Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Энди таъқиб этилганлик учун ҳам ҳимоя ордери берилиши мумкин

Энди таъқиб этилганлик учун ҳам ҳимоя ордери берилиши мумкин

Адлия вазирлиги томонидан парламент икки палатаси ҳамкорликда «Хотин-қизлар ва болалар ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш тизими янада такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаcи ишлаб чиқилди.

Унга кўра, «Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонунда «таъқиб этиш» (stalking) тушунчасига таъриф берилиб, таъқиб этилганлик учун ҳам ҳимоя ордери берилиши мумкинлиги белгиланмоқда.

Таъқиб этиш – жабрланувчининг хоҳиш-иродасига қарши, хусусан унинг икки ёки ундан ортиқ очиқ қаршилиги ёхуд огоҳлантиришига қарамай, уни қидириш, у билан оғзаки, алоқа воситалари орқали ёки бошқа усулларни қўллаган ҳолда алоқага киришиш, жабрланувчининг иш, ўқиш ва (ёки) яшаш жойига бориш каби ҳаракатларда ифодаланадиган, жабрланувчида ёки унинг яқин қариндошларида асосли қўрқув ёки улар ҳаётига таҳдид хавфини келтириб чиқарувчи, бир мартадан кўп қасддан содир этиладиган ҳаракат.

Шунингдек, тазйиқ ва зўравонликдан жабрланувчига давлат ҳимоясини тақдим этувчи ордер суд томонидан 1 йил муддатгача берилиши белгиланяпти.

Қайд этилишича, амалда ордер ички ишлар идоралари томонидан 30 кунга берилади. 2022 йилнинг ўтган даври мобайнида эса илгари ҳимоя ордери берилган хотин-қизларнинг 12 нафари такроран зўравонликка учрагани аниқланган.

Шу билан бирга, ҳужжат лойиҳаси билан ҳимоя ордери билан белгиланадиган қўшимча чекловлар турлари (жабрланувчи яшайдиган турар-жой майдони ёки унинг бир қисмидан фойдаланиш, жабрланувчининг иш жойи ёки бошқа жойларга яқинлашишни муайян вақтга чеклаш, муайян жойларда бўлмаслик, наркологик касалликдан даволаниш) ҳам  киритилмоқда.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг