Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Ўзбек «Пуанкаре»си Испания ТВсида кўрсатилади

Ўзбек «Пуанкаре»си Испания ТВсида кўрсатилади

Суратда: «Пуанкаре» бадиий фильмидан лавҳалар. Сценарий муаллифи: Абдуқаюм Йўлдошев, режиссёр: Музаффар Эркинов.

Испания қироллигининг Барселона шаҳрида XI Осиё фильмлари Барселона кинофестивали бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси тизимидаги «Ўзбектелефильм» давлат муассасаси томонидан суратга олинган «Пуанкаре» ва «Айдинлар» бадиий фильмлари иштирок этди.

Эътиборлиси, Марказий Осиё давлатларидан фақат «Пуанкаре» Осиё давлатлари томонидан юборилган 100 дан ортиқ бадиий фильм орасидан саралаб олинган. У кино ишлаб чиқариш борасида Осиё минтақасида юқори нуфузга эга Япония, Австралия, Хитой, Корея, Ҳиндистон ва Эрон каби давлатларда суратга олинган ва асосий кўрикнинг «расмий бўлими»га кирган фильмлар орасидан жой эгаллади. Асосий кўрикнинг «махсус бўлими»да эса Марказий Осиё давлатларида ишлаб чиқарилган «Айдинлар» (Ўзбекистон) ҳамда «Ака-укалар» (Қозоғистон) фильмлари қатнашди.

Тожикистон, Қирғизистон, Қозоғистон ва Ўзбекистондан юборилган бошқа фильмлар фестивалнинг кўрикдан ташқари «Panorama» ҳамда «Seccio Netpac» бўлимларида иштирок этди. Унда «Пуанкаре» бадиий фильми асосий мукофотлардан бири бўлмиш «RIO BRAVO AWARD»ни қўлга киритди. Ушбу мукофотни қўлга киритган фильм ижодкорларининг кейинги йилларда суратга оладиган битта бадиий фильми трейлери бутун жаҳонда тарғиб қилинади.

Яна бир эътиборли жиҳати шундаки, мазкур кинофестивалда «Пуанкаре» ҳамда «Айдинлар» фильмларининг «Европа намойиши» бўлиб ўтди. Ҳакамлар ҳайъати ва томошабинлар илиқ фикрлар билдиришди. Хусусан, «CASA ASIA» – Осиё давлатлари маданиятини дунёга тарғиб қилувчи ташкилот раҳбари, испан файласуфи, санъатшуноси ва замонавий Европа ва Осиё санъати бўйича ихтисослашган тадқиқотчи, шунингдек, «Осиё фильмлари Барсeлона кинофeстивали» директори Мeнeнe Гра Балагeр келгусида ушбу фильмларнинг бошқа кинофестиваллардаги иштирокини таъминлашга ваъда берди. Шунингдек, Испания телевидениеси таклифига кўра, «Айдинлар» ва «Пуанкаре» бадиий фильмларини Испания телеканалида бир йил давомида шанба ва якшанба кунлари намойиш этиш борасида келишиб олинди.

А.Фатҳуллаев

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг