Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Президент Мирзиёев глобал иқтисодий тараққиётга тўсиқ бўлаётган вазиятлардан хавотир билдирди

Президент Мирзиёев глобал иқтисодий тараққиётга тўсиқ бўлаётган вазиятлардан хавотир билдирди

Айни пайтда Президент Шавкат Мирзиёев Самарқанд шаҳрида ўтаётган Осиё инфратузилмавий инвестициялар банки Бошқарувчилари кенгашининг тўққизинчи йиллик йиғилишида нутқ сўзламоқда.

Давлат раҳбари Осиё инфратузилмавий инвестициялар банки Бошқарувчилар кенгашининг йиллик йиғилиши минтақамизда илк бор ўтказилаётганини таъкидлади.

Сўнгги йилларда Янги Ўзбекистон муҳим глобал ва минтақавий масалаларни муҳокама қилиш, уларга самарали ечимлар топиш учун халқаро мулоқот майдонига айланиб бораётгани қайд этилди.

«Ҳеч кимга сир эмас, дунёдаги таҳликали вазият кундалик ҳаётимизнинг ажралмас қисмига айланиб улгурди. Ҳозирда жаҳондаги мураккаб геосиёсий вазият, глобал иқтисодиётдаги беқарорлик, озиқ-овқат ва энергия ресурслари танқислиги, камбағаллик, экология муаммолари тобора ўткир тус олиб бормоқда.

Масалан, ўртача глобал ҳарорат 2040 йилга қадар 1,5 даражага ортиши прогноз қилинган эди. Лекин ҳозирги вазиятда бу ҳолат 2030 йилдаёқ юз бериши мумкинлиги бизни жиддий хавотирга соляпти.

Дунё аҳолисининг тўртдан бир қисми тоза ичимлик суви муаммосига дуч келмоқда. Иқлим ўзгариши суръатлари тезлашиши оқибатида озиқ-овқат танқислиги глобал хавфга айланди. Натижада дунёда 800 миллионга яқин аҳоли ўта оғир камбағаллик шароитида яшаяпти.

Турли минтақаларда авж олаётган зиддиятлар боис анъанавий логистика йўналишлари мутлақо ўзгаряпти. Маҳсулот етказиш занжиридаги узилишлар хомашё ва истеъмол товарларининг қимматлашишига сабаб бўляпти», – деди Президент.

Давлат раҳбари буларнинг барчаси мавжуд инфратузилмага бўлган юкламани кескин ошириши ва глобал иқтисодий тараққиётга катта тўсиқ бўлишини қайд этди.

Экспертлар фикрига кўра, 2030 йилгача дунёда янги инфратузилма учун 15 триллион доллар инвестиция талаб қилинади. Шунингдек, хорижий инвестициялар оқими сўнгги икки йилдан буён 10 фоиздан камаймоқда, дунёда молиявий ресурслар қарийб 2 баробар қимматлашди.

Бу муаммолар барча мамлакатларнинг барқарор ривожланиш мақсадларига эришишини қийинлаштираётгани кўрсатиб ўтилди. Бундай шароитда глобал хавф-хатарлар оқибатларини юмшатиш, барқарор ўсиш, аҳоли турмуш шароитини яхшилашда халқаро молия ташкилотларининг роли янада ошиб бормоқда.

«Бу борада Осиё инфратузилмавий инвестициялар банки қисқа давр ичида 55 миллиард долларлик лойиҳалар портфели билан нафақат минтақа, балки жаҳон миқёсидаги энг нуфузли молия ташкилотларидан бирига айланганини алоҳида эътироф этиш лозим,» – деди Президент.

Маълумот учун, ОБИИнинг йиллик йиғилишида ҳам дунёнинг 100 дан ортиқ мамлакатларидан 2 мингга яқин вакил қатнашмоқда.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг