Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Ўзбекистонда коррупцияга қарши курашишдаги 7 та муаммо санаб берилди

Ўзбекистонда коррупцияга қарши курашишдаги 7 та муаммо санаб берилди

Коррупцияга қарши курашиш агентлиги Ўзбекистоннинг коррупцияга қарши курашиш бўйича 2030 йилгача мўлжалланган Миллий стратегияси лойиҳасини ишлаб чиқди.

Унда бугунги кунгача коррупцияга қарши курашиш борасида эришилган ютуқлар билан биргаликда соҳадаги мавжуд муаммолар ҳам санаб ўтилади.

Унга кўра, жумладан:

  • мамлакатда норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг коррупцияга қарши экспертизасини таъминлаш, қонунчилик ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш соҳасида коррупцияга қарши курашиш бўйича халқаро стандартларни жорий этишнинг ҳуқуқий ва ташкилий механизмлари аниқ белгиланмаган. Давлат органлари, соҳалар ва ҳудудлар кесимида коррупция даражасини баҳолаш ва коррупцияга қарши кураш чора-тадбирларини мониторинг қилиш тизими яратилмаган.
  • давлат бошқаруви соҳасида коррупция хавфининг олдини олишга, давлат органлари фаолиятининг очиқлигини таъминлашга ва коррупцияга қарши ички назорат самарадорлигини оширишга қаратилган давлат хизмати тўғрисидаги қонун нормаларини таъминлашнинг аниқ механизмлари ва чора-тадбирлари ишлаб чиқилмаган.
    Давлат органлари мансабдор шахсларнинг масъулиятини ошириш, манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш, хорижда ҳисоб рақамлар очишни тақиқлашнинг ҳуқуқий асослари яратилмаган.
  • бюджет ташкилотларида назоратни масофавий тарзда рақамли технологиялардан фойдаланган ҳолда амалга ошириш, шу жумладан пул маблағлари ва моддий бойликларни талон-торож қилиш, камомадларга йўл қўйиш, харажатлар сметаси ва штатлар жадвалларини тузиш, тасдиқлаш ҳамда ижро этиш тартибини бузиш ҳолатларини чуқур таҳлил қилиш ва уларни содир этишнинг шарт-шароитларини бартараф қилиш бўйича аниқ чора-тадбирлар ишлаб чиқилмаган.
  • рақобат усулларини четлаб ўтган ҳолда тўғридан-тўғри давлат харидларини амалга ошириш, шартномаларни ғазначилик органларидан рўйхатдан ўтказмаслик, манфаатлар тўқнашувига йўл қўйиш ҳамда аффилланганлик ҳолатлари давлат харидлари соҳасида қонунбузилиши ҳолатларининг кўпайишига сабаб бўлмоқда.
    Давлат харидлари тўғрисидаги қонунчиликни бузилганлиги бўйича 2021 йилда 147 та, 2022 йилда 662 та ва 2023 йил 6 ойида 729 та маъмурий ҳуқуқбузарликлар (МЖтКнинг 1758-м) содир этилган.
  • аҳоли ва давлат хизматчиларининг коррупцияга қарши курашиш бўйича ҳуқуқий билимини ошириш, жамиятда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш бўйича тизимли ёндашув мавжуд эмас.
  • Давлат органлари ва фуқаролик жамияти институтлари, илмий доиралар ўртасида самарали ҳамкорлик механизмлари ишлаб чиқилмаган, шунингдек, коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги тадқиқотлар даражаси ва сифатини ошириш, тадқиқот натижалари амалиётга татбиқ этиш юзасидан аниқ мақсадли чора-тадбирлар ишлаб чиқилмаган.
    Коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг тегишли даражада бажарилиши устидан парламент ва жамоатчилик назорати етарли даражада ташкил этилмаган.
  • тадбиркорлик соҳасида коррупция хавфининг олдини олиш жараёнларини кучайтириш, коррупцияга қарши курашишнинг ҳуқуқий механизмлари тўғрисида хабардорликни ошириш, коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш бўйича давлат органлари ва бизнес сектори ўртасида самарали ҳамкорликни таъминлашнинг самарали механизмлари ишлаб чиқилмаган.
  • ахборот технологиялариждан коррупцияга қарши курашишда самарали восита сифатида қўллаш ва улардан фойдаланишда тизимли ва комплекс ёндашувни таъминлаш ишлари етарли даражада ташкил этилмаган.

Агентлик ишлаб чиққан ҳужжат лойиҳасига кўра, Ўзбекистон Республикасининг коррупцияга қарши курашиш бўйича миллий стратегиясини амалга ошириш юқоридаги муаммоларни ҳал қилишда алоҳида аҳамият касб этади.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг