Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Нукус воқеалари бўйича судланган шахсларга ўқилган ҳукмлар (тўлиқ рўйхат)

Нукус воқеалари бўйича судланган шахсларга ўқилган ҳукмлар (тўлиқ рўйхат)

Бугун, 2023 йил 31 январь куни, Бухоро вилоят суди биносида 2022 йил 1-2 июль кунлари Нукус шаҳридаги оммавий  тартибсизликларни содир этганликда айбланаётган 22 нафар судланувчига оид жиноят ишини кўриб чиқиш бўйича суд жараёни тугаб, суд ҳукми эълон қилинди.

Ушбу жиноят иши Қорақалпоғистон Республикаси судининг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати судьяси Елубай Абибуллаев раислигида биринчи инстанция судида кўриб чиқилди.

Эълон қилинган суд ҳукмига кўра, Саламат Калилаевга 3 йил синов муддати билан шартли, Бердах Генжебаевга эса 5 йил озодликни чеклаш жазоси қўлланилди.

Шунингдек:

  • Нурлан Султамуратов – 3 йил;
  • Полат Нурниязов – 4 йил;
  • Қаҳарман Сейтимов – 5 йил;
  • Саиыпназар Калимов билан Арыслан Темирханов – хар бири 6 йилдан;
  • Полат Шамшетов – 6 йил;
  • Амирбек Адилбеков – 7 йил;
  • Бахтияр Кадирбергенов – 7 йил;
  • Сейдабулла Медетов билан Нурлан Найыпов – хар бири 7 йилдан;
  • Разбек Бекмуратов – 8 йил;
  • Султанбек Каипов – 8 йил;
  • Даўлетмурат Джиемуратов – 8 йил;
  • Байрам Сейтниязов – 8 йил;
  • Аллабай Тоқимбетов8 йил 6 ой озодликдан маҳрум қилиш жазоларига судландилар.

Озодликдан махрум қилиш жазосига судланганларга нисбатан тайинланган жазо муддатларини улар қамоққа олинган кундан бошлаб ҳисобланиши белгиланиб, жазони умумий тартибли колонияларда ўташ белгиланди.

Бундан ташқари:

  • Азамат Нуратдинов – дастлабки қамоқда ўтириган 6 ой 13 куни чегирилиб, ўташ учун 4 йил 5 ой 17 кун;
  • Ахмет Сметуллаев – дастлабки қамоқда ўтириган 6 ой 22 куни чегирилиб, ўташ учун 4 йил 5 ой 8 кун;
  • Азамат Турданов – дастлабки қамоқда ўтириган 6 ой 25 куни чегирилиб, ўташ учун 4 йил 5 ой 5 кун озодликни чеклаш жазосига судландилар.

Озодликни чеклаш жазосига судланган А. Нуратдинов, А. Сметуллаев ва А. Турданов суд залида қамоқдан озод қилинди.

Лолагул Каллиханова – 3 йил синов муддати билан шартли деб белгиланиб, суд залида қамоқдан озод қилинди.

Даулетмурат Тажимуратов ЖКнинг 159-моддаси 4-қисми, 167-моддаси (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) 3-қисми «а» банди, 243-моддаси (жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш), 244-моддаси 3-қисми ва 244-1-моддаси 3-қисми «а», «б», «г» бандларида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилиб, ЖКнинг 59-моддаси тартибида 16 йил озодликдан маҳрум қилиш жазосига судланиб, жазонинг дастлабки 2 йилини турмада, қолган қисмини қаттиқ тартибли колонияда ўташ белгиланди.

Шунингдек, судланганлар Д. Тажимуратов, Л. Каллыханова, А. Турданов, А. Сметуллаев ва Д. Джиемуратовнинг айбидан ЖКнинг 28,104-моддаси 3-қисми «а» банди, судланганлар Р. Бекмуратов билан С. Каиповнинг айбидан ЖКнинг 104-моддаси 3-қисми «а» банди (ушбу харакатлар ЖКнинг 244-моддаси 3-қисми билан қамраб олинганлиги сабабли), судланган А. Нуратдиновнинг айбидан ЖКнинг 244-1-моддаси 3-қисми «г» банди (қўйилган айблов ўз тасдиғини топмаганлиги сабабли) чиқарилди.

Бундан ташқари, содир этилган жиноятлар оқибатида етказилган 6,8 миллиард сўмдан ортиқ зарарнинг 256 миллион сўми қопланганлиги инобатга олиниб, қопланмаган 6,5 миллиард  сўмдан зиёд миқдордаги моддий зарарларни судланганлардан солидар тартибда ундириш, ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилинган 228 миллион сўм зарарни судланган Д. Тажимуратовдан ундириш, судланганларга тегишли бўлиб жиноят иши доирасида хатловга олинган мол-мулкларни келтирилган зарарни қоплашга қаратиш белгиланди.

Мазкур ҳукмдан норози тарафларга Қорақалпоғистон Республикаси суди орқали Олий суднинг Жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати апелляция инстанциясига процессуал қонунчиликда белгиланган тартиб ва муддатларда шикоятлар бериш ҳуқуқи тушунтирилди.

Шунингдек, жиноят ишини тергов қилиш давомида йўл қўйилган айрим хато-камчиликларга нисбатан хусусий ажрим чиқарилди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг