Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Бухоро: янги масжидда ўқилган Ҳайит намози шукуҳи (фото)

Бухоро: янги масжидда ўқилган Ҳайит намози шукуҳи (фото)

Фото: Xabar.uz

Ўтган 2022 йилнинг Рамазон ҳайити кунида Бухоро вилояти, Вобкент туманидаги «Дўстлик» маҳалласида икки қаватдан иборат янги жомеъ масжиди фойдаланишга топширилган эди. Майдони 22 сотихдан иборат, 2500 минг намозхонга мўлжалланган жомеъ масжид илк бор «Қассоблик» дея аталганди. Шу ном остида қарийб бир йилча фаолият юритган жомеъ масжиди маҳаллий аҳоли таклифи билан «Мири Хурд Вобкандий» дея ўзгартирилган.

«Масжид барча қулайликларга эга бўлган таҳоратхона,  аёллар учун алоҳида намозхона, Имом хатиб хонаси, маъмурий бинолар, кутубхона ҳамда азон айтиш учун мўлжалланган минорадан иборат. Мазкур жомеъ масжидга илгари, атиги 50 та намозхон сиғар эди. Замон талабига  жавоб бермагани намозхонлар сонининг салкам 100 баравардан зиёд кўпайган масжиднинг янгидан барпо этилишига туртки бўлганди. Қадимий айвон устунлари сақлаб қолинган. Бугунги кунда туманда масжидлар сони 10 тага етган бўлиб, «Мири Хурд Вобкандий» энг йирик жомеъ масжиди ҳисобланади», – дейди жомеъ масжиди имом хатиби Қурбон Шукруллоев.

Таъкидланишича, Мири Хурд Вобкандий Хўжа Маҳмуд Анжир Фағнавий ҳазратларининг яқин шогирди ва халифаси бўлган. Мири Хурд Вобкандий номи билан машҳур бу зотнинг асли исми Амир Ҳусайн Хўжа бўлиб,  ўз даврининг етук олим ва авлиёларидан бўлган. Амир Ҳусайн ҳаёти ҳақидаги турли ривоятларга кўра, у Аллоҳдан ёмғир сўраб,  дуо қилганда,  ёмғир ёққан. Уч кунгача тинмаган бундай ёмғирлар.

«Хазинатул асфиё» китобида келтирилишича, Мири Хурд ҳижрий 719 (мелодий 1319) йилда вафот этган. «Рашаҳот» ва Носирииддин Тўранинг «Туҳфатуз зоирин» асарида ёзилишича, унинг қабри Маҳмуд Анжир Фағнавий мақбари супасида жойлашган.

«Тарихий ҳужжатларга кўра эс, Мири Хурднинг мақбараси Вобкент қалъаси ташқарисида, деган хулосага келиш мумкин. Илгари бу ерда «Савр» масжиди, «Мадрасаи нав» намозгоҳи ҳамда кутубхона бўлган. Таассуфки, мустабид тузум даврида бу масканларнинг асосий қисмлари бузилиб кетган. Ўтган асрнинг олтмишинчи йилларига келиб, мозорлар ҳам текисланиб, ўрнида кутубхона, шифохона, мактаб, ҳаммом каби иншоотлар қурилган. Фақатгина Мири Хурд Вобкандийнинг мақбараси Аллоҳнинг инояти ила хас-ҳашаклар остида бузилмай қолиб кетган бўлган. 700 йилдан буён Мири Хурд Вобкандийга алоҳида эҳтиром кўрсатиб келинмоқда», – дейди имом хатиб.

Билдирилишича, жомеъ масжиднинг тикланиши ҳашарида маҳаллий аҳолининг ҳам ҳиссаси катта бўлган. Шунингдек, Самарқанд ва Сурхондарёдан моҳир усталар жалб этилган. Қурилиш ишларида ҳомийлар ихтиёрий кўмак кўрсатишган. 15 миллиардга яқин маблағ сарфланган.

«Рамазон ҳайити куни намозхонларга «Қуръони карим» китоби ҳадя этилди. Эътиборлиси, бу масжидга намозхонлар жойнамоз билан келишмайди. 2500 намозхонга мўлжалланган жойнамоз ҳар куни тонг саҳардан ҳозирлаб қўйилади», – сўзида давом этади имом хатиб.

Маълумот ўрнида: Маҳаллий аҳолининг билдиришича, жомеъ масжидининг илк бор «Қассоблик» номи билан аталишига сабаб, қадимдан қишлоқ аҳолисининг аксарияти чўпонлик ҳамда қассобчилик билан шуғулланишган. Совет даврининг илк йиллари – очарчилик даврларида ҳам аҳолининг асосий тирикчилиги гўшт бўлган ва қассоблик ортидан кун кўришган. Бироқ, Мири Хурд Вобкандийга бўлган буюк эҳтиром боис, жомеъ масжид яна аҳоли талаби билан унинг номига ўзгартирилган.


Лайло ҲАЙИТОВА,
xabar.uz

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг