Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Биринчи хонимлар иқлим ўзгаришига доир экофорумда иштирок этди

Биринчи хонимлар иқлим ўзгаришига доир экофорумда иштирок этди

Тошкентда бўлиб ўтган Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти саммитига ташриф буюрган давлат раҳбарларига ҳамроҳлик қилган рафиқалари «Болалар ва ёшлар ҳаракатда — Марказий Осиёда иқлим ўзгариши» халқаро форумида иштирок этди.

Форум очилишида «Замин» фонди Васийлик кенгаши раиси, Ўзбекистоннинг биринчи хоними Зироат Мирзиёева ёш экофаолларга мурожаат қилди.

«Форумнинг бош иштирокчилари — сизлар. Бугун бу ерда сизларнинг тоза, соғлом ва барқарор муҳит учун курашдаги етакчилигингизни эътироф этиш мақсадида йиғилдик. Қўшниларимиз билан биргаликда Самарқанд экологик оромгоҳи якунлари бўйича ишлаб чиқилган Барқарор ривожланиш маданиятини илгари суриш ҳамда ёшлар ва болаларни иқлим кун тартибига жалб қилиш бўйича минтақавий стратегиянинг имзоланиши янги келажак сари ташланган муҳим қадам бўлади», – дейди Зироат Мирзиёева.

Шунингдек, ЮНЕП ижрочи директори Ингер Андерсен узлуксиз «яшил» таълим ва экологик маданиятни шакллантириш орқали ёшлар салоҳиятини мустаҳкамлаш масаласини гапириб ўтди.

ЮНИСЕФнинг Европа ва Марказий Осиё мамлакатлари бўйича минтақавий директори Регина Де Доминицис эса иқлим ўзгариши ва экологик таълим масалаларининг мактаб дастурларига киритилиши болалар ва ёшларнинг ўзгариб бораётган иқлимга мослашиш кўникмаларидан хабардорлигини оширишда муҳим қадам бўлишини таъкидлади.

Форум иштирокчилари экотаълим мавзусини муҳокама қилар эканлар, ўқув жараёнида янги ахборот технологияларидан фойдаланиш муҳим эканини қайд этди. Марказий Осиё экофаоллари иқлим ўзгаришига қарши кураш бўйича сиёсат ва дастурларни ишлаб чиқишда, кўрилаётган чораларни мониторинг қилиш ва уларнинг боришини баҳолашда болаларнинг ҳам иштирок этиш ҳуқуқи борлигини алоҳида таъкидладилар.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг