Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

БМТ Бош Ассамблеяси Ўзбекистон илгари сурган резолюцияни қабул қилди

БМТ Бош Ассамблеяси Ўзбекистон илгари сурган резолюцияни қабул қилди

БМТ Бош Ассамблеяси Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ишлаб чиқилган «Марказий Осиё глобал иқлим таҳдидлари қаршисида: барқарор ривожланиш ва фаровонлик йўлида минтақавий бирдамликни мустаҳкамлаш» резолюциясини бир овоздан қабул қилди.

«Дунё» АА берган маълумотга кўра, резолюция матнини ишлаб чиқиш ва келишиш бўйича ҳукуматлараро музокаралар жараёни БМТнинг Нью-Йоркдаги қароргоҳида жорий йилнинг октябр-ноябр ойларида бўлиб ўтган. Маслаҳатлашувларда дунёнинг барча қитъаларидан жами юздан ортиқ давлатларнинг экспертлари фаол иштирок этиб, матнни ўзига хос мазмун билан тўлдириш ва умумий консенсусга эришиш учун кўплаб таклифларни киритишган.

«Ҳужжат матнида Ўзбекистон Президентининг қатор ташаббуслари, жумладан, «Марказий Осиё учун «яшил» кун тартиби» ва унинг минтақада барқарор ривожланишга кўмаклашишдаги роли алоҳида қайд этилган. Резолюцияда БМТга аъзо давлатлар Ўзбекистоннинг Халқаро иқлим форумини 2024 йилда Самарқанд шаҳрида ўтказиш ташаббусини ҳам олқишладилар.

Орол денгизининг қуриши оқибатларини юмшатиш борасидаги саъй-ҳаракатларга эътибор қаратилиб, Ўзбекистон Президенти ташаббуси билан ташкил этилган БМТнинг Оролбўйи минтақаси учун Инсон хавфсизлиги бўйича кўп томонлама шериклик траст жамғармаси фаолиятини кучайтириш зарурияти алоҳида таъкидланган. Шу боис, халқаро ҳамжамиятга ушбу жамғармани фаол қўллаб-қувватлашни давом эттириш тўғрисида мурожаат йўлланган», – дейилади Агентлик хабарида.

Шунингдек, ҳужжатда чўлланиш ва ерларнинг деградациясига қарши курашда инновацион усуллар ва янги технологияларни жорий этиш муҳимлиги қайд этилган.

Резолюцияда Марказий Осиёда иқлим ва экологик таҳдидларга самарали қарши курашиш мақсадида барқарор қишлоқ хўжалиги, боғдорчилик, сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, энергия самарадорлиги, чиқиндиларни қайта ишлаш, барқарор туризмни ривожлантириш, «ақлли шаҳарлар» ва барқарор транспортни яратиш бўйича аниқ вазифалар белгиланган.

Бош Ассамблея, шунингдек, БМТ тизими, халқаро ва молиявий институтлар, хусусий сектор, инвесторлар ва донорларга Марказий Осиёдаги экологик муаммоларни ҳал қилиш учун ресурсларни сафарбар этиш, салоҳиятни ошириш ва ёрдам кўрсатишни давом эттиришни тавсия қилади.

Резолюцияда Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистоннинг атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги ташаббуслари ҳам баён этилган.

Ҳужжат барча Марказий Осиё давлатлари номидан тақдим этилди.

Резолюция ҳаммуаллифлари қаторига Германия, Швейцария, Туркия, Хитой, Сингапур, Венгрия, Вьетнам, Озарбайжон, Арманистон, Малайзия, Индонезия, Миср, Иордания, Парагвай (БМТнинг барча минтақавий гуруҳлари вакилларини қамраб олган) каби давлатлар ҳам кирди.

Резолюция қабул қилингандан сўнг БМТ Ахборот хизмати «БМТ Бош Ассамблеяси Марказий Осиёдаги экологик муаммоларга қарши курашиш бўйича резолюцияни қабул қилди» сарлавҳали мақолани эълон қилган.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг