Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«Маълумотларни харита кўринишида тақдим этади» - Австриядаги геоинформатик ҳикояси

«Маълумотларни харита кўринишида тақдим этади» - Австриядаги геоинформатик ҳикояси

«Хориждаги ватандошлар» лойиҳаси доирасидаги интервюлар давом этади.

Навбатдаги суҳбатдошимиз Австриядаги University of Salzburg’да илмий тадқиқот олиб бораётган Худойберди Абдиваитов бўлди.

Қаҳрамонимиз Сурхондарё вилоятида туғилган.

Инглиз тилини ўрганишга қарор қилганман

1990 йил Сурхондарё вилоятининг Қумқўрғон туманида оддий ишчи оиласида туғилганман. Шу тумандаги 8-мактабда 9-синфгача, сўнгра Термиз давлат университети қошидаги 1-сон академик лицейида, аниқ фанлар йўналишида таҳсил олдим. Мактабимизда бизга француз тили ўқитилганлиги сабабли, мен академик лицейда айнан инглиз тилини ўрганишга қарор қилганим бу ҳаётимдаги энг муҳим қарорлардан бири, деб ўйлайман.

Оилада олти ўғил фарзанд бўлганлигимиз учун болалик йилларимда асосан ака-укаларим билан имкон қадар ота-онамизга уй ишларига қарашар эдик. Чунки оилада кўпинча етишмовчиликлар бўларди, мактабга бир-биримизни кийимларимизни кийиб катта бўлганмиз. Кейин кўчада бошқа болалар билан тўп тепишга ва бошқа ўйинларга ҳам вақт топар эдик. Болалигимни, айниқса, қиш кунларида чироқ кўп ўчиши сабабли уйга вазифаларни тайёрлашга улгурмаган пайтларимни, жуда ҳам дарс қилишга интилганлигим билан эслайман.

Ота-онам ўрта мактабни битирганликларига ва рўзғордаги қийинчиликларга қарамай доимо бизларга яхши ўқишимиз учун шароит яратиб беришга ҳаракат қилганлар ва бугунги кунда ҳаётда ўз ўрнимизни топиб, яхши инсон бўлишимизда уларнинг чексиз хизматлари бор.

 «Ер тузиш ва ер кадастри» йўналишини танладим

Ердан фойдаланиш соҳасига қизиқишим, асосан, болалигимда, уйимизни ёнида пахта далаларида фермернинг ерга ишлов бериш усуллари ва қандай қилиб юқори ҳосил олишини кўзим билан кўриш орқали бошланган десам ҳам бўлади. Бундан ташқари ўзим ҳам кўп йиллар болалик пайтларимда далада пахта терганман.

Қишлоқ хўжалиги ва ердан фойдаланиш соҳаларига қизишим юқорилиги сабабли, бакалавр босқичи учун «Тошкент ирригация ва қишлоқ  хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти» миллий тадқиқот университетининг «Ер тузиш ва ер кадастри» йўналишини танлаганман.

Талабалик давримда ҳам яхши ўқишга ва имконият бўлса-ю магистратурани дунёнинг нуфузли университетларидан бирида ўқишни орзу қилардим. Ота-онам ва устозларим менга ҳар доим «чет элда ўқиш осон бўлмаслигини, ўзимнинг устимда қаттиқ ишлашим кераклигини ва энг асосийси кучли билим ва тажрибага эга инсонгина ватанининг ривожига арзигулик ҳисса қўша олади» деб таъкидлаб келишган. Бу олий даргоҳнинг бакалавр даражасини имтиёзли диплом билан билан муваффақиятли тугатганимдан кейин магистратурани ҳам шу ерда ўқишни давом эттирдим.

Инглиз тилини бошқаларга қараганда яхшироқ билишим орқали мен орзуларимни амалга ошира бошладим. Магистратурани битиришим биланоқ Европа Иттифоқининг Erasmus + Халқаро кредит мобиллик лойиҳаси доирасида Хорватиянинг Загреб университети магистранти сифатида бир семестр таҳсил олдим. Кейин менда иккинчи марта хорижда, бу сафар Австриянинг Зальцбург университетида 1 семестр ўқиш имконияти пайдо бўлди. Бунинг учун «ТИҚХММИ» МТУда мени қўллаб-қувватлаган барчага миннатдорчилик билдираман. 

Австриянинг энг яхши 10 та университети қаторига киради

Ҳозир, Президентимизнинг ташаббуслари билан қайта ташкил этилган «Эл-юрт умиди» жамғармаси ёшларимизга илғор хорижий университетлар ва илмий марказларда таълим олиш учун имкониятлар эшигини очди. Шу ёшлар қаторида менга ҳам Австриянинг Зальцбург университетида «Геоинформатика» мутахассислиги бўйича илмий изланишлар олиб бориш имконияти берилди.

Зальцбург университети Австриянинг энг яхши 10 та университети қаторига ва дунёда QS халқаро рейтинг агентлиги 2024 йил учун (QS Vorld University Rankings) 681-690 ўринда қайд этилди. Бу университет 1622 йилда ташкил этилган бўлиб, жами 18 000 талаба, шундан тахминан 38 фоизи халқаро талабалардир.

Зальцбург университетининг Рақамли ва аналитик фанлар факультети (Faculty of Digital and Analytics Sciences (DAS)), Геоинформатика кафедраси - Z_GIS 1980 йилларнинг охирларида «Географик ахборот тизимлари (ГАТ)» ни ўқитиш маркази сифатида ташкил этилган.

ГАТ ҳақида қисқача: ГАТ – бу барча турдаги маълумотларни яратадиган, бошқарадиган, таҳлил қиладиган ва натижаларни, асосан, харита (жадвал, диаграмма ва ҳоказо) кўринишида тақдим этадиган тизим. ГАТ маълумотларни харитага боғлайди, жойлашув маълумотларини (нарсалар қаeрда (where things are) барча турдаги тавсифловчи маълумотлар билан бирлаштиради (у eрда нарсалар қандай (what things are like there)). Бу илм-фан ва деярли барча соҳаларда қўлланиладиган хариталаш ва таҳлил қилиш учун асос яратади. ГАТ фойдаланувчиларга нақшлар (нақшлар деганда географик объектлар ёки ҳодисаларнинг фазовий жойлашуви ёки тақсимланишини англатади), муносабатлар ва географик контекстни тушунишга ёрдам беради. ГАТнинг афзалликлари яхшиланган алоқа ва самарадорликни, шунингдек, бошқарувни яхшилаш ва қарор қабул қилишни ўз ичига олади.

Хабарингиз бор, «Эл-юрт умиди» жамғармаси стипендия танлови ғолиби бўлиш учун халқаро миқёсда эътироф этилган бир қанча академик рейтингларнинг (масалан TНE (Thе Timеs Нighеr Educаtiоn Wоrld Univеrsity Rаnkings ва шу кабилар) энг илғор 300 та (ёки танлаб олинган фан бўйича етакчи 100 та) таълим ва илмий муассасалардан бирига ўқишга қабул қилинган бўлиши керак. Бу дегани мен илмий изланиш олиб бораётган соҳа танлаб олинган фан, яъни Геоинформатика бўйича етакчи 100 таликда бўлиши керак. Маълумот учун, (The QS World University Rankings by Subject) фанлар бўйича дунёнинг энг кучли университетларини 54 та алоҳида фан йўналишлари бўйича аниқлайди. Бундан ташқари илмий раҳбарим Ўзбекистоннинг бир қанча университетлари жумладан «ТИҚХММИ» МТУ билан, халқаро таълим лойиҳаларида бирга ишлаганлиги сабабли, қолаверса, илмий ишим бўйича берган ғояларимга катта қизиқиш билдирганлиги сабабли илмий раҳбарлик қилишга розилик берган.

«Google’дан қараб кўрдингми?»

Хорижда таълим олиш давомида инсон шахсий ўсишга эришади ва дунёқараши ривожланади. Чет эл университетларида талабалар асосан мустақил кўпроқ ўқишлари, изланишлари ва ўрганишларини гувоҳи бўлиб, нима қилсак Ўзбекистонда ҳам ёшлар шунақа интилади, деган савол ҳақида кўп ўйлайман. Битта оддий мисол: 2017-2018 ўқув йилида Хорватиянинг Загреб университетида ўқиётганимда «Қишлоқ хўжалигида рискларни бошқариш» (Risk Management in Agriculture) фанидан озроқ қийналгандек бўлдим ва фан ўқитувчисидан менга консультация учун учрашув (appointment) беришини сўраб электрон почтасига хат ёздим. Шунда мени профессор офисига чақирди ва битта компьютер ёнига ўтиришимни айтди. Хўш, қанақа саволларинг бор деб сўради, мен эса саволларимни айтим, профессор шу саволларни компьютерни очиб «Google» қидирув тизимига ёзишимни айтиб, ўз компьютерида ишлашни давом эттирди. Бироздан сўнг, саволларга жавоб топа олдингми деб сўради, мен эса албатта саволларга керагидан ортиқ (илмий мақола, матн, видео, график ва шу кўринишларда) жавоблар топиб бўлган эдим. Бу менга ажойиб тажриба бўлди.

Мен бу ердаги талабалар бир-бирларидан бирор савол сўрашса, биринчи айтадиган жавоби «Google’дан қараб кўрдингми?» (did you google it?) дейишади. Хулоса шуки, Google’да бир нечта тугмачаларни босиш орқали ўзимизга керакли маълумотни топиб шу мавзу бўйича билимларимизни оширишимиз мумкин. Бу оддий нарсадек туюлиши мумкин, лекин менинг икки йиллик қисқача университетда ўқитувчилик тажрибам шуни кўрсатадики, бизни талабалар орасида Google’дан мустақил ўрганиш (self-learning) кўникмаси нисбатан унча ривожланмаган. Асосий сабаб, Google’да кўп маълумотлар инглиз тилида ва бизни бу тилни етарли даражада билмаслигимизда деб биламан.

Ресурсларни самарали бошқариш учун фойдаланилади

Мен ҳозирги кунда Ўзбекистондаги сув тақчиллиги, эҳтимолий қурғоқчилик ва кескинлашаётган экологик муаммолар, қишлоқ хўжалигининг республика иқтисодиётидаги ўрни ва аҳамияти каби масалаларни ҳисобга олган ҳолда, «Барқарор ривожланиш шароитида қишлоқ хўжалиги экинлари учун энг мақбул ер майдонларини ажратиш» мавзусида илмий изланишлар олиб бормоқдаман. Жаҳон тажрибаси шуни кўрсатадики, ер бебаҳо табиий ресурс сифатида ҳар томонлама илмий асосланганидан кейин экинлар ёки бошқа мақсадлар учун фойдаланишга ажратилади. Ривожланган давлатларда ГАТ ва масофадан зондлаш (сунъий йўлдошлар, дронлар ва аэрофотосуратлар)дан ер хусусиятлари тўғрисидаги маълумотларни тўплаш ва таҳлил қилиш, турли экин ва бошқа мақсадларда фойдаланиш учун энг оптимал ер участкаларини топиш ва ажратиш, районлаштириш режаларини яратиш ва ресурсларни самарали бошқариш учун биргаликда фойдаланилади.

Ишончим комилки, мазкур илмий тадқиқот натижалари мавжуд қишлоқ хўжалиги ерларидан янада самарали фойдаланиш имкониятларини ошириш, кундан-кунга ўсиб бораётган аҳолимиз учун минтақавий озиқ-овқат хавфсизлиги ва шу каби долзарб муаммоларга ечим бўла олади.

Маълумот учун тўхталиб ўтсам, ГАТ ва масофавий зондлаш бизга ер юзаси ҳақидаги мураккаб маълумотларни таҳлил қилиш ва визуализация қилиш имконини беради, бу eрдан фойдаланиш, ресурсларни бошқариш, табиий офатларни (масалан зилзила, ўпирилиш) хариталаш ва башорат қилиш, шаҳарсозлик, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва бошқа шу каби масалаларда асосли қарорлар қабул қилиш учун жуда муҳимдир. Бунинг учун, аввало, ушбу соҳаларда ишлатиладиган асосий тушунчалар ва дастурий таъминотлар бўйича амалий кўникмаларни тўплаш янги ўрганувчилар учун дастлабки қадамлардир.

Жараён одатда 1 йил ва ундан узоққа чўзилиши мумкин

Австрия ўзининг соғлиқни сақлаш, таълим тизими, хавфсизлиги ва умумий фаровонлиги туфайли глобал ҳаёт сифати индексларида доимий равишда юқори ўринларни эгаллаб келган. Австрияда таълим учун тўлов (семестрига 749.42 евро) анча арзон, марказий Европада жойлашган, Европа Иттифоқига аъзо. Шу ўринда университет ва яшаш учун рухсатномага топшириладиган ҳужжатлар нисбатан қийинлигини ҳам таъкидлаб ўтиш керак. Чунки Австрияга 6 ойдан узоқроқ муддатга бормоқчи бўлган номзодлар визага эмас, «Яшаш учун рухсатнома – талаба» (Residence Permit – Student) учун ариза топширади. Бунинг учун эса бир қанча ҳужжатлар (Аттестат/диплом, туғилганлик ҳақида гувоҳнома ва шу кабилар) легализация (Full diplomatic certification (= legalisation) and translation - Тўлиқ дипломатик сертификат (= қонунийлаштириш) ва таржима) қилиниши керак. Бу жараён одатда 1 йил ва ундан узоққа чўзилиши мумкин.

Асосан инглиз тилида китоблар ўқийман

Китоб ҳақида гап кетганида бирор маслаҳат беришга қийналаман, чунки танлов кўп ва истаклар ҳар хил. Ўзим асосан инглиз тилида соҳамга оид китоблар ўқийман. Шу билан бир қаторда қуйидаги китобларни ўқишни тавсия қиламан: «Лидерлар китоби» (Otabek Hasanov), бу китоб ҳаётга қўрқмасдан олдинга қадам ташлаш, жасурлик, мардлик, ватан ривожига ҳисса қўшиш, ақл-заковатни, илмни ҳар қандай ишдан устун қўйиш ва шу каби мавзуларда сўз боради. Кейингиси: «Чўқинтирган ота» (Mario Pyuzo), муаллиф итальян мафияси оламига олиб киради, мафия оиласи принциплари каби мавзулар жуда чуқур очиб берилган. Яна бир китоб: «Кичкина Шаҳзода» (Antuan de Sent-Ekzyuperi), ҳикоя турли сайёраларга, жумладан, Ерга ташриф буюрган ва ёлғизлик, дўстлик, севги ва йўқотиш мавзуларига мурожаат қилган ёш шаҳзода ҳақида. «Кичик шаҳзода» болалар китоби услубига қарамай, ҳаёт, катталар ва инсон табиати ҳақида мушоҳада юритади.

Шу ўринда, ўзбегимнинг барча ўлмас киноларини кўришни ҳам тавсия этмоқчиман. Ўзим булардан ташқари Ўзбекистон тарихини чуқурроқ ўрганиш ва сиёсий билимларни оширишга қизиқаман.

 Соҳа ривожига ўз ҳиссамни қўшмоқчиман

Иқлим ўзгариши, сув таъминоти чекланган, аммо ўсиб бораётган аҳолининг озиқ-овқат эҳтиёжларини қондириш масалаларини чуқур ўрганган ҳолда, қишлоқ хўжалиги экинлари учун энг мақбул ер майдонларини ажратишни қўллаб-қувватлаш бўйича консептуал асослар ва услубий иш жараёнларини ишлаб чиқиш менинг асосий миссиямдир. Оддийроқ қилиб айтадиган бўлсам, oлиб бораётган илмий тадқиқотларим натижаларини - Ўзбекистонда жорий қилиш ва шу соҳа ривожига ўз ҳиссамни қўшишни мақсад қилганман.

Нурилло Тўхтасинов суҳбатлашди

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг