Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Инсонга қўлланадиган ҳуқуқий таъсир чоралари адолатли бўлиши керак – мутахассис

Инсонга қўлланадиган ҳуқуқий таъсир чоралари адолатли бўлиши керак – мутахассис

Янги таҳрирдаги Конституция лойиҳасининг 20-моддасида давлат органлари томонидан инсонга нисбатан қўлланиладиган ҳуқуқий таъсир чоралари мутаносиблик принципига асосланиши ва қонунларда назарда тутилган мақсадларга эришиш учун етарли бўлиши кераклиги белгилаб қўйилмоқда.

Мутаносиблик принципи инсонга қўлланаётган ҳуқуқий таъсир чораларининг мақсадга мувофиқ ва адолатли бўлиши, ортиқча мажбурият юкламаслиги, унинг ҳуқуқ ҳамда эркинликларини заруратсиз чекамасликни назарда тутади.

«Маъмурий тартиб-таомиллар тўғрисида»ги қонунинг 7-моддасида маъмурий иш юритиш жараёнида жисмоний ва юридик шахсларга кўрсатиладиган таъсир чоралари маъмурий орган томонидан кўзланган қонуний мақсадга эришиш учун мос ва етарли бўлиши ҳамда манфаатдор шахсларга имкон қадар қийинчилик туғдирмаслиги кераклиги назарда тутилган. Аммо ушбу принципни шахс ва давлат ўртасида бўладиган бошқа муносабатларга ҳам жорий этиш зарурати аён бўлмоқда.

Муаммо нимада?

Амалдаги қонун ҳужжатларида белгиланган айрим ҳуқуқий таъсир чоралари фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари учун ортиқча ташвиш, ҳаражат ва сарсонгарчиликларни келтириб чиқармоқда. Масалан, фуқарони ипотека кредитидан 3 миллион сўмлик уч ойлик қарзини тўлай олмаганлиги учун банк судга берганда, амалдаги қонунчилигимизга кўра даъво аризаси 3 миллион сўм, яъни реал қарз бўйича эмас, балки кредитнинг тўланмаган қисмига, дейлик, 250 миллион сўмга нисбатан берилади. Суд аризани кўриб чиқиб, қарздордан 10 миллион сўмдан ортиқ давлат божи ундириш ва шартномани бекор қилиш бўйича қарор қабул қилади. 3 миллион сўмни тўлай олмаган фуқаро 10 миллион давлат божини қандай тўлайди? Бу мисолдан кўриш мумкинки, суд қўллаган ҳуқуқий таъсир чораси мақсадга эришиш учун мутаносиб эмас. Шунингдек, йўл ҳаракати қоидаларини бузганлик учун жарималар ўз вақтида тўланмаган тақдирда, яъни қарздор 15 кунлик ихтиёрий муддат ичида мавжуд қарздорлигини тўлаб бермаган тақдирда унга нисбатан БҲМнинг 1 баробаридан 5 баробаригача бўлган миқдорда қўшимча жарима ҳам қўлланади бу вазиятда ҳам моддий имконияти чекланлиги учун жарима тўлай олмаган шахснинг зиммасига яна қўшимча жарима тўлаш мажбуриятини юкалаш адолатга тўғри келмайди.

Худди шунингдек, солиқ мажбуриятларини таъминлаш мақсадида мол-мулкни хатлаш, тадбиркорлик субъектларига нисбатан ҳуқуқий таъсир чораларини (фаолиятни тугатиш, тўхтатиб қўйиш, банклардаги ҳисобварақлар бўйича операцияларни тўхтатиб қўйиш, молиявий санкцияларни, мусодара қилиш, лицензияни тўхтатиб қўйиш, амал қилишини тугатиш ва бекор қилиш) қўллаш, йўл ҳаракати хавфсизлиги соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар учун маъмурий жарималарни белгилаш ҳамда транспорт воситаларини ушлаб туриш, қарздорлиги учун фуқаронинг хорижга чиқишини тақиқлаш каби айрим ҳуқуқий таъсир чоралари ҳаддан ортиқ қаттиқлиги, фуқаролар ва тадбиркорларнинг имкониятларига мос эмаслиги юзасидан эътирозлар бўлмоқда.

Фуқарога қўлланадиган ҳуқуқий таъсир чораларини бажаришнинг имкони бўлмаса у яна қоидани бузишга мажбур бўлади ёки тадбиркорнинг фаолияти оддийроқ сабабларга кўра тўхтатиб қўйиладиган бўлса у касод бўлади ёки катта зарар кўради.

Энди ечим қандай бўлади?

Конституция лойиҳасининг 20-моддасида давлат органлари томонидан инсонга нисбатан қўлланиладиган ҳуқуқий таъсир чоралари мутаносиблик принципига асосланиши ва қонунларда назарда тутилган мақсадларга эришиш учун етарли бўлиши кераклиги тўғрисидаги қоиданинг киритилиши инсонга нисбатан қўлланадиган ҳар қандай ҳуқуқий таъсир чораси унинг имкониятларига мос бўлишини таъминлайди. Шу нуқтаи назардан, ушбу қоида давлат идораларининг ўз вазифаларини инсон ҳуқуқларига риоя қилган ҳолда амалга оширишга ҳамда инсонга қўлланиладиган ҳуқуқий таъсир чоралари кўзланган қонуний мақсадга эришиш учун мос ва етарли бўлишини таъминлашга хизмат қилади.

Эндиликда қонунчилик ҳужжатларида инсонга ортиқча ташвиш туғдирадиган, унинг қонуний манфаатларини камситадиган ҳуқуқ ий чоралари қайта кўриб чиқилади. Бу эса ўз навбатида шахс манфаатлари устуворлигини таъминлашга хизмат қилади.

Фарҳод ПРИМОВ,
Юридик фанлари бўйича фалсафа доктори

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг