Ўзбекистонда икки ярим ой ичида 210,4 млрд сўмлик табиий газ ўғирланган

2024 йил 1 декабрдан жорий йил 15 февралгача табиий газдан ноқонуний фойдаланишга оид 167 та ҳолат аниқланган. Бу орқали 82 млн 158,9 минг куб метр табиий газдан асоссиз фойдаланилиб, давлат манфаатларига 210 млрд 428,2 млн сўмлик зарар етказилган.
Бу ҳақда «Ўзэнергоинспекция» корхонаси матбуот хизмати маълум қилди.
Шунингдек, «Ҳудудгазтаъминот» компанияси ходимлари томонидан мазкур даврда 6 472 та ноқонуний фойдаланиш ҳолати аниқланган. Ушбу ҳолатлар бўйича 50 млн 890 минг куб метр табиий газ учун 117 млрд 300 млн сўм миқдорида қайта ҳисоб-китоб қилинган.
Қолаверса, шу вақт оралиғида 4 942 дона маиший газ баллонида 77,8 тонна (36 минг куб метрга тенг) ҳажмдаги суюлтирилган газнинг ноқонуний сотилиши олди олинган.
Ҳисоб-китобларга кўра, ушбу даврда ноқонуний фойдаланилган табиий газ ҳажми 133 млн 84,9 минг куб метр бўлиб, бу миқдордаги табиий газ 266 минг 170 та хонадоннинг қишки даврдаги бир ойлик меъёрий базасига тенгдир. Қолаверса, агар ушбу газ ресурсларидан оқилона фойдаланилганида, метан заправкалар 10 кун давомида узлуксиз ишлаш имкониятига эга бўларди.
Ҳозирда аниқланган барча ҳолат бўйича тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилиб, назорат органларига юборилган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter