Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«Картошка пули» нима ва у кимларга берилади?

«Картошка пули» нима ва у кимларга берилади?

Ходимларга ҳар йили куз мавсумида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини харид қилиш учун тақдим қилинадиган моддий ёрдам шакли оғзаки нутқда «картошка пули» деб юритилади.

Меҳнат кодексида иш берувчига ходимларга мазкур турдаги моддий ёрдамни тақдим қилиши ҳақида тўғридан-тўғри мажбурият юкланмаган. Фақатгина, айрим давлат ташкилотлари ходимларининг меҳнатига ҳақ тўлашга оид қонунчилик ҳужжатлари (Президент қарорлари ёки Ҳукумат қарорлари)да ходимларга қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари сотиб олиш учун моддий ёрдам ажратиш ҳақида алоҳида ҳолатлар белгилаб ўтилган.

Масалан, Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 9 январдаги 12-сон қарорига илова «Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш ва уларни моддий рағбатлантириш тартиби тўғрисида»ги Низомнинг 13-бандида, 2017 йил 4 декабрдаги 963-сон қарорига 2-илова «Ўзбекистон Республикаси Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси ва унинг тизимига кирувчи ташкилотлар ходимларини моддий рағбатлантириш шартлари ва тартиби тўғрисида»ги Низомнинг 11-бандида ҳамда 2017 йил 22 июндаги 409-сон қарорига илова «Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш соҳаси ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш ва уларни моддий рағбатлантириш тартиби тўғрисида»ги Низомнинг 14, 18-3-бандларида, шунингдек, Президентнинг 2017 йил 15 июндаги ПҚ-3060-сон қарорига 4-илова «Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси ходимларини моддий рағбатлантириш тартиби тўғрисида»ги Низомнинг 2-бандида ва бошқа қонунчилик ҳужжатларида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сотиб олиш учун моддий ёрдам белгиланган.

Қонунчилик ҳужжатларида «картошка пули» назарда тутилмаган ходимларга ушбу моддий ёрдам қандай тартибда берилади?

МК 13-моддасига кўра, меҳнат ҳақидаги бошқа ҳуқуқий ҳужжатларда ходимлар учун меҳнат тўғрисидаги қонунчиликда белгиланганига нисбатан қўшимча ҳуқуқлар ва кафолатлар назарда тутилиши мумкин. МК 12-моддасига кўра, меҳнат ҳақидаги бошқа ҳуқуқий ҳужжатлар қуйидагилардан иборат:

  • жамоа келишувлари;
  • жамоа шартномалари;
  • иш берувчи томонидан касаба уюшмаси қўмитаси билан келишувга кўра қабул қилинадиган ички ҳужжатлар;
  • ички ҳужжатлар, шу жумладан иш берувчи ўз ваколатлари доирасида якка ўзи қабул қиладиган якка тартибдаги ҳуқуқий ҳужжатлар.

МК 67-моддасига кўра, ташкилотнинг иқтисодий имкониятлари ҳисобга олинган ҳолда, жамоа шартномасида бошқа шартлар, шу жумладан меҳнат тўғрисидаги қонунчиликда ва меҳнат ҳақидаги бошқа ҳуқуқий ҳужжатларда белгиланган нормалар ҳамда қоидаларга нисбатан имтиёзлироқ меҳнат шартлари ва ижтимоий-иқтисодий шартлар (қўшимча таътиллар, пенсияларга устамалар, муддатидан олдин пенсияга чиқиш, транспорт ва хизмат сафари харажатларини компенсация қилиш, ходимларни ишлаб чиқаришда ҳамда уларнинг фарзандларини умумий ўрта таълим ташкилотларида ва мактабгача таълим ташкилотларида бепул ёки қисман ҳақ тўланадиган тарзда овқатлантириш, уяли алоқа, Интернет жаҳон ахборот тармоғи учун ҳақ тўлаш, олий таълим ташкилотларида ўқитиш учун ссудалар тўлаш ва ҳақ тўлаш, бошқа қўшимча имтиёзлар ва компенсациялар) ҳам бўлиши мумкин.

Шунингдек, МК 16-моддасига кўра, ходим билан тузилган меҳнат шартномасида ходимга меҳнат тўғрисидаги қонунчиликда ва меҳнат ҳақидаги бошқа ҳуқуқий ҳужжатларда назарда тутилганига нисбатан қўшимча ҳуқуқлар ва кафолатлар назарда тутилиши мумкин.

Демак, нафақат қонунчилик ҳужжатларида балки меҳнат ҳақидаги бошқа ҳуқуқий ҳужжатларда, масалан, жамоа шартномасида ёки ходим билан тузилган меҳнат шартномасида ҳам «картошка пули» назарда тутилиши мумкин экан. Масалан, ташкилот жамоа шартномасида иш берувчи ҳар йили куз мавсумида ходимларига қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини харид қилиш учун Ўзбекистон Республикасида ўрнатилган базавий ҳисоблаш миқдорининг 5 (беш) баробари миқдорида моддий ёрдам тўланишини таъминлаши белгиланган. Бу ҳолатда барча ходимларга 1 миллион 650 минг сўм миқдорда моддий ёрдам тақдим қилиниши керак.

«Картошка пули» учун ариза ёзиш шартми?

Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари учун бериладиган моддий ёрдамнинг ўзига хослиги бу жамоавий тўлов ҳисобланади. Агар меҳнат ҳақидаги бошқа ҳуқуқий ҳужжатларда бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, «картошка пули» фақат айрим «танланган» ходимларгагина эмас, балки барча ходимларга бирдек миқдорда тўланадиган моддий ёрдам туридир.

Демак, қонунчилик ҳужжатларида, меҳнат ҳақидаги бошқа ҳуқуқий ҳужжатларда, масалан, жамоа шартномасида барча ходимлар учун «картошка пули» назарда тутилган бўлса, ариза ёзиш шарт эмас. Иш берувчининг буйруғи етарли ҳисобланади.

Агар иш берувчи «картошка пули»ни тақдим қилишдан бош тортсачи?

МК 34-моддасида меҳнат соҳасидаги ижтимоий шерикликнинг асосий принциплари келтириб ўтилган. Масалан, тарафлар томонидан мажбуриятларни ўз зиммасига олишнинг ихтиёрийлиги ҳамда тарафлар ўз зиммасига олаётган мажбуриятларнинг ҳақиқийлиги ва уларни бажаришнинг мажбурийлиги принциплари.

Демак, агар иш берувчи меҳнат ҳақидаги бошқа ҳуқуқий ҳужжатларда берилиши шарт қилиб кўрсатилган кафолатларни беришдан бош тортса, бу меҳнат тўғрисидаги қонунчиликни бузиш ҳисобланади. Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс 49-моддасига кўра, мансабдор шахс томонидан меҳнат ва меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонунчиликни бузиш базавий ҳисоблаш миқдорининг 5 бараваридан 10 бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

«Картошка пули»дан ҳам даромад солиғи ушланадими?

Солиқ кодекси 377-моддаси 10-бандига кўра, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини бериш ёки уларни сотиб олиш учун маблағлар бериш тарзида кўрсатиладиган моддий ёрдам солиқ тўловчининг бошқа даромадларига киради.

Солиқ кодекси 378-моддаси 1-қисми 1-бандига кўра, ушбу Кодекснинг 377-моддасида кўрсатилган бошқа ҳолларда, солиқ даври учун меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 4,22 бараваригача миқдорда моддий ёрдам суммалари тарзидаги даромад турларига солиқ солинмайди.

Масалан, бунда имтиёз моддий ёрдамнинг меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг (2023 йил октябр ҳолатига кўра 980 минг сўм) 4,22 бараваригача (4 млн 135,6 минг сўмгача) бўлган қисмига қўлланилади. Масалан, «картошка пули» 5 млн сўм бўлса, унинг 4 млн 135,6 минг сўми учун солиқ тўланмайди, қолган 864 400 сўмидан даромад солиғи ундирилади.

Интизомий жазоси бор ходимларга ҳам «картошка пули» бериладими?

МК 299-моддаси 5-қисмига кўра, интизомий жазонинг амал қилиш муддати ичида ходимга нисбатан рағбатлантириш чоралари, шу жумладан меҳнатга ҳақ тўлаш тизимига кирмайдиган ва меҳнат натижаларига асосланмаган мукофотлар ҳам (байрамлар, шу жумладан касб байрамлари, юбилейлар муносабати билан ва ҳоказолар) қўлланилмайди.

Диққат қилинг, бу ерда гап рағбатлантириш чоралари, шу жумладан меҳнатга ҳақ тўлаш тизимига кирмайдиган ва меҳнат натижаларига асосланмаган мукофотлар ҳақида гап кетмоқда. Яъни моддий ёрдам рағбатлантириш чораси ҳисобланмайди.

Бундан хулоса қилсак, қонунчилик ҳужжатларида, меҳнат ҳақидаги бошқа ҳуқуқий ҳужжатларда, масалан, жамоа шартномасида ёки ходим билан тузилган меҳнат шартномасида «картошка пули» назарда тутилган бўлса, интизомий жазоси бор ходимларга ҳам «картошка пули» тарзидаги моддий ёрдам берилади.

Мақолани ўқиган ходимларнинг ҳаёлидан «бизга ҳам «картошка пули» берилармикан» деган савол ўтган бўлса керак. Демак, қонунчилик ҳужжатларида, меҳнат ҳақидаги бошқа ҳуқуқий ҳужжатларда, масалан, жамоа шартномасида ёки сиз билан тузилган меҳнат шартномасида бу назарда тутилган бўлса (демак мана шу ҳужжатларга бир қараб қўйинг), сизга «картошка пули» тўлаб берилади.

Саволга Тошкент давлат юридик университети
Меҳнат ҳуқуқи кафедраси катта ўқитувчиси
Муҳаммадамин КАРИМЖОНОВ жавоб берди

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг