Ғофуржон Мирзаев бошчилигидаги гуруҳ Тошкент вилоятида иш бошлади
Давлат раҳбари топшириғига мувофиқ, яқинда маслаҳатчи этиб тайинланган Ғофуржон Мирзаев бошчилигидаги ишчи гуруҳ, аҳоли билан мулоқотнинг янги тизими доирасида фаолиятини бошлади. Бунда Тошкент вилоятининг оғир ҳудудларидан бири бўлган Оққўрғон тумани тажриба сифатида танлаб олинган.
Айни кунларда ишчи гуруҳ таркибига киритилган 24 та вазирлик ва идора раҳбарларидан иборат гуруҳ 4 та сектор кесимида тумандаги 29 та маҳаллада фаолият олиб бормоқда.Ишчи гуруҳи туман ҳудудини маҳаллама-маҳалла, уйма-уй юриб, ҳар бир хонадоннинг шароити билан танишиб, аҳоли муаммолари ва ижтимоий-иқтисодий масалаларини ўрганиб, уларни тезкор ва самарали ҳал қилиш чораларини кўрмоқда. Ушбу жараёнда асосий эътибор — оғир ижтимоий аҳволдаги, якка-ёлғиз, боқувчисини йўқотган инсонларни қийнаётган масалаларга ечим топишга қаратилмоқда.
Айни пайтда Оққўрғон туманининг Ёшлик, Маданият, Жағалбойли, Сувти, Қўштамғали, Мустақиллик, Хонобод, Элтамғали, Султон Сегизбоев, Толовул маҳаллаларидаги 920 та хонадон ва 15 та ижтимоий соҳа объекти ўрганилди. Уларда аниқланган 547 та масаланинг 76 таси (13,8 фоизи) ҳал қилинди, 471 та масала бўйича чора-тадбирлар белгиланди.
Шу билан бирга, муддат ва маблағ талаб қиладиган қатор масалаларни келгуси йил дастурларига киритиш белгиланди.
Республика ишчи гуруҳи ўз фаолиятини давом эттирмоқда.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter