Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Мирзиёев Ҳисорак ГЭСини кўздан кечирди: тафсилотлар

Мирзиёев Ҳисорак ГЭСини кўздан кечирди: тафсилотлар

Фото: Президент матбуот хизмати.

Президент Шавкат Мирзиёев Шаҳрисабз туманидаги “Ҳисорак” сув омбори яқинида барпо этилган Ҳисорак кичик гидро электр станциясини кўздан кечирди.

Ҳисорак сув омбори 1987 йилда қурилган бўлиб, 2004 йилда капитал реконструкция қилинган. Ҳудудда 2011 йилда ишга туширилган қуввати 45 МВт бўлган асосий Ҳисорак ГЭС ҳам мавжуд бўлиб, йилига 80 миллион киловатт соат электр энергияси ишлаб чиқаради. Бу эса ўртача ҳисобда 33 минг хонадоннинг йиллик электр энергияси эҳтиёжини қоплайди.

Мамлакатимизда экологик тоза, арзон ва қайта тикланувчи энергия манбаларини кўпайтириш ҳамда мавжуд қувватларни оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. “Ўзбекгидроэнерго” акциядорлик жамияти томонидан кичик ва микро ГЭСлар барпо этилиб, фойдаланишга топширилмоқда.

Шаҳрисабз туманида энергетик қуввати 3,5 МВтга тенг, йилига ўртача 17,5 миллион киловатт соат электр энергияси ишлаб чиқарувчи Ҳисорак кичик ГЭСи шулар жумласидан. Унинг қурилиши тўлиқ маҳаллийлаштириш доирасида амалга оширилди. Лойиҳанинг қиймати 1,5 миллион долларни ташкил этади. ГЭС фаолияти натижасида йилига ўртача 5 миллион метр куб табиий газ тежалади. Бу ерда ишлаб чиқариладиган электр энергия 7 минг 300 та хонадонга етади.

Давлатимиз раҳбарига дарё сувидан энергия олиш бўйича келгуси режалар ҳақида ахборот берилди.

Энг муҳим лойиҳалардан бири — келгуси икки йил ичида умумий қуввати 12 МВт бўлган 416 та кинетик турбинали микро ГЭС қуриш режасидир. Бу микро ГЭСлар ариқ ва каналлардаги сув оқимидан самарали энергия ишлаб чиқариш имконини беради.

Ҳозирда вилоятда умумий қуввати 49 МВт бўлган 3 та ГЭС фаолият юритмоқда. Истиқболдаги лойиҳалар туфайли бу кўрсаткич сезиларли даражада ошиши кутилмоқда. Гидроэнергетика орқали вилоятда аҳоли электр энергияси истеъмолининг 15 фоизини қоплаш мақсад қилинган.

Мамлакатимизда сўнгги саккиз йил ичида электр энергияси ишлаб чиқариш 38 фоизга ошиб, 81,5 миллиард кВт/соатга етди. Жорий йилда республика бўйлаб умумий қуввати 24,7 МВт бўлган 5 та янги кичик ГЭС фойдаланишга топширилиши режалаштирилган.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг