Бошланган ҳафтада бироз салқин об-ҳаво кузатилади – Ўзгидромет

Ўзгидромет 19-23 июнь кунлари учун об-ҳаво прогнозини эълон қилди. Марказ хабарига кўра, жорий ҳафтада иссиқ бироз пасайиши кутилмоқда.
Бугун кундузи республика бўйича ёғингарчилик кутилмайди, фақат Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм вилоятида ва Навоий вилоятининг чўл ҳудудларида баъзи жойларда қисқа муддатли ёмғир ёғиши, момақалдироқ бўлиши мумкин. Бугун ҳаво ҳарорати 36-41 даража, Сурхондарё вилоятида баъзи жойларда 42-45 даража атрофида бўлади.
Кавказ ҳудудларидан нисбатан бироз салқин ҳаво кириб келиши ҳисобига эртанги кундан иссиқ бироз пасаяди. Ҳаво ҳарорати иш ҳафтасининг охиригача 33-38 даража атрофида бўлади.
Пойтахтда бугун 38-40 даража, кейинчалик иш ҳафтасининг охиригача 35-37 даража бўлади.
Республиканинг энг чекка жанубида иссиқ ҳаво массасининг таъсири сақланиб туради. Ҳарорат асосан 39-41 даража, Сурхондарё вилоятида ҳафта ўртасига келиб, баъзи жойларда 42-44 даражагача бўлади.
20 июнда Фарғона водийси вилоятларида, шунингдек кечаси ва эрталаб Тошкент вилоятида баъзи жойларда қисқа муддатли ёмғир ёғиши, момақалдироқ бўлиши мумкин.
Ҳафтанинг биринчи ярмида об-ҳавонинг беқарорлиги республиканинг тоғ олди ва тоғли ҳудудларида сақланиб туради – баъзи жойларда қисқа муддатли момақалдироқли ёмғирлар ёғади. Бугун куннинг иккинчи ярмида ва эртага баъзи жойларда ёмғир кучли ва дўл ёғиши эҳтимоли бор.
Бугун ва эртага республика бўйича баъзи жойларда, 23 июнда жанубда ва чўл ҳудудларда шамолнинг кучайиши, айрим жойларда чанг-тўзон билан кузатилиши кутилмоқда.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter