Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«Декрет» пули ходимга қанча муддатда тўлаб берилиши керак?

«Декрет» пули ходимга қанча муддатда тўлаб берилиши керак?

Савол: мени бошқа лавозимга ўтказишмоқчи, лекин мен бунга рози эмасман. Иш берувчи мажбурлаб бошқа лавозимга ўтказиб юбориши мумкинми?

Меҳнат кодексининг 140-моддасига кўра, ходимни бошқа ишга доимий ўтказишга фақат унинг розилиги билан йўл қўйилади.

Ходимни вақтинча бошқа ишга ўтказиш унинг розилиги билан амалга оширилади, бундан ушбу Кодекснинг 145-моддасига мувофиқ ишлаб чиқариш зарурияти ёки бекор туриб қолиниши ҳоллари мустасно.

Иш берувчи ходимнинг бошқа ишга ўтказишга розилиги олингунига қадар ходим ўзи ўтказилаётган ишнинг мазмуни, ушбу ишдаги меҳнат шартлари, шунингдек мазкур ишни бажариш билан бевосита боғлиқ бўлган ички ҳужжатлар билан олдиндан таништирилиши шарт.

Ходим иш берувчидан бошқа ишга ўтказишни талаб қилишга ҳақли эмас, бундан ушбу Кодекснинг 142, 143-моддаларининг биринчи қисмида, 144-моддасининг иккинчи қисмида, 364, 394 ва 395-моддаларининг биринчи қисмида назарда тутилган ҳоллар мустасно.

Савол: бир ходим, мисол учун, 29 майдан 90 кунга ўз ҳисобидан таътилга чиққан эди. Энди 14 августдан меҳнат таътилга чиқяпти. Шунда унга йиллик меҳнат таътили қандай ҳисобланади?

Меҳнат кодексининг 226-моддасига кўра, ходимнинг илтимосига кўра бериладиган, иш йили давомида икки ҳафтадан ошмайдиган иш ҳақи сақланмайдиган таътиллар вақти ҳар йилги асосий меҳнат таътилини ва битта ташкилотда ёки тармоқда кўп йиллик иш стажи учун қўшимча таътил олиш ҳуқуқини берувчи иш стажи жумласига киради. Демак, 2 ҳафтадан ошадиган иш ҳақи сақланмайдиган таътиллар ҳар йилги асосий меҳнат таътилини ва битта ташкилотда ёки тармоқда кўп йиллик иш стажи учун қўшимча таътил олиш ҳуқуқини берувчи иш стажи жумласига кирмайди.

Диққат! МК 13-моддасига кўра, меҳнат ҳақидаги бошқа ҳуқуқий ҳужжатларда ходимлар учун меҳнат тўғрисидаги қонунчиликда белгиланганига нисбатан қўшимча ҳуқуқлар ва кафолатлар назарда тутилиши мумкин. Демак, жамоа шартномасида, бошқа ички локал ҳужжат ёки меҳнат шартномасида 2 ҳафтадан ошадиган иш ҳақи сақланмайдиган таътилни ҳам навбатдаги меҳнат таътилини олишга ҳуқуқ берувчи иш стажига ва тармоқда кўп йиллик иш стажи учун қўшимча таътил олиш ҳуқуқини берувчи иш стажига киритилиши мумкинлиги назарда тутилиши мумкин.

Шунингдек, МК 225-моддасига кўра, агар ушбу Кодекснинг 226-моддасига мувофиқ иш йилига киритиладиган даврларнинг суммаси тўлиқ ўн икки календарь ойдан кам бўлса, ходимнинг иш йили етишмаётган вақтга сурилади.

Мисол учун, ходимнинг иш йили 2022 йил 9 июлда бошланган. Тегишинча, у 2023 йил 8 июлда тугаши керак эди. Бироқ иш йили давомида ходимга давомийлиги 60 кун бўлган иш ҳақи сақланмайдиган таътил берилди.

Унинг иш йили тугаши 46 календарь кунга (60 – 14) сурилади ва 2023 йил 23 августда тугайди. Тегишинча, кейинги иш йили 9 июлдан эмас, балки 2023 йил 24 августдан бошланади.

Савол: туғуруқ таътили (декрет) пули ходимга қанча муддатда тўлаб берилиши керак? Агар 3-4 ой кечикса, қандай чора кўрилади?

«Давлат ижтимоий суғуртаси бўйича нафақалар тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисида»ги Низомнинг (Адлия вазирлиги томонидан 2002 йил 8 майда 1136-сон билан давлат рўйхатидан ўтказилган) 103-бандига кўра, вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик бўйича тайинланган нафақалар, шу жумладан сил касаллиги санаторийларида даволаниш учун бериладиган нафақалар, иш ҳақи тўлаш учун белгиланган муддатларда тўланади.

МК 253-моддасига кўра, ходимларга иш ҳақи тўлаш муддатлари жамоа шартномасида ёки ички ҳужжатда, улар мавжуд бўлмаганда эса меҳнат шартномасида шарт қилиб кўрсатилган муддатларда белгиланади ва ҳар ярим ойда бир мартадан кам бўлиши мумкин эмас. Ходимларга ойлик иш ҳақи, қоида тариқасида, ўн олти кундан кўп бўлмаган танаффус билан икки қисмга бўлинган ҳолда (бўнакда ва қолган қисми миқдорида) тўланади.

Демак, юқоридагилардан хулоса қилсак ҳомиладорлик ва туғиш бўйича нафақа яъни «декрет пули» иш ҳақи тўлаш учун белгиланган муддатларда тўланиши лозим.

МК 333-моддасига кўра, иш берувчи иш ҳақини, таътил тўловларини, меҳнат шартномаси бекор қилингандаги тўловларни ва (ёки) ходимга тўланиши лозим бўлган бошқа тўловларни тўлаш муддатини бузган тақдирда, уларни тўлов муддатидан кейинги кундан эътиборан то ҳақиқатда ҳисоб-китоб қилинган кунни ўз ичига олган муддатгача ҳар бир кечиктирилган кун учун Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг ўша вақтда амалда бўлган қайта молиялаштириш ставкасидан келиб чиққан ҳолда фоизлар (пулли компенсация) билан бирга тўлаши шарт.

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси 49-3-моддасига кўра, вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик, ҳомиладорлик ва туғиш нафақаларини қонунчиликда белгиланган миқдорларда тўлаш бўйича мажбуриятдан бўйин товлаш, базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн бараваридан ўн беш бараваригача (4 миллион 950 минг сўмгача) миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Агар меҳнат ҳуқуқларингиз бузилса, ҳудудингиздаги меҳнат инспекциясига, прокуратура ёки адлия органларига мурожаат қилинг. Ёки қуйидаги ишонч рақамларига телефон қилинг: 1000 ёки +99871 210 00 00 (Президент виртуал қабулхонаси), +99871 200 06 00 (Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги ) 1007 (Бош прокуратура) , 1008 (Адлия вазирлиги).

Саволларга экспертимиз Муҳаммадамин Каримжонов
жавоб берган.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг