Наманганда Қуръоннинг нодир нусхасини ўғирлаганларга суд ҳукми ўқилди
Ўтган йилнинг ёзида Наманган вилояти Чортоқ туманидаги «Султон Увайс Қараний» зиёратгоҳидаги музейдан Қуръони Каримнинг нодир нусхаси ўғирлаб кетилгани ва бир муддат ўтиб гумондорлар қўлга олингани ҳақида хабар берилган эди.
Нодир қўлёзмани ўғирлаб кетган мазкур шахсларнинг айблари исботланиб, улар жавобгарликка тортилди.
Мазкур ҳолат жиноят ишлари бўйича Чортоқ туман судида кўриб чиқилди. Суд Э.Абдусатторов ва Р.Шоисаевни Жиноят кодексининг 169-моддаси 3-қисми «в» банди билан айбдор деб топиб, уларни озодликдан маҳрум қилиш жазосига маҳкум этди.
Ўзбекистон туризм ва маданий меърос агентлигининг 2022 йил 22 декабрдаги санъатшунослик экспертизаси хулосасида, мазкур нодир «Қуръони карим» китобининг мамлакат ички бозоридаги баҳоси 92 млн сўм деб белгиланган.
Суд терговида маълум бщлишича, 2022 йил 10 август куни 2 марта судланган Э.Абдусатторов Наманган шаҳрида истиқомат қилган эски таниши ва жиноий шериги Р.Шоисаев билан бирга ушбу жиноятни содир этган.
У ўғрилик бўйича Шоисаевга айтганда, банкдан кредити ва дўстларидан қарзи бўлган шериги бунга рози бўлган.
Шу куни икковлон юзларига ниқоб, қўлларига ишчи қўлқоп кийиб, тунги соат 01:00ларда туманнинг «Балиқкўл» маҳалласида жойлашган зиёратгоҳ музейига келишган. Улар жиноятларини яшириш мақсадида зиёратгоҳ чироқларини асосий тармоқдан узган ва музейда сақланаётган, 1874 йилда ҳаттотлар томонидан кўчирилган нодир қўлёзмали Қуръони Карим китобини ўғирлаган. Кейин улар Наманган шаҳрига келиб, Китобни Р.Шоисаевнинг синглиси Н.Шоисаеваникига яширишган. Аммо хонадон соҳибасига китобнинг ўғирланганини айтишмаган.
Ўғрилар тез орада қўлга олинган. Негаки улар зиёратгоҳ ҳудуди ва атрофига ўрнатилган видеокузатув мосламаларига тушиб қолган. Китоб эса зиёратгоҳга қайтарилган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter