Олампаноҳнинг туши, «тасдиғини топмаган» педофилия ва ғофил бандалар
«Оловиддиннинг сеҳрли чироғи» фильмида бир лавҳа бор. Олампаноҳ ғалати туш кўрганини айтиб, донолар доносидан таъбирини сўрайди. Жавобни эшитинг: «Ҳақиқатан, туш ўнг эмас, аммо ўнг кўрган туш бўлиши мумкин. Туш асло ўнг бўлмас, ўнг туш бўлмас. Туш билан ўнг, ўнг билан туш ҳам, ҳаммаси бир бўлиб, туш ҳам ўнг эмас... туш билан... Бари бир гўр. Ана!»
Жамоатчилик орасида «амалдор педофиллар» дейилаётган икки мансабдорнинг қилмиши билан боғлиқ суд ҳукми ва унга алоқадор матбуот анжумани ҳам юқоридаги эртак-фильм воқеасига ўхшаш бўлди.
Суд ҳукми тафсилотини келтириб ўтамиз.
«Тошкент шаҳар суди жиноят ишлари бўйича аппеляция инстанциясининг 2023 йил 3 ноябрдаги ҳукми билан жиноят ишлари бўйича Хива туман судининг 2022 йил 6 сентябрдаги ҳукмининг А.М. ва А.Қ.га оид қисми бекор қилиниб, судланувчилар А.М ва А.Қ. Жиноят кодексининг олдинги таҳриридаги 128-моддаси (ўн олти ёшга тўлмаган шахс билан жинсий алоқа қилиш) 1-қисми ва 128-1-моддаси (ўн олти ёшдан ўн саккиз ёшгача бўлган шахсга моддий қимматликлар бериш ёхуд уни мулкий манфаатдор этиш орқали у билан жинсий алоқа қилиш)да назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилди ва Жиноят кодексининг 59-моддаси (бир неча жиноят содир этганлик учун жазо тайинлаш) тартибида уларнинг ҳар бирига узил-кесил 3 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди», дейилади унда.
Бу хабар ижитимоий фаоллар ўртасида турли муҳокамаларга сабаб бўлди. Ижтимоий тармоққа ёзган ҳам ёзди, ёзмаган ҳам!
Тошкент шаҳри Миробод туманида 18 ёшли қизга тегажоғлик қилган 26 ёшли йигитнинг суд томонидан 10 йилга озодликдан маҳрум этилганини эсга олинди. Ҳа, савол туғилиши табиий, албатта! Тўғри, бу ҳам жиноят, аммо мансабдорлар ва оддий йигит ўртасида тафовут бўлганидек, 10 йил билан 3 йил ўртасида ҳам яхшигина фарқ бўлса керак?.. Ҳар қандай қонун ёки кодексни титкилаб кўрманг, бу ерда оддий мантиқ барибир устунлик қилади.
Хуллас, ҳукмда қайд этилганидек, икки мансабдор... жинсий алоқа қилишда назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбдор, деб топилган.
Аммо энг ажабтовур ҳолат кейин, матбуот анжуманида бўлди. Унда айтилдики, «судда ҳар икки мансабдорнинг ҳаракатларида зўрлик, қўрқитиш, жабрланувчининг ожизлигидан фойдаланиш ва шу орқали улар билан жинсий алоқа қилиш ҳолатлари ўз тасдиғини топмаган».
Ажабо, бу икки мансабдор айбдорми ёки айбдор эмасми? Агар суд ҳукмида айтилганидек, «айбли» бўлса, нега ўн йилга қамалмади? Агар, матбуот анжуманида таъкидланганидек, айби бўлмаса, нима учун суд залидан қамалди, уч йилдан «кесилди»?
Бу ҳали ҳаммаси эмас. Меҳрибонлик уйининг «қўшмачи» раҳбари ёдингиздами? Бу опахон беш йилдан кўп муддатга озодликдан маҳрум этилган эди. Демак, матбуот анжуманида айтилганидек, ҳар икки мансабдорнинг «жинсий алоқа қилиш ҳолатлари ўз тасдиғини топмаган» бўлса, бу опахон ҳам жиноят қилмаган, навниҳол қизларни уларга қўшқўллаб тутқазмаган бўлиб чиқар экан-да! Энди мазкур иш ҳам кўриб чиқиладими? Ёки ёпиқлик қозон ёпиқлигича қолаверадими?.. Умуман айтганда, эҳтимол, бу иш аллақачон кўриб ҳам чиқилгандир, опахон уйида чой ичиб ўтиргандир? Биз, ғофил бандалар эса бехабар қолгандирмиз? Ахир, деворлар ортида нималар бўлмайди!
Саволлар, саволллар...
Жавоби эса ўша-ўша: туш ўнг бўлмас, ўнг туш бўлмас!
Анвар Намозов
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter