Айрим тоифа хотин-қизларга контракт пули тўлаб берилади
Президентининг 2021 йил 5 мартдаги ПҚ-5020-сон қарори ҳамда 2022 йил 7 мартдаги ПФ-87-сон Фармонига мувофиқ, ҳар йили базавий тўлов-контракт асосида давлат олий таълим муассасасининг бакалавриат таълим йўналишларига қабул қилинган, ижтимоий эҳтиёжманд оила вакиллари бўлган талаба хотин-қизларни Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ҳисобидан ўқитиш тартиби жорий этилган.
Ҳукуматнинг 2021 йил 17 сентябрдаги 585-сон қарори билан тасдиқланган Низомга кўра, бунда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари 2022/2023 ўқув йилидан бошлаб ҳар йили ўзларининг ҳудудларидан ўқишга кирган 40 нафардан, иккинчи ва ундан юқори босқичларда таҳсил олаётган 110 нафар, жами 150 нафар хотин-қизлар учун маҳаллий бюджетнинг қўшимча манбалари ҳисобидан базавий тўлов-контракт суммасини тўрт ўқув йилининг якунланишига қадар тўлаб беради.
Бунинг учун ариза олий таълим муассасаси қабул комиссиясига берилиши керак.
Кимларга берилади:
- кам таъминланган оилалардаги хотин-қизлар. Бунда кам таъминланган оила деганда «Ижтимоий ҳимоя ягона реестри» ахборот тизими орқали белгиланган тартибда кам таъминланган деб эътироф этилган оила тушунилади;
- ижтимоий эҳтиёжманд оила вакиллари, яъни етим ёки ота-онасининг қарамоғидан маҳрум бўлган талаба хотин-қизлар;
- ижтимоий эҳтиёжманд оила вакиллари, яъни боқувчисини йўқотган (турмуш ўртоғи вафот этган), вояга етмаган фарзандларни ёлғиз тарбиялаётган эҳтиёжманд аёллар.
Ушбу Низом қоидалари:
- иккинчи ва ундан кейинги олий таълим олиш учун танловда иштирок этган талабгорларга;
- Ўзбекистон Республикаси ҳудудида жойлашган хорижий олий таълим муассасалари ёки уларнинг филиаллари, нодавлат таълим хизматлари фаолияти билан шуғулланувчи тадбиркорлик субъектлари ҳамда олий ҳарбий таълим муассасаларига нисбатан татбиқ этилмайди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter