давомийлигини белгилашда ҳисобга олинмайди, шунинг ҳисобига ходимни таътили 21 эмас 22 календарь кун давом этади.

Савол: касб-ҳунар мактабида қоровул жорий йил ҳисобида 10 июнь санасидан меҳнат таътилига чиқди. Бир корхонада 9 йиллик иш стажи бўлган қоровулга меҳнат таътили кунлари қандай ҳисобланади?

Меҳнат кодексининг 217-моддасига кўра, ҳар йилги асосий энг кам меҳнат таътилининг давомийлиги 21 календарь кунни ташкил этади.

Бундан ташқари, МК 220-моддасига кўра, ходимга у битта ташкилотда ёки тармоқда ишлаган ҳар беш йил учун давомийлиги 2 календарь кун бўлган, бироқ жами 8 календарь кундан кўп бўлмаган ҳар йилги қўшимча меҳнат таътили берилади.

Демак, Сизнинг ҳолатда қоровулга тахминан 23 кун таътил берилади: 21 кун (ҳар йилги асосий энг кам меҳнат таътили) + 2 кун (ташкилотдаги 9 йил стажи учун, агар стажи тўлиқ 10 йил бўлганда эди 4 кун берилар эди )

Нега тахминан 23 кун дедик, чунки МК 219-моддасига кўра ходимга қонунчиликда, жамоа келишувларида, шунингдек жамоа шартномасида, ички ҳужжатларда, меҳнат шартномасида назарда тутилган бошқа ҳолларда ҳар йилги қўшимча таътиллар берилиш мумкин.

Шунингдек, агар қоровулда I ёки II гуруҳ ногиронлиги бўлса, МК 218, 429-моддаларига кўра 30 календарь кун ҳар йилги асосий узайтирилган таътил берилади.

Савол: аввалги йилларда фойдаланилмаган таътиллар қанлай қилиб пулли компенсацияга алмаштирилади? Агар иш берувчи барча таътиллардан фойланганини айтса, буни исботлаш учун қандай ҳисоблаб чиқилади?

Меҳнат кодексининг 234-моддасига кўра, меҳнат шартномаси бекор қилинганда ходимга барча фойдаланилмаган ҳар йилги асосий ва қўшимча меҳнат таътиллари учун пулли компенсация тўланади.

МК 233-моддасига кўра, ҳар йилги меҳнат таътилида бўлган вақти учун ходимга ушбу Кодекснинг 257-моддасига мувофиқ ҳисоблаб чиқариладиган ўртача иш ҳақининг сақланиши кафолатланади.

Фойдаланилган ва фойдаланилмаган таътиллар тўғрисидаги маълумотлар ходимнинг Т-2 шаклидаги шахсий варақасида (Йўриқномага 4-илова) юритилади.

Саволларингизни @xabargayoz_bot га жўнатишингиз мумкин.

Саволларга экспертимиз Муҳаммадамин Каримжонов

жавоб берган

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг