Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Фарғонада болаларга экологияга оид Брайль алифбосидаги китоблар тарқатилди

Фарғонада болаларга экологияга оид Брайль алифбосидаги китоблар тарқатилди

Фарғона вилояти Қўқон шаҳрида «Қаҳрамонлар даври» болалар экологик ҳаракати томонидан Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ҳамда «Меҳрли қўллар» маркази кўмагида кўришда нуқсони бўлган болалар мактаб-интернатида хайрия тадбири ўтказилди.

Тадбир доирасида болаларга экологияга оид брайл алифбосида ёзилган китоблар совға қилинди. Уларга «Пластикакл ким?» ва «Доктор Чихахл ва унинг даҳшатли сири» эртак китоблари, шунингдек, ушбу китобларнинг болалар спектакли форматида ёзилган аудио версиялари тортиқ қилинган.

Тадбир давомида болаларга ўқиб берилган эртаклар қизиқиш билан қабул қилинди, викторина трзида савол-жавоблар уюштирилди. Шунингдек, болаларга эртак қаҳрамонларини ясаш учун пластелин тўпламлари совға қилинди. 

Болалар экологик муаммолар, жумладан, ер ва сувнинг чиқиндилар билан ифлосланиши оқибатлари, глобал исиш нима учун содир бўлиши ва иқлим ўзгариши нималарга олиб келиши ҳақидаги билимларини намойиш этдилар. Саволларга фаол жавоб бериб, табиатни асраш муҳимлигини муҳокама қилган ўғил-қизлар болалар экологик ҳаракатининг фаол иштирокчиси бўлиш, ўзларини сайёрамиз ҳимоячиси ва қаҳрамонига айланиш истагини билдиришди.

Болажонлар учун куй-қўшиқ, маданий тадбирлар, коцерт дастури намойиш этилди.

Шунингдек, Наманган вилоят Экология бошқармаси ходимлари билан биргаликда Косонсой туманида жойлашган 45-сонли «Нурли маскан» мактаб-интернатида ҳам Брайль алифбосидаги китоблар тақдимоти бўлиб ўтди. Тадбирда ўқувчилар ўртасида турли кўнгилочар ўйинлари ўтказилиб, Экология вазирлигининг совғалари топширилди.

Тадбир сўнгида «Яшил макон» лойиҳаси доирасида болажонлар билан бирга мактаб ҳовлисига 100 тупдан зиёд манзарали кўчатлар экилди. 

Маълумот учун, лойиҳа Фарғона водийсининг бешта шаҳрида – Марғилон, Фарғона, Қўқон, Асака ва Косонсойдаги кўриш имконияти чекланган болалар мактаб-интернатларида бошланган. Ҳар бир таълим муассасасининг кутубхонасига «Қаҳрамонлар даври» болалар эко-сериясининг дастлабки 2 сони тақдим этилди. Бу китобларда экологик муаммолар эртак қаҳрамонлари орқали тасвирлаб берилган.  

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг