Ишловчи пенсионерни мажбуран ишдан бўшатиш мумкинми?
Савол: ишловчи пенсионерни мажбуран ишдан бўшатиш мумкинми?
Меҳнат кодексининг 160-моддасига кўра, ходим номуайян муддатга тузилган меҳнат шартномасини, шунингдек муддати тугагунига қадар муддатли меҳнат шартномасини ўн тўрт календарь кун олдин бу ҳақда иш берувчини ёзма шаклда огоҳлантирган ҳолда бекор қилишга ҳақли. Айрим тоифа ҳодимларга ўз ташаббусига кўра меҳнат шартномаси бекор қилинганда иш берувчини огоҳлантиришнинг бошқа муддатлари қуйидагиларга нисбатан белгилаб қўйилган.
Яъни меҳнат шартномасини бекор қилишга ходим шу корхонадаги ишни ҳақиқатда ташлаб кетиш истагини билдирган ёзма аризасига биноан йўл қўйилади. Меҳнат шартномасини бекор қилиш ҳақидаги аризани иш берувчининг қистови билан, мажбурлаб ёздиришга йўл қўйилмайди.
Бундан ташқари, МК 4-моддасига кўра, ҳар ким меҳнат ҳуқуқларини амалга ошириш ва ҳимоя қилишда тенг имкониятларга эга. Янги Меҳнат кодексига кўра, пенсионер ходимни пенсия ёшига тўлганлиги муносабати билан ишдан бўшатиб бўлмайди (Эски Кодекс бўйича бўшатиш мумкин эди).
Савол: иккинчи ва ундан кейинги иш йили учун йиллик меҳнат таътилига иш йилининг исталган пайтида чиқиш мумкинми?
Меҳнат кодексининг 228-моддаси (Иккинчи ва кейинги иш йиллари учун ҳар йилги меҳнат таътилини бериш тартиби) 4-қисмига кўра, ходимнинг хоҳишига кўра ҳар йилги меҳнат таътили унга қулай бўлган вақтда қуйидагиларга берилиши керак:
- аёлларга — ҳомиладорлик ва туғиш таътилидан олдин ёки ундан кейин;
- болани парваришлаш таътилидан фойдаланаётган ходимга ушбу таътилдан олдин ёки кейин;
- ўн тўрт ёшга тўлмаган бир ёки ундан ортиқ нафар болани (ўн олти ёшга тўлмаган ногиронлиги бўлган болани) тарбиялаётган шахсларга (ёлғиз ота-онага, шу жумладан бева аёлларга, бева эркакларга, никоҳдан ажралганларга, муддатли ҳарбий хизматдаги ҳарбий хизматчиларнинг хотинларига, ота-онанинг ўрнини босувчи шахсларга);
- I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсларга;
- 1941 — 1945 йиллардаги уруш қатнашчиларига ва имтиёзлари бўйича уларга тенглаштирилган шахсларга;
- ўн саккиз ёшдан кичик бўлган шахсларга;
- ишдан ажралмаган ҳолда таълим ташкилотларида ўқиётганларга, агар улар ўзининг ҳар йилги меҳнат таътилини имтиҳонлар, синовлар (зачётлар) топшириш, битирув малакавий ишларини, магистрлик диссертацияларини, курс, лаборатория ишларини ва бошқа ўқув ишларини бажариш вақтига тўғрилаб олишни хоҳласа;
- «Ўзбекистон Республикаси фахрий донори» кўкрак нишони билан тақдирланган шахсларга;
- жамоа келишувларида, шунингдек жамоа шартномасида ёхуд бошқа ички ҳужжатларда белгиланган ҳолларда бошқа ходимларга.
Модданинг 5-қисмига кўра, ишлайдиган эркакларга ҳар йилги меҳнат таътили уларнинг хоҳишига кўра хотинининг ҳомиладорлик ва туғиш таътили даврида берилади.
Демак, юқоридаги тоифа ходимлар иккинчи ва кейинги иш йиллари учун ҳар йилги меҳнат таътилини ўзлари учун қулай вақтда олишлари мумкин. Яъни бу тоифа ходимлар таътилга ариза ёзишса таътиллар жадвали билан белгиланадиган ҳар йилги меҳнат таътилларини бериш навбатидан олдин ҳам таътилга чиқишлари мумкин.
Юқоридаги тоифага тушмаган ҳодимларчи? МК 228-моддаси охирги қисмига кўра, жадвалда белгиланган ҳар йилги меҳнат таътилини бериш вақти ходим ва иш берувчи ўртасидаги келишувга биноан ўзгартирилиши мумкин.
Савол: кетма-кет 2 нафар фарзандим туғилгани учун «декрет»даман. Энди учинчи фарзандимга ҳам туғиш таътили олмоқчи бўлсам, менга таътил пули бериладими? Ёки ўртада 5-6 ой ишлаб кейин туғиш таътилига чиқишим керакми?
Ҳомиладорлик ва туғиш таътилини кейингисига улашда лимит яъни чеклов йўқ. 3-фарзандингиз учун ҳам таътилга чиқсангиз туғиш нафақаси тўлиқ тўлаб берилади.
«Меҳнатга лаёқатсизлик варақаларини бериш тартиби тўғрисида»ги Йўриқноманинг 29-бандига кўра, бола икки ва уч ёшга тўлгунга қадар парваришлаш учун бериладиган таътил ёки иш ҳақи сақланмаган ҳолда қўшимча таътилда бўлган аёлларнинг такрорий ҳомиладорлиги учун меҳнатга лаёқатсизлик варақаси умумий асосда берилади.
Саволларингизни @xabargayoz_bot 'га жўнатишингиз мумкин.
Саволларга экспертимиз Муҳаммадамин Каримжонов
жавоб берган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter