Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Меҳнат таътилида ҳам ишга чиқдим: маошим қандай ҳисобланади?

Меҳнат таътилида ҳам ишга чиқдим: маошим қандай ҳисобланади?

Савол: меҳнат таътилида ҳам ишга чиқдим. Энди маошим қандай ҳисобланади?

Сиз таътил вақтида таътилдан чақириб олиниб ишлаган бўлсангиз керак.  «Йиллик меҳнат таътили вақтида сақланиб қолинадиган ўртача иш ҳақи миқдорини аниқлаш тартиби тўғрисида»ги Йўриқноманинг 21-бандига кўра, ходим таътилдан чақириб олинса ва таътилнинг қолган қисми бошқа муддатга кўчирилса, таътилнинг кўчирилган кунларига тўғри келадиган тўланган ўртача иш ҳақи суммаси бажарилган иш ёки ишланган вақт учун ойлик иш ҳақи ҳисобига ёзилади. Таътилнинг фойдаланилмаган қисми кунларига ҳақ тўлаш учун ўртача иш ҳақи белгиланган тартибда ҳисоблаб чиқилади.

Бу қоиданинг мазмуни шуки, агар ходим меҳнат таътилидан чақиртириб олинса ва таътилнинг қолган қисми шу иш йилининг бошқа вақтига кўчирилса, таътилнинг ўша фойдаланилмаган қисми учун тўланган таътил пули ходимнинг таътилдан чақириб олингандан кейинги ишлаган вақти учун тўланадиган иш ҳақи ўрнига ўтади.

Яъни, ходим кейинги, фойдаланилмаган таътил қисмига тенг бўлган ишлайдиган вақти учун алоҳида иш ҳақи олмайди. Таътил пулининг фойдаланилмай қолган таътил кунига тўғри келадиган қисми ўша иш ҳақининг ўрнига ўтади.

Бу қоида бюджет ташкилотлари учун мажбурий қоида ҳисобланади.

Савол: масалан, ходим 30 апрель (Янги таҳрирдаги Меҳнат кодекси кучга кирган сана)га қадар меҳнат таътилини қисмларга бўлиб олди. Август ойига келиб ходим қолган меҳнат таътилини олмоқчи. Бунда меҳнат таътили кунлари қандай ҳисобланади?

Эски Меҳнат кодексининг 146-моддасига кўра, ходимнинг хоҳишига кўра унинг ёзма аризаси асосида таътилни қисмларга бўлишга йўл қўйилган. Бунда таътилнинг бир қисми ўн икки иш кунидан кам бўлмаслиги лозим эди. Сизнинг ҳолатда ходим 30 апрелгача яъни Янги Меҳнат кодекси кучга киргунга қадар таътилнинг маълум бир қисмини олиб бўлган. Энди Янги кодексда тартиб қандай? Янги Меҳнат кодекси 231-моддасига кўра, ходим ва иш берувчи ўртасидаги келишувга кўра ҳар йилги меҳнат таътили қисмларга бўлиниши мумкин. Бунда ушбу таътилнинг ҳеч бўлмаганда бир қисми ўн тўрт календарь кундан кам бўлмаслиги керак.

Демак, ходимга таътилнинг қолиб кетган 12 иш кунини 14 календарь кун ҳисобида берасиз.

МК 220-моддаси бўйича 8 календарь кунгача қўшимча меҳнат таътили ҳамда МК 401-моддаси бўйича 4 календарь кун таътилни ҳам берасиз.

Савол: ўриндошлик асосида ишлайдиган жойимдан «декрет таътили» пули олсам бўладими?

«Декрет таътили» ёки «декрет» аслида норасмий оғзаки ифода бўлиб, бунда одатда иккита давр: ҳомиладорлик ва туғиш таътиллари ҳамда бола уч ёшга тўлгунга қадар парваришлаш учун бериладиган таътиллар назарда тутилади.

Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 18 октябрдаги 297-сон қарорига илова «Ўриндошлик асосида ҳамда бир неча касбда ва лавозимда ишлаш тартиби тўғрисида»ги Низомнинг 18-19-бандларига кўра, ўриндошлар ўриндошлик асосидаги иш жойи бўйича вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик нафақаси олиш, аёллар эса, бундан ташқари, ҳомиладорлик ва туғиш нафақалари олиш ҳуқуқига эгадир. Соғлиқни сақлаш муассасаси томонидан берилган меҳнатга лаёқатсизлик варақасининг белгиланган тартибда тасдиқланган нусхаси ўриндошлик асосидаги иш жойидан нафақа олиш учун асос ҳисобланади.

«Меҳнатга лаёқатсизлик варақаларини бериш тартиби тўғрисида»ги йўриқноманинг 19-бандига кўра, соғлиқни сақлаш муассасаси томонидан берилган меҳнатга лаёқатсизлик варақасининг белгиланган тартибда тасдиқланган нусхаси ушбу Низомнинг 18-бандида назарда тутилган ўриндошлик асосидаги иш жойидан нафақа олиш учун асос ҳисобланади.

Демак, Сиз асосий иш жойингиздан ҳам, ўриндошлик асосидаги иш жойингиздан ҳам ҳомиладорлик ва туғиш нафақалари олиш ҳуқуқига эгасиз. Бу мулкчилик шаклидан қатъи назар барча ташқилотларга яъни хусусий секторга ҳам тааллуқли. Диққат, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси 49-3-моддасига кўра, вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик, ҳомиладорлик ва туғиш нафақаларини қонунчиликда белгиланган миқдорларда тўлаш бўйича мажбуриятдан бўйин товлаш, базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн бараваридан ўн беш бараваригача (4 миллион 950 минг сўмгача) миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Худди шундай ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такроран содир этилган бўлса, базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн беш бараваридан ўттиз бараваригача (9 миллион 900 минг сўмгача) миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Бола парваришлаш нафақаси эса ўриндошлик жойидан берилмайди, фақат бюджетдан ташқари бўлган асосий иш жойидан берилади. Диққат, бола парваришлаш нафақаси бюджет ташкилотларида тўланмайди.

Саволларга экспертимиз Муҳаммадамин Каримжонов
жавоб берган.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг