Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

2 октябр дам олиш куни бўлса, 30 сентябр – шанба куни «қисқарган иш куни» бўлмайдими?

2 октябр дам олиш куни бўлса, 30 сентябр – шанба куни «қисқарган иш куни» бўлмайдими?

Байрам кунлари дам олиш кунларига ёки ундан олдинги (кейинги) кунларга тўғри келганида давлат ва нодавлат ташкилотлари ходимларида ҳар доим иш кунлари ёки иш соатлари борасида саволлар пайдо бўлади. Жумладан, жорий йил 1 октябр – Ўқитувчилар ва мураббийлар куни ҳам якшанба кунига тўғри келгани боис дам олиш куни душанба, 2 октябрга кўчирилмоқда.

Хўш, бунда иш куни 6 кун бўлган ходимлар учун 30 сентябр – шанба куни иш вақти одатдагидек камида 1 соатга қисқарадими ёки айримлар талқинича – дам олиш куни душанбага кўчгани учун шанба кунидаги иш соатлари қисқармайдими?

Меҳнат ҳуқуқига доир ушбу масала юзасидан «Xabar.uz» эксперти, Тошкент давлат юридик университети Меҳнат ҳуқуқи кафедраси катта ўқитувчиси Муҳаммадамин Каримжонов қуйидагича жавоб беради:

Меҳнат кодексининг 208-моддаси 2-қисмига кўра, дам олиш куни ишланмайдиган байрам кунига тўғри келган тақдирда, дам олиш куни байрамдан кейинги иш кунига кўчирилади. Эътибор беринг, ишланмайдиган байрам куни эмас, балки дам олиш куни байрамдан кейинги иш кунига кўчирилади, яъни 1 октябр Ўқитувчи ва мураббийлар куни эмас якшанба душанбага кўчириляпти.

МК 187-моддасига кўра, ишланмайдиган байрам кунлари арафасида ҳар кунлик ишнинг (сменанинг) давомийлиги барча ходимлар учун камида бир соатга қисқартирилади.

Байрамдан олдинги куни ишнинг (сменанинг) давомийлигини қисқартириш имкони бўлмаган узлуксиз ишлайдиган ташкилотларда ва айрим турдаги ишларда ортиқча ишлаганлик ходимга қўшимча дам олиш вақти бериш ёки ходимнинг розилиги билан иш вақтидан ташқари иш учун белгиланган нормалар бўйича ҳақ тўлаш орқали компенсация қилинади.

Шунинг учун ҳам 6 кунлик иш ҳафтасидагилар 30 сентябр шанба куни камида 1 соат вақтли кетишлари мумкин. Шанба ўзи шундоқ ҳам қисқартирилган иш куни, ана шу қисқартирилган иш куни яна камида 1 соатга қисқаради.

Иш куни ҳафтасига 5 кун бўлган ходимлар учун эса жума куни иш вақти қисқармайди. Чунки байрам якшанба кунига тўғри келяпти. Агар байрам шанбага тўғри келганида 1 соатга қисқарар эди. Чунки МК 187-моддасида байрам арафасида дейилмоқда. Арафа байрамдан 1 кун олдинги кун ҳисобланади.

Энди яна бир қизиқ масалага ўтамиз: агар 1 октябр шанба кунига тўғри келганда қандай бўлар эди? Бу ҳолатда шанба 5 кунликлар дам олиш куни бўлганлиги учун 2 октябр 5 кунликлар учун дам олиш куни, 6 кунликлар учун эса иш куни бўлар эди.

Чунки, МК 207-моддасига кўра, ходимларга ҳар ҳафтада дам олиш кунлари берилади. Беш кунлик иш ҳафтасида ходимларга ҳафтада икки дам олиш куни, олти кунлик иш ҳафтасида эса бир дам олиш куни берилади.

Бундай ҳолатни  11 ноябр – «Касаба уюшмалари куни» ишланмайдиган байрам куни сифатида расман эълон қилинса ҳам кузатишимиз мумкин . Яъни 2023 йил 11 ноябр шанба кунига тўғри келади, бу ҳолатда шанба 5 кунликлар дам олиш куни бўлганлиги учун 13 ноябр душанба 5 кунликлар учун дам олиш куни, 6 кунликлар учун эса иш куни бўлади.

Эътибор беринг! Ҳозирча 11 ноябрнинг мақоми ишланадиган байрам куни, яъни ишланмайдиган эмас. Мабодо 11 ноябр – «Касаба уюшмалари куни» ишланмайдиган байрам куни сифатида расман эълон қилинса, Ўзбекистонда ишланмайдиган байрам кунлари сони 10 тага етади.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг