Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Эҳтиёжманд қатламга кўмаклашиш учун ягона тизим жорий қилиняпти – мутахассис

Эҳтиёжманд қатламга кўмаклашиш учун ягона тизим жорий қилиняпти – мутахассис

Аҳолига давлат томонидан кафолатланагн ижтимоий хизматлар кўрсатишнинг янги тизими жорий этилмоқда. Бу борада Президентнинг “Аҳолига сифатли ижтимоий хизмат ва ёрдам кўрсатиш ҳамда унинг самарали назорат тизимини йўлга қўйиш бўйича комплекс чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони ҳамда “Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигини ташкил қилиш тўғрисидаги” қарори қабул қилинди.

Ушбу ҳужжатлар билан аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш соҳасида маҳалла, туман, вилоят, республика кесимларида давлат томонидан кафолатланган ижтимоий хизматлар кўрсатиш тизими яратиломқда. Қисқача айтганда эса, мамлакат миқёсида ягона ижтимоий сиёсатни юргизадиган тизим яратилиши кўзда тутилмоқда.

Ушбу янгиликни шарҳлаш ҳамда бу борада кутилаётган режалар ҳақида ўртоқлашиш учун Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги Бошқарма бошлиғи Баҳодир Каримовни суҳбатга тортдик.

– Баҳодир Каримович, авваламбор, сўровимизга розилик билдирганингиз учун миннатдорчилик билдирамиз.

– Раҳмат.

– Яқинда ташкил этилган Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ва “Инсон” ижтимоий хизматлар марказларидан нималар умид қилинмоқда?

– Албатта, юқоридаги икки ҳужжат билан аҳолининг эҳтиёжманд қатламига ёрдам кўрсатиш назарда тутилган. Бугунги кунгача ҳам ушбу ижтимоий йўналишда кўмаклашадиган тизим бор эди. Лекин бу хизмат кўплаб вазирлик ва идораларда тарқоқ ҳолида бўлган. Бу эса эҳтиёжманд қатламга кўрсатилаётган ижтимоий кўмак сифатини назорат қилишда бироз қийинчиликларни туғдирар эди. Мазкур фармон билан эса бир қатор ижтимоий ёрдамлар босқичма-босқич, 2025 йилнинг 1 январига қадар Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигига бириктириб борилади.

Агентликнинг ҳудудларда ташкил этилаётган “Инсон” ижтимоий хизматлар марказларида эса ижтимоий гуруҳлар ташкил этилиб, уларда олий маълумотли психолог, ижтимоий иш ходими, шунингдек, ижтимоий юристлар фаолият олиб боради. Улар ўз ёрдамчилари билан ҳар бир маҳалла ва маҳалладаги хонадонларда уйма-уй юриб, ижтимоий кўмакка муҳтож бўлганларни хатловдан ўтказади. Яъни уларга қандай ёрдам кўрсатиш мумкин, деган мазмунда.

Илгарилари қандай бўлган: тизимда турли ташкилотлар ўрганиш олиб борганлиги сабабли бир оилага кирилганида унинг барча муаммоларини ўрганиш чекланган. Яъни, бир фуқарога ногиронликни белгилаш борасида ёрдам керак бўлса, унинг даволаниши, нафақаси ёки санаторийларга юборилиши масаласи ҳал этилмасдан қолаверган. Эндиликда эса бундай бўлмайди: оилаларнинг барча муаммолари ўрганилади ва уларнинг ижтимоий паспортлари шакллантирилади. Ижтимоий паспортлардан келиб чиқиб келгуси режалар ишлаб чиқилади. Босқичма-босқич ёрдам кўрсатиш ишчи гуруҳлар томонидан то якунга қадар назорат қилинади ва охирида якуний масала ҳам ўрганилиб, уларни назорат гуруҳидан чиқариш масаласи кўрилади.

– Энди ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларнинг таълим соҳасида оладиган кўмаклари қай даражада бўлади?

– Юқоридаги фармонда ногиронлиги бўлган шахсларга таълим бериш жараёнига алоҳида эътибор берилган. Масалан, мактабгача таълим муассасаларида таълим олиши керак бўлган болалар бўлса, ижтимоий ҳимоя гуруҳлари ходимлари ушбу ҳолатни ўрганиб чиқади. Яъни улар қайси турдаги – оддий ёки ихтисослаштирилган мактабгача таълим муассасаларига бориши кераклиги ўрганилади ва ечим берилади.

Шу билан биргаликда махсус мактаб-интернатлари тўлиқ хатловдан ўтказилади. Ўрганишлар натижасида уларда қандай таълим услубларини қўллаш мумкин, нималарга аҳамият бериш керак, каби масалалар ҳал этилади. Шунингдек, мактабларни тугатганларни ОТМларда билим олишга йўналтириш ёки касбга йўналитириб, бандлигини таъминлаш ҳам назарда тутилади. Эҳтиёжманд аҳолининг бандлигини таъминлаш билан эса ўз-ўзидан ижтимоий муаммоларнинг ечими топилади.

Фармон билан ишлаб чиқилиши режалаштирилаётган “Ягона миллий ижтимоий ҳимоя” ахборот тизими билан барча вазирлик ва идоралар интеграция қилинади. Бу билан эса юқоридаги каби масалаларнинг ечими ҳам осонлашади.

– Шу ўринда, “Ягона миллий ижтимоий ҳимоя” ахборот тизими ҳақида ҳам тўхталсангиз...

– Аслида ушбу фармоннинг қабул қилиниши ижтимоий соҳа учун катта тарихий аҳамиятга эга. Шу тизимда 25 йилдан ортиқ ишлаётган бўлсам, албатта, бу борада кўплаб ҳужжатлар қабул қилинган. Айниқса, 2016 йилдан бошлаб қатор ишлар амалга оширилди.

Юқоридаги фармон билан эса ижтимоий ёрдамлар аҳолига манзилли тартибда кўрсатиладиган бўлади. Яъни бу хизматлар уйларгача кириб боради. Аввалгидек, эҳтиёжманд фуқаролар давлат идораларига бориб юриши шарт бўлмайди. Бизнинг алоҳида тузилган гуруҳларимиз бориб уларнинг ҳамма шароитларини ўрганади, уларнинг ҳужжатларини электрон платформада юритиб боради, яъни жараён рақамлаштирилади.

Шу билан биргаликда Агентлик ўзига тааллуқли бўлган масалаларни ечишда бошқа вазирлик ва идоралар билан алоқадор ўринларда уларни электрон дастур орқали лозим бўлган ташкилотларга жўнатади. Улар бу масала ечимини беради ва бу ҳам электрон платформада кўриниб туради.

Ижтимоий соҳадаги муаммоларга бу каби ёндашув халқаро тажрибаларда мавжуд. Мен айрим давлатларнинг бу борадаги тажрибалари билан танишган киши сифатида юқоридаги фармон ва қарор билан йўлга қўйилаётган тизимнинг истиқболини юқори баҳолайман.

– Баҳодир Каримович, мазмунли суҳбатингиз учун ташаккур.

– Сизга ҳам раҳмат.

Элбек Боймурадов суҳбатлашди

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг