Мактабларда тил бўйича сертификати бўлмаган ўқитувчиларга дарс берилмаяптими?
Савол: II тоифали немис тили ўқитувчисиман. Раҳбаримиз тил билиш даражасини белгиловчи халқаро сертификатим бўлмаса, дарс бермаслигини айтди. Бу қанчалик тўғри?
Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 19 майдаги 312-сонли қарори 9-бандига кўра, 2022-2023 ўқув йилидан бошлаб, давлат таълим муассасаларининг хорижий тиллар ўқитувчилари лавозимларига ишга янги қабул қилинаётган талабгор камида B2 даражадаги миллий ёки унга тенглаштирилган мос даражадаги халқаро сертификатга эга бўлиши лозимлиги белгиланди.
Кейинчалик, Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 31 октябрдаги 07/1-1287-сон топшириғи асосида умумтаълим мактабларида хорижий тилларни ўқитиш жараёнини давомийлигини таъминлаш мақсадида 2022-2023 ўқув йили учун истисно тариқасида бу сертификат талаб этилмаган ва мазкур талаб 2023-2024 ўқув йилидан бошлаб кучга кириши белгиланди.
Яъни, бу йилдан бошлаб фақатгина янги ишга кираётган хорижий тиллар ўқитувчиларидан B2 даражадаги сертификат талаб этилади.
Эътибор беринг, бу тартиб ҳозирги кунда мактабларда ишлаб келаётган хорижий тиллар ўқитувчиларига тегишли эмас.
2024-2025 ўқув йилига қадар эса мактабларда фаолият юритаётган барча хорижий тиллар ўқитувчилари камида B2 даражадаги миллий ёки унга тенглаштирилган мос даражадаги халқаро сертификатга эга бўлиш талаби қўйилади.
Яъни, амалда ишлаб келаётган немис тили фани ўқитувчисидан ҳозир сертификат талаб қилиш нотўғри. Бу йил ўқитувчининг иккинчи малака тоифасига муносиб равишда дарc бериб турса бўлаверади.
Савол: мен иккита мактабда ўриндошлик асосида ишлаб туғуруқ таътилига чиққанман. Таътилдан сўнг ҳар икки мактаб директорлари менга шартнома 1 йилга тузилгани ва менинг ишдан бўшатилганим ҳақида айтишяпти. Шу тўғрими?
Меҳнат кодексининг 113-моддасига кўра, ўриндошлик асосида ишга кираётган шахслар билан ходим ва иш берувчи ўртасидаги келишувга кўра муддатли меҳнат шартномаси тузилиши мумкин. МК 158-моддасига кўра, муддатли меҳнат шартномаси унинг амал қилиш муддати тугаши билан бекор қилинади. Меҳнат шартномасини унинг амал қилиш муддати тугаганлиги муносабати билан бекор қилиш тўғрисида якка тартибдаги меҳнатга оид муносабатларни ушбу асос бўйича тугатишга қарор қилган тараф бошқа тарафни меҳнат шартномаси бекор қилингунига қадар камида уч календарь кун олдин ёзма шаклда огоҳлантириши керак, бундан иш жойи (лавозими) сақланаётган ходим йўқ бўлган даврга тузилган муддатли меҳнат шартномасининг амал қилиш муддати тугайдиган ҳоллар мустасно.
Демак, юқоридагилардан хулоса қилсак, ўриндошлик асосида ишга олинганлигингиз учун Сиз билан муддатли меҳнат шартномаси тўғри тузилган ҳамда иш берувчи Сизни камида уч календарь кун олдин ёзма шаклда огоҳлантириб шартномани бекор қилиши мумкин. Агар иш жойи (лавозими) сақланаётган ходимнинг, масалан «декрет»даги ходимнинг ўрнига олинган бўлсангиз, у ҳолда огоҳлантириш шарт эмас.
Савол: тарбиясида вояга етмаган фарзанди бўлган ходим мунтазам равишда бир ой ишга чиқмаган тақдирда у билан тузилган меҳнат шартномаси қай тартибда бекор қилинади?
Ходимнинг ишга келмаётганлиги сабабларини аниқлаш иш берувчининг мажбуриятидир, бу МК 313-моддаси талабларидан келиб чиқади: интизомий жазо қўлланилишидан аввал ходимдан ёзма равишда тушунтириш хати талаб қилиниши лозим. Интизомий жазони қўлланишда содир этилган ножўя хатти-ҳаракатнинг қай даражада оғир эканлиги, шу хатти-ҳаракат содир этилган вазият, ходимнинг олдинги иши ва хулқ-атвори ҳисобга олинади. Яъни, ходимнинг ишга чиқмаслиги сабаби узрлими йўқми, аниқлаштирилиши лозим. Бунда ҳар қандай ҳолда МК 200-моддасига кўра иш вақти табелида ходимнинг ишга келмаганлиги белгилаб қўйилади.
Ходимнинг 12 ёшга тўлмаган ҳаттоки 3 ёшга тўлмаган боласи борлиги ҳам меҳнат шартномасини бекор қилишга тўсиқ бўла олмайди. Агар бу тоифа ходимлар меҳнат интизомини бузса меҳнат қонунчилигига қатъий риоя қилган ҳолда МК 161-моддаси иккинчи қисмининг 4 ва 5-бандларида назарда тутилган асослар бўйича меҳнат шартномасини бекор қилишга йўл қўйилади. Диққат! Агар ходим ҳомиладор бўлса, МК 161-моддаси иккинчи қисмининг 4 ва 5-бандларида назарда тутилган асослар бўйича меҳнат шартномасини бекор қилиб бўлмайди. Чунки МК 408-моддасига кўра, ҳомиладор аёллар билан тузилган меҳнат шартномасини иш берувчининг ташаббусига кўра бекор қилишга йўл қўйилмайди, бундан ташкилот (унинг алоҳида бўлинмаси) тугатилган ёки якка тартибдаги тадбиркорнинг иш фаолияти тугатилган ҳоллар мустасно.
Саволларга экспертимиз Муҳаммадамин Каримжонов
жавоб берган.
Изоҳ: меҳнат ҳуқуқига оид саволларингизни @xabargayoz_bot 'га жўнатишингиз мумкин.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter