Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Маданият вазирлигига жонли ижрочиларнинг реестрини юритиш топшириляпти

Маданият вазирлигига жонли ижрочиларнинг реестрини юритиш топшириляпти

Ўзбекистоннинг маданият соҳасида жонли ижрони рағбатлантириш бўйича Ҳукуматнинг тегишли қарори лойиҳаси ишлаб чиқилди.

Мазкур ҳужжат билан Маданият вазирлигига қўшимча вазифалар юкланмоқда.

Жумладан, вазирлик ҳузуридаги «Ўзбекконцерт» давлат муассасаси марказий аппарати тузилмасида жонли ижрони ривожлантириш бўлими ташкил этилади.

Ушбу бўлим, маданият соҳасида жонли ижрони ривожлантириш ва рағбатлантириш бўйича ташаббусларни ишлаб чиқади, фонограммадан фойдаланиш тенденцияларини тизимли равишда таҳлил қилади.

Шунингдек, 2024 йил 1 октябрдан бошлаб Маданият вазирлиги томонидан жонли ижрочиларнинг реестри юритилади. Жонли ижро этадиган ижрочиларнинг миллий рўйхатини шакллантиради ҳамда расмий веб-сайтлар ва ижтимоий тармоқлардаги расмий саҳифаларда доимий равишда эълон қилиб боради ва янгилайди.

Шу билан бирга, Ўзбекистонда концерт-томоша тадбирларида жонли ижро, жонли овоз ва фонограммадан  фойдаланиш тартибини тасдиқлаш тўғрисидаги Низом тасдиқланмоқда.

Қайд этилишича, 2025 йил 1 январдан бошлаб:

  • давлат аҳамиятига молик, бюджет ва бюджетдан ташқари маблағлар ҳисобидан молиялаштириладиган барча концерт-томоша тадбирларида фонограммадан фойдаланиш босқичма-босқич чеклаб борилади;
  • концерт-томоша тадбирларини ташкил этишда ижтимоий рекламаларда «Жонли ижро», «Фонограммадан фойдаланган ҳолда жонли овоз» ва «Фонограммали концерт дастури» деб номлаш амалиёти жорий қилинади;
  • Маданият вазирлигига «Ўзбекистон Республикаси халқ артисти», «Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган артист» ва «Ўзбекистон Республикаси халқ ҳофизи» унвонларига фақатгина жонли ижро эта оладиган санъаткорларни тавсия этиш мажбурияти юклатилади.

2025 йил 1 июндан бошлаб эса доимий равишда жонли ижрода концерт дастурларини тақдим этиб келаётган санъаткорларни рағбатлантириш мақсадида Маданият вазирлиги хулосасига кўра, бир йилда икки нафар санъаткорнинг хорижий давлатларда концерт дастури ташкил этилади ва концерт дастури билан боғлиқ барча харажатлар Давлат бюджетидан қоплаб берилади.

Таъкидланишича, фақат жонли ижрочиларнинг реестрига киритилган ижрочиларгина яккахон концерт-томоша тадбирларини ўтказиши мумкин бўлади.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг