Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Келинг, уйимизга дийдорлар учун…

Келинг, уйимизга дийдорлар учун…

Бугун ака-укалар ва опа-сингиллар куни. Қондошлар ўртасидаги ноёб дўстликни нишонлайдиган махсус байрам. 

Зеро қадим замонлардан турли маданиятларда одамлар бир-бирларига муҳаббат ва ғамхўрлик кўрсатадиган махсус кунлар бўлган.

10 апрель илк марта  Америкада  биродарлар куни сифатида нишонланган. Европада 31 май куни ака ука опа сингиллар куни нишонланади. Ҳиндистонда ака-ука ва опа-сингил ўртасидаги алоқани нишонлайдиган Ракша Бандҳан фестивали мавжуд. Ўзимизда ҳам 15 май «Халқаро оила куни» сифатида кенг нишонланади.

Ана шундай қутлуғ айёмда ака-ука ва опа-сингиллар бир-бирига меҳр, ғамхўрлик ва миннатдорчилик изҳор этадилар. Оила аъзолари бир-бирларига совғалар беришади ва бирга вақт ўтказишади, бирга фотосуратларни томоша қилишади, ўйинлар ва мусобақаларда қатнашишади.

Тадқиқотларга қараганда америкаликларнинг 80 фоиздан ортиғи камида битта ака-ука билан ўсади ва бу муносабатлар балоғат ёшида болаларга яхши фойда келтириши мумкин. Масалан, 60 ёшли одамлар ўртасида 2019 йилда ўтказилган тадқиқот шуни кўрсатдики, опа-сингиллар ўртасидаги илиқлик ёлғизликка қарши дори бўлиб, фаровонликни оширишга ёрдам беради.

Ака-ука ва опа-сингиллар ўртасидаги муносабатлар ҳақида  кўп тадқиқотлар ўтказилмаган бўлса-да, профессор Жефри Греиф томонидан 2015 йилдаги «Катта ёшдаги ака-ука муносабатлари» китобидан олинган маълумотларда айтилишича 262 нафар катта ёшли инсонларнинг 64 фоизи ўзларини ҳеч бўлмаганда биродару опа-сингиллари учун «яхши дўст» деб билишларини, 45 фоизи эса камида битта опа-сингилни энг яхши дўст деб билишларини айтдилар.

Ўзбек оилаларида ака-укалар ва опа-сингиллар

Ўзбек оилаларида ака-ука ва опа-сингиллар сони икки нафардан беш нафаргача бўлиши мумкин. 80-90-йилларда эса беш нафардан ўн икки нафаргача эди. Уларнинг барчаси битта сўзга жамланган – жигарлар.

Ва оиладаги жигарларнинг бир-бирига муносабати, аҳиллиги, қадрдонлиги алоҳида қадрият даражасига кўтарилган. Тўйлар, маъракалар жигарларсиз, туғишганларсиз ўтмайди. Шунингдек, уларга атаб шеърлар, қўшиқлар куйланади, мақоллар, ҳикматлар мавжуд. Шулардан бири «эт билан тирноқни ажратиб бўлмайди». Ёки ака синглисини кўриши учун ҳатто босиш мумкин бўлмаган буғдойзорни кесиб ўтишга ҳам рухсат бор.

Бу мавзуда шеърлар ёзилган.

Донни босиб ўтса бўлар сингил учун,
Жонни кечиб кетса бўлар сингил учун.
Ота уйда улғайиш бор қолиш йўқдур,
Сингилларни йўқлаб туринг кўнгил учун.

Шеърда айтилганидек бир уйда улғайиш бору аммо бир умрга қолиш йўқ. Кейинчалик опа-сингил ака-укалар бир-биридан айро яшашади.

Биродар-у опа-сингиллар билан шахсан учраша олмасангиз ҳам, яхши сўзларни алмашиш ва байрам кайфиятини тарқатиш учун видео қўнғироқ орқали суҳбатлашиш, телеграм ёзишмаларидан фойдаланиш мумкин. Ва энг таъсирли ва эсда қоларлиси ажойиб шеър жўнатиш. Касби ўқитувчи бўлган Заршидбек Матғозиев қаламига мансуб, «Келинг уйимизга дийдорлар учун» шеъри бугун жуда кўпчиликка жуда яхши таниш ва ҳатто қўшиққа айланиб бўлган.

Агар сиз оилада кичик сингил ва ука бўлсангиз опангизга шундай денг:

Опа, аҳволингиз яхшими айтинг,
Қўнғироқ қилолмай қоламан ҳар кун.
Ишим кўп сўзини ёдлаб олганман,
Келинг уйимизга дийдорлар учун.

Агар акангиз бўлса, сиз энг бахтли инсонсиз, чунки у сиз учун ҳар қандай қийинчиликка туриб бера олади, яхши-ёмон кунингизда бош бўлади:

Ака, сочингизга оралабди оқ,
Чарчаган одамдай турибсиз нечун.
Бир марта суяниб, ука деб менга,
Келинг уйимизга дийдорлар учун.

Агар сизнинг синглингиз бўлса ишонинг яхши дўст излашга ҳожат йўқ:

Синглим, нима гаплар, айта қол синглим,
Йўқлаб боролмадим илтимос тушун.
Эртадан кечгача ишдаман билсанг,
Келгин уйимизга дийдорлар учун.

Сизнинг укангиз борми, демак сиз ҳеч қачон зерикишингизга асос йўқ.

Ука, укажоним, ишонган тоғим,
Кўнглим хотиржамдир сен менга устун.
Ота ва онамни хурсанд қилай деб,
Келгин уйимизга дийдорлар учун.

Худди шундай қардошлар куни – бу бир-бирингизга ғамхўрлик, севги ва қўллаб-қувватлашни кўрсатиш имкониятидир. Шунинг учун, бу кун билан табриклар чин юракдан янграйди ва энг ёрқин ва унутилмас ҳис-туйғуларни ўз ичига олиши керак. Аввалгилдай ҳафталаб хат кутишга ҳожат йўқ. Электрон почта ёки телеграм орқали айтолмаган сўзларингизни айтиш имконияти бор бугун.

«Опа! Бугун, байрам куни, мен сизга ўзимнинг самимий миннатдорчилигим ва севгимни билдирмоқчиман. Сиз ажойиб опасиз ва ишончли таянчсиз, керак бўлганда доим ёнимдасиз.

Мени доим тинглаганингиз ва тушунганингиз учун рахмат. Сизнинг ёрдамингиз ва доно маслаҳатингиз менга куч ва ишонч бағишлайди. Сиз ҳар доим қувонч ва қайғуларни баҳам кўришингиз мумкин бўлган ҳақиқий дўстсиз. Сизни яхши кўраман!»

«Қадрли сингилжоним, сени бугунги кунинг билан табриклайман!  Бизнинг хотираларимиз, кулгуларимиз ва кўз ёшларимиз  мен учун доимо ноёб ва қадрли бўлиб қолади.

Сенга ҳаётдаги энг ажойиб нарсаларни – бахт, соғлиқ, севги ва муваффақиятларни тилайман. Ҳаёт ёрқин лаҳзаларга, орзу ва мақсадлар рўёбга чиқсин, алоқаларимиз ҳар доимгидек мустаҳкам ва гўзал бўлсин».

«Азиз, акажон! Ушбу махсус кунда ҳақиқий дўстим бўлганингиз учун сизга қанчалик миннатдор эканлигимни айтмоқчиман. Бизнинг алоқамиз мен учун дунёни англатади ва мен бу йўллардан  бирга ўтганимиздан фахрланаман.

Менга қўллаб-қувватлаш керак бўлганда сиз доимо ёнингизда бўлгансиз ва мен ҳар доим сизга ишонишим мумкин. Сизнинг кучингиз, донолигингиз ва ҳазилингиз менга ҳар қандай қийинчиликларни енгишга ёрдам берди. Сиз менинг кўз ўнгимда ҳақиқий қаҳрамонсиз».

 Улар ҳақидаги қизиқарли ва баҳсли фактлар

Севимли бола

Катта ва ўрта ака-укалар учун ажаблантирадиган янгилик шундаки, энг кичик бола кўпинча севимли бўлиб чиқади. Тадқиқотлар шуни кўрсатдики, энг кичик бола одатда ота-оналарнинг севимли боласи ҳисобланади. Гарчи ота-онангиз буни ҳеч қачон тан олмаса ҳам.

Меҳрибонлик

Профессор Лори Крамернинг сўзларига кўра, 3 ёшдан 7 ёшгача бўлган ака-ука опа-сингиллар соатига ўртача 3,5 марта жанжал қилишади. Шунга қарамай, меҳрибон ака-ука ва опа-сингиллар дунёда хайрия ва хайрли ишларни ривожлантиришга ёрдам беради.

 Бош фарзандлар

Эдинбург ва Сидней университетлари томонидан олиб борилган кенг қамровли тадқиқотлар шуни кўрсатадики, биринчи туғилган болалар биринчи йиллариданоқ интеллектуал салоҳиятга ва нутқ борасида афзалликларга эга бўлишади, чунки улар ота-оналарнинг диққат марказида бўлишади.                         

Ўртанчи болалар - сиз ниҳоят порлай оладиган жой: сиз ака-укангизга қараганда 30 фоиз кўпроқ бошлиқ ва тадбиркор бўласиз, каттароқ болалар эса олим бўлиш эҳтимоли кўпроқ.

 Ҳазилга мойиллик

Британиялик оилалардаги ака-ука ва опа-сингилларнинг шахсий хусусиятларига бағишланган тадқиқотда турли ёшдаги болаларга улар ўзларини қандай қабул қилишлари ҳақида бир қатор саволлар берилди. Натижалар шуни кўрсатдики, кичик укалар ўзларини уюшган ва масъулиятли катта акаларига қараганда анча хотиржам ва қувноқроқ деб билишади. Ҳақиқатан ҳам, улар ўзларини шундай идрок этишади, лекин тан олиш керакки, кичиклар кўпинча энг кулгили ҳазилларни атайлаб ёки шунчаки жасур бўлгани учун қилади.

Хуллас барча опа-сингилларни, ака-укаларни бугунги кун билан табриклашни унутаманг. Туғилган кун қиласизми, тўйми ёки бошқа сабаб билан йиғиласизми, биродарларингиз, жигарларингиз билан фақат болалик, ота уй ҳақида гаплашасиз. Бу эса сизга яшашга иштиёқ уйғотади, куч беради. Яна шоирни тингланг-а. Ва айтишни эсдан чиқарманг :

Жигарлар жам бўлинг, келинг меҳмонга,
Бўлайлик ҳаммамиз бағримиз бутун.
Болалик даврига қайтиб бир лаҳза,
Келинг уйимизга дийдорлар учун.

Барно СУЛТОНОВА тайёрлади

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг