Ишхонангизда қисқаришга тушдингизми? Нима қилишни билмаяпсизми?
Савол: менга қисқаришга тушганлигим учун октябрдан огоҳлантириш хати берилди. Иш берувчи ҳозирча ўз хоҳишингизга кўра бўшашга ариза ёзиб туринг, кейин яна қайта ишга оламан деб ваъда бермоқда. Шунда менга 2 ойлик компенсация ва бошқа пуллар қандай тартибда тўланади?
Аввало, иш берувчининг алдовига ва ёлғон ваъдаларига учманг. Ариза ёзманг!
Қуйидаги мазкур вазиятларда ходимларнинг қандай ҳаракат қилишлари ҳақида тўхталамиз.
Агар ариза ёзиб, ўз хоҳишингиз билан яъни Меҳнат кодекси (МК)нинг 160-моддаси билан бўшасангиз, сизга огоҳлантириш муддатининг давомийлигига мувофиқ келадиган пулли компенсация ҳам (МК 165-модда), ишдан бўшатиш нафақаси ҳам (МК 173-модда), меҳнат шартномаси бекор қилинганидан кейин 2-3-ойлар учун аввалги иш жойингиздан ўртача ойлик иш ҳақи ҳам (МК 100-модда) тўлаб берилмайди.
Амалиётда айрим ноинсоф иш берувчилар қисқаришга тушган ёки малакаси етарли бўлмаган ходимлар билан меҳнат шартномасини бекор қилишда, мен сизнинг кейинги карьерангизни ўйлаяпман, яхшилик қиляпман деб алдаб ёки қистов йўли билан ходимнинг аризасини олишади. Бу ерда иш берувчининг асл мақсади ходимга кафолатли тўловларни тўламасликдир. Шунинг учун иш берувчининг алдови ва ёлғон ваъдаларига учманг! Қисқаришга тушган бўлсангиз, ариза ёзманг, меҳнат шартномасини белгиланган тартибда МК 161-моддаси 2-қисми 2-банди билан бекор қилишни сўранг!
Демак, қисқаришга тушган ходимни қонуний бўшатиш аслида қандай бўлиши керак, бўшатилган ходимларга қандай кафолатлар берилиши керак?
Аввало, МК 161-моддаси 2-қисмининг 2-банди бўйича меҳнат шартномасининг бекор қилиниши, технологиядаги, ишлаб чиқариш ва меҳнатни ташкил этишдаги ўзгаришларнинг ишлар ҳажмининг қисқариши билан боғлиқ бўлиши керак. Қайд этилган ушбу сабаблар мавжуд бўлгандагина суд ҳақиқатда ходимлар сони (штати) ёки ишлар ҳажмининг ўзгариши содир бўлган деб топади. Бунда шуни ҳисобга олиш лозимки, агар фақат технологиядаги, меҳнатни ва ишлаб чиқаришни ташкил этишдаги ўзгаришлар, иш ҳажмининг қисқариши, обектив сабабларга кўра ходим томонидан меҳнат шартномасида белгиланган аввалги ишни бажаришни давом эттиришга тўсқинлик қилсагина, бундай асосларда меҳнат шартномасининг бекор қилиниши асосли деб топилиши мумкин.
МК 165-моддасига кўра, иш берувчи қисқаришга тушган ходимни камида 2 ой олдин (МК 6-бўлимида айрим тоифадаги ходимларга нисбатан алоҳида огоҳлантириш муддатлари белгиланган ҳоллар мустасно, масалан, МК 494-моддасига кўра, мавсумий ходим қисқаришга тушса камида 7 календар кун олдин огоҳлантирилади) ёзма шаклда (имзо қўйдириб) огоҳлантириши шарт. Ходимга бошқа иш қидириш учун ҳафтада камида 1 кун шу вақт учун иш ҳақи сақланган ҳолда ишга чиқмаслик ҳуқуқи берилади.
Қисқариш келганда ишда қолдиришга доир имтиёзли ҳуқуқ малакаси ва меҳнат унумдорлиги юқорироқ бўлган ходимларга берилади ҳамда МК 167-моддасига мувофиқ тартибга солинади.
Шунингдек, МК 144-моддасига кўра, қисқаришга тушган ходимга иш берувчи ходимга унинг мутахассислиги ва малакасига мувофиқ келадиган бошқа ишга ўтказишни, бундай иш бўлмаган тақдирда эса иш берувчида мавжуд бўлган бошқа ишни таклиф этиши шарт.
Айтайлик, ташкилотда бошқа иш йўқ ёки ходим бошқа ишни рад қилди. Бу ҳолатда иш берувчи МК 165-моддасига кўра, огоҳлантириш муддатини унинг давомийлигига мувофиқ келадиган пулли компенсация билан алмаштиришга ҳақлидир. Демак, «ҳақлидир» сўзига эътибор беринг! Яъни огоҳлантириш муддатини пулли компенсация билан алмаштириш иш берувчининг ҳуқуқи экан. Бунда ходим билан келишиш шарт эмас. Эски Меҳнат кодексининг 102-моддасига кўра, олдин бу ҳолатда ходим билан келишилар эди. Кўпчилик эски кодекснинг мана шу талабига чалғимоқда. Демак, янги кодекснинг 165-моддасига кўра, иш берувчи истаса камида 2 ой кутади, истаса огоҳлантириш муддатини мутаносиб пулли компенсация билан алиштириб, шартномани бекор қилади.
Диққат! Меҳнат шартномасини бекор қилишдан аввал, агар жамоа келишувида ёки жамоа шартномасида меҳнат шартномасини иш берувчининг ташаббусига кўра бекор қилиш учун касаба уюшмаси қўмитасининг олдиндан розилигини олиш назарда тутилган бўлса, МК 164-моддасида белгиланган тартибда касаба уюшмаси қўмитаси розилигини олиш ҳам зарур.
Бундан ташқари, ходимнинг вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик даврида, таътилда бўлган пайтида, шунингдек, МК 163-моддасида назарда тутилган бошқа ҳолатларда меҳнат шартномасини иш берувчининг ташаббусига кўра бекор қилиш тақиқланади. МК 165-моддаси охирги қисмига кўра, ходимни огоҳлантириш муддатига ходимнинг вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик даврлари, шунингдек унинг давлат ёки жамоат мажбуриятларини бажарган вақти (МК 282-моддасига қаранг) киритилмайди, бундан меҳнатга оид муносабатларнинг ташкилот (унинг алоҳида бўлинмаси) тугатилганлиги муносабати билан тугатилиши мустасно.
Шунингдек, МК 408-409-моддаларига кўра, ҳомиладор аёллар, шунингдек, 3 ёшгача боласи бор аёл ёхуд 3 ёшгача бўлган болани ёлғиз тарбиялаётган ота (васий) қисқаришга тушмайди.
Масалан, меҳнат шартномаси 3-декабрдан бекор қилиниши ҳақидаги огоҳлантириш хати билан ходим 3-октябрда ёзма тарзда огоҳлантирилди. Ташкилотда бўш (вакант) иш ўрин йўқ. МК 164-моддасига кўра, қисқаришга тушган ходимни бўшатиш учун касаба уюшмаси розилиги олинди (касаба уюшмаси қўмитасининг розилиги талаб этилмайдиган ҳолатлар бундан мустасно).
Иш берувчининг хоҳиши асосида огоҳлантириш муддати пулли компенсацияга алмаштирилди ва ходим билан меҳнат шартномаси 3-октябрдан бекор қилинди.
Ходимга 2 ойлик (октябр, ноябр) огоҳлантириш муддатига мутаносиб равишда пуллик компенсация ва 1 ойлик (октябр) ишдан бўшатиш нафақаси тўланди.
Агарда ходим, ишга жойлашмаганлигини меҳнат дафтарчаси ёхуд электрон меҳнат дафтарчасининг кўчирма нусхаси билан тасдиқласа (электрон меҳнат дафтарчасининг кўчирма нусхасида кўрсатилган маълумотлар тўғрилигини текшириш my.mehnat.uz электрон манзили бўйича электрон меҳнат дафтарчасининг ноёб рақамини киритиш ёки мобил телефон ёрдамида QR-кодни сканер қилиш орқали амалга оширилади), Меҳнат кодексининг 100-моддаси биринчи қисмида назарда тутилган 2-ой (ноябр) учун ўртача ойлик иш ҳақини декабр ойида олиш ҳуқуқига эга бўлади.
Ушбу ходим, меҳнат шартномаси бекор қилингандан сўнг 30 календар кун ичида, яъни 3-октябрдан 2-ноябргача бўлган муддатда маҳаллий меҳнат органида иш қидираётган шахс сифатида рўйхатдан ўтган бўлса ва январ ойида бу тўғрисида меҳнат органининг маълумотномасини тақдим қилса, унга 3-ой (декабр) учун ҳам илгариги иш жойидан ўртача ойлик иш ҳақи январ ойида тўлаб берилади.
Диққат! Ишдан бўшатиш нафақаси ходим иш топган ёки топмаганлигидан қатъи назар тўлаб берилади! Ишдан бўшатиш нафақасини ишсизлик нафақаси («Аҳоли бандлиги тўғрисида»ги қонун 51-58-моддаларига қаранг) билан чалғитманг!
Шунингдек, иш қидираётган шахс ва ишсиз шахс тушунчаларини ҳам чалғитиб юборманг («Аҳоли бандлиги тўғрисида»ги қонун 3 ва 44-50-моддаларига қаранг).
Мисол, пенсионер, таълим муассасаларида ва ташкилотларида ишлаб чиқаришдан ажралган ҳолда таҳсил олаётган шахслар (таълимнинг сиртқи шаклида таҳсил олаётганлар мустасно) ишсиз деб эътироф этилмайди, яъни уларга ишсизлик нафақаси тўланмайди. Лекин улар иш қидираётган шахс сифатида эътироф этилади, улар билан меҳнат шартномаси алоҳида асосларга кўра бекор қилинганда ишдан бўшатиш нафақаси ҳам ва МК 100-моддасидаги кафолатлар ҳам тақдим қилинади.
Янада соддароқ қилиб, шартли пул суммасида тушунтираман. Қисқаришга тушган ходимнинг ўртача ойлик ҳақини шартли равишда 3 миллион деб оламиз.
2 ойлик огоҳлантириш муддати (октябр, ноябр ойлари) пулли компенсацияга алмаштирилди ва сиз билан шартнома 3-октябрда бекор қилинди. Сизга 2 ойлик компенсация яъни 6 миллион сўм тўланади. Яна бир бор эслатиб ўтаман: огоҳлантириш муддатини пуллик компенсацияга алмаштириш иш берувчининг хоҳиши асосида амалга оширилади.
Сизга 1-ой (октябр) учун МК 173-моддаси бўйича ишдан бўшатиш нафақаси ҳам тўлаб берилади. Ишдан бўшатиш нафақасининг миқдори мазкур иш берувчидаги иш стажига боғлиқ бўлади (МК 442, 494, 499, 506, 511, 518-моддаларида алоҳида истисноли ҳолатлар белгиланган). Эътибор беринг умумий меҳнат стажи эмас, айнан мазкур иш берувчидаги иш стажи. Айтайлик, Сиз мазкур иш берувчида 6 йилдан бериб ишлаб келаётган эдингиз. Беш йилдан ўн йилгача мазкур иш берувчидаги иш стажига эга бўлган ходимлар учун ишдан бўшатиш нафақасининг миқдори ўртача ойлик иш ҳақининг 100 фоизидан кам бўлиши мумкин эмас.
Демак, МК 172, 254-моддаларига кўра, Сизга 2 ойлик компенсация яъни 6 миллион сўм ҳамда 3 млн сўм ишдан бўшатиш нафақаси, жами 9 млн сўм шартнома бекор қилинган куни 3-октябр куни тўлаб берилади. Иш қидириш даврида 2-ой (ноябр) ойи учун ҳам ўртача ойлик иш ҳақингиз 3 млн сақлаб қолинади. Лекин бу пул декабр ойида тўлаб берилади. Чунки Сиз ноябр ойида ишга жойлашмаганлигингизни асослаб беришингиз лозим.
Агар сиз меҳнат шартномаси бекор қилингандан сўнг 30 календар кун ичида, яъни 3-октябрдан 2-ноябргача бўлган муддатда маҳаллий меҳнат органида иш қидираётган шахс сифатида рўйхатдан ўтган бўлсангиз ва январ ойида бу тўғрисида меҳнат органининг маълумотномасини тақдим қилсангиз, сизга 3-ой (декабр) учун ҳам илгариги иш жойингиздан 3 млн сўм ўртача ойлик иш ҳақи январ ойида тўлаб берилади.
Шунда сизга 2 ойлик огоҳлантириш муддати (октябр, ноябр ойлари учун) пулли компенсация 6 млн + 1-ой (октябр) учун 3 млн сўм ишдан бўшатиш нафақаси + 2-ой (ноябр) учун 3 млн +3-ой (декабр) учун 3 млн (меҳнат шартномаси бекор қилингандан сўнг 30 календар кун ичида маҳаллий меҳнат органида иш қидираётган шахс сифатида рўйхатдан ўтган бўлсангиз), жами 15 млн тўлаб берилар экан.
Демак, агар Сиз иш берувчининг ёлғон ваъдаларига учиб ариза ёзиб ўз хоҳишингиз билан бўшасангиз, юқоридаги кафолатлар сизга тўланмайди яъни 15 миллион сўмдан қуруқ қолар экансиз.
Изоҳ: тушунарли бўлиши учун суммани шартли равишда олиб тушунтирилди. Жами тўланадиган суммалар ходимнинг ўртача ойлик ҳақига, иш берувчидаги иш стажига, МК 100-моддасида белгиланган талабларга қараб ўзгаради.
Шунинг учун, шартномани МК 161-моддаси 2-қисми 2-бандига кўра бекор қилинишини талаб қилинг, ўз ташаббусингиз билан ариза ёзиб бўшаманг.
Диққат! МК 102-моддаси охирги қисмига кўра, иш берувчи ушбу Кодекс 161-моддаси 2-қисмининг 2-бандига кўра илгари ўзи билан меҳнат шартномаси бекор қилинган ходимларни, башарти ходим билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинган кундан эътиборан 6 ой ичида ташкилотда ходим илгари эгаллаган ўша мутахассислик ва малака бўйича бўш (вакант) иш ўринлари пайдо бўлган бўлса, ишга қабул қилиши шарт.
Яъни содда қилиб айтганда, қисқаришга тушган ходим ишдан бўшаган кундан бошлаб 6 ой ичида ташкилотда ходим илгари эгаллаган ўша мутахассислик ва малака бўйича бўш (вакант) иш ўринлари пайдо бўлган бўлса, иш берувчи қисқаришга тушиб ишдан бўшатилган ходимни қайта ишга қабул қилиши шарт.
Муҳаммадамин КАРИМЖОНОВ
Тошкент давлат юридик университети
Меҳнат ҳуқуқи кафедраси катта ўқитувчиси
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter