Қотил ака: таъзияга айланган байрам ҳақида ҳикоя
- Мен сенинг ҳимоячинг бўламан. Сени яна кимдир хафа қилса, мени қаршисида кўради!- Илёс укаси Эркиннинг елкасига қўл ташлаб, уни овутган бўлди,- ма, ол, қара, сен дарсда пайтинг аммам новвот билан майиз олиб келганди, атайлаб сенга олиб қўйдим.
Илёс укасини овутиш учун ҳамма нарсага тайёр эди. Эндигина ўн ёшга тўлган бўлса ҳам ўзини ёши катталардек тутарди. Укаси учун бурчли эканини ҳис қиларди.
Бир кўрпа остида улғайишди. Бир косада овқат ейишди. Битта конфет топишса ҳам бўлишишди. Мактабни тугатишди, турли коллежларни битиришди. Уйланиб, уйли-жойли, рўзғорли бўлишди. Оқибатни йўқотишмади. Биродарликни унутишмади...
Орадан йиллар ўтди. Афсуски, мастлик ҳаммасига чек қўйди...
Жорий йилнинг изғиринли совуғида Эркин тонг саҳарда, кўзи олдидан ўтдими, акасини меҳмонга чақирди: «Келинг, ака, ёшликни, болаликни эслашамиз. Дастурхон бошида дардлашамиз. Сизни соғиндим, ака!»
«Менам сени соғиндим, укажон. Бораман, албатта!»-деди Илёс.
Ака бозор-ўчар, жиянларига қанд-қурс олиб, укасининг хонадонига келди, дарвозасини қоқди. Негадир, бу гал уни укаси эмас, келини Мавлуда қаршилади. Келини уни нохоҳишгина кутди. Тузук ҳол-аҳвол сўрамади. «Ҳар сафар шу-ку! Аммо, нима қиламан кайфиятимни бузиб ёки келининг феълини укамга билдириб қўйиб...» - Илёс ҳеч нима сездирмай, томорқада ўтин ёраётган укасининг ёнига келди. Бир ойча илгари кўришишган ака-укалар худди бир неча йил кўришмагандек бағирлашди.
- Биласан, анча олисда, Хоразмда ишлайман, яшайман. Сендан тез-тез хабар ололмайман. Қандай юмушинг бўлса, айт, биргалашамиз!-деди ака.
- Хўп, ака, сизсиз бир иш қилармидим. Олдин тушлик қилайлик, келинингиз ош дамлаган, кейин гул кўчат ўтқазамиз. Баҳорда куртаклайди, худо хоҳласа,-деди Илёс.
Тезда дастурхон тузашди. Бу орада келиннинг онаси ҳам меҳмонга келиб қолди. Қавм-қариндошлар байрамона кайфиятда ўтиришди. Спиртли ичимлик ҳам истеъмол қилишди.
Суд ҳужжатларига кўра, спиртли ичимлик истеъмол қилган ака-укалар томорқага гул кўчатлари ўтқазишга чиқишган. Булар гул кўчатлар ўтқазишаётганда, дарвоза тақиллаб, бир аёл кириб келган ва Эркиннинг турмуш ўртоғи Мавлудага қайнакаси ундан қарздор экани, Хоразмдан қайтгани дарагини эшитиб, уларнинг хонадонига келганини айтган. Мавлуда эрини чақириб, унга бу гапни етказган.
- Бечора акам қарздор экану, менга билдирмаган. Ҳозир унинг шароитида бироз етишмовчилик бор, ўша қарзни ўзим тўлаб қўяман. Акамга бу ҳақда билдирма ва у аёлни секингина чиқариб юбор. Икки-уч кунда ўзинг мани номимдан акамнинг қарзини тўлаб келасан!-деган.
Мавлуда турмуш ўртоғининг бу гапидан важоҳатга тушиб, эрига бақириб-чақирган. Қайнакасининг қарзини нега у тўлаши кераклигини, пул ўзларига ҳам кераклигини айтиб, қасддан жалжал чиқара бошлаган.
- Овозингни ўчир ва сен бизни орамизга аралашма!-дея хотинини ичкари уйга кириб ўтириб, қайтиб чиқмасликни буюрган.
Шунга қарамай, хотин орадан бир ярим соатларча вақт ўтиб, турмуш ўртоғи хонага кириб кетганидан фойдаланиб, томорқага, қайнакаси ишлаб турган ерга келган. Томорқадаги тут дарахтини кесиб ташлаш ва уни кесиб ташламаслик устида тортишишган. Келин ҳурматсизлик кўрсатган. Бўлмағур сўзлар билан қайнакасининг ориятига теккан. Илёс жаҳл устида келинини силтаб урган ва томорқадаги сўри устига итариб юбориб, бўғмоқчи бўлган. Мавлуда уйига меҳмон бўлиб келган онаси ва эрини ёрдамга чақирган. Ука томорқадаги шовқинни эшитиб, югуриб чиққан. Бу пайтда акаси билан ерда ётган кострюлка билан келинининг бошига урган. Эркин жаҳлланиб, акаси билан ёқалашиб кетган. Спиртли ичимлик истеъмол қилиб, мастлиги натижасида бир-бирига худди аёвсиз рақиблардек ёпишишган. Ҳеч ким ажрата олмаган. Эркин ошхонага қараб югурган. Унинг ортидан акаси ҳам важоҳат билан кириб келган ва ошхона столи устида турган пичоқни олиб, укасига қараб отилган.... Ўзи англамаган ҳолда Эркиннинг ўнг қўл билан юқори учи соҳаси ва кўкрак қафасига уриб, оҳир тан жароҳати етказган. Пичоқнинг тиғли ўткир учи Эркиннинг кўкрак қафасига синиб қолган бўлган...
Судга оид тиббий экспертиза хулосасига кўра, Эркин Ҳакимовнинг ўлими ички ва ташқи қон кетиш ҳамда ўткир юрак қон-томир фаолияти етишмовчилиги билан асоратланган кўкрак бўшлиғига кириб борган. Юрак ўнг қоринчаси орқа бўлмача ва қоринча девори орқали ўнг бўлмачани тешиши сабабли юзага келган. Кўкрак қафаси ўнг бўлмача ҳамда қоринчасида санчма-кесма жароҳатларнинг борлиги, гемоперикадитни бўлгани, оғирлик даражаси бўйича оғир тан жароҳати тоифасига киргани қайд этилган.
Эркин кўрсатилган тиббий муолажаларга қарамай, касалхонада вафот этган.
«Хотинларнинг ака-ука ўртасига аралашуви, ўрни келганда, найрангу ҳийлалари ўз йўлида. Аммо, мен 48 йил давомида кафтимда авайлаб-асраб келган укамнинг умрига бир кунда, бир неча дақиқа ичида ўз қўлларим билан зомин бўлдим. Агар тирик бўлсам, қонун мени бир кун авф этар, аммо, ўзим ўзимни кечира олмайман. Мен укамни ўзимнинг беш нафар фарзандимдан ҳам зиёда кўрардим. Ўзимга нисбатан қўлланиладиган ҳар қандай жазога тайёрман»,-деган суд залида Илёс Ҳакимов.
Жиноят ишлари бўйича Ғиждувон тумани суди судьяси Аслиддин Норбековнинг «Xabar.uz»га маълум қилишича, Илёс Ҳакимов Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 97-моддаси (қотиллик) билан жазоланган. Унга нисбатанг ўн йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter