VII асрга тегишли Қуръон саҳифаси, ягона нусхадаги будда ҳайкали ва сопол тобут... Ўзбекистон тарихи музейида яна нималарни кўриш мумкин?
«Xabar.uz» Тошкент музейлари фаолияти, экспонатлари ҳақида мақола ва фотолар бериб боришни давом эттиради. «Музейга борамиз» лойиҳасининг навбатдаги манзили – Ўзбекистон тарихи давлат музейи.
Тошкент марказида жойлашган Ўзбекистон тарихи давлат музейи Марказий Осиёдаги илк музейлардан биридир. У 1876 йилда Тошкент музейи номи билан ташкил этилган. Музей экспонатлари Ўзбекистон ҳудудида яшаган Ўрта Осиё халқларининг тош асридан то ҳозирги кунгача бўлган тарихини акс эттиради. Музейда Сурхондарё вилоятидан топилган I асрга тегишли Будда ҳайкали, қадимий кулолчилик маҳсулотлари, матолар, тангалар, кулолчилик ва заргарлик санъат асарлари, тарихий ҳужжатлар, фотосуратлар ва бошқа турли экспонатларни кўриш мумкин. Музей ташриф буюрувчиларга Шарқнинг қадимий цивилизацияси билан танишиш ва минтақамиз тарихининг энг муҳим даврлари ҳақида маълумот олиш имконини беради.
Манзил: Тошкент шаҳри, Буюк Турон кўчаси, 3-уй.
Кириш пулли: 15 минг сўм; ўқувчи ва талабалар учун чегирмали нархлар белгиланган. Нафақа ёшидагилар, етти ёшгача бўлган болалар, меҳрибонлик уйи тарбияланувчилари ва имконияти чекланганлар учун бепул.
Экскурция хизмати: Ўзбекистон фуқаролари учун 20 минг сўм.
Иш вақти: Сешанба – якшанба 09:00 дан 18:00 гача.
Дам олиш куни: Душанба.
Тўлиқ айланиш учун: 40 дақиқадан 2 соатгача вақт сарфланади.
— Музейимизнинг ташкил топганига 145 йилдан ошди, — дейди Ўзбекистон тарихи давлат музейи директори, профессор Жаннат Исмоилова. — 1943 йилда Ўзбекистонда Фанлар академияси ташкил этилган ва шу йилдан бошлаб Ўзбекистон тарихи давлат музейи академия қошида фаолият кўрсата бошлади. Академия тизимига ўтиши билан музейда илмий-тадқиқот ишларига катта эътибор берилди. Бу эса музейда тарих, археология соҳасида катта олимлар фаолият юритишига имкон берди. Олимлар фаолияти эса музей фондининг археология, нумизматика, тарихий ҳужжатлар билан бойиб боришига ёрдам берди. Ҳозирги кунда ҳам бу анъанани давом эттириб, музейимизнинг илмий салоҳиятини кўтаришга ҳаракат қилямиз. Академик фаолиятимиздаги катта бурилиш 2020 йилда ихтисослашган кенгашнинг ташкил этилиши билан боғлиқ. Бу нарса музейшунослик мактабига асос бўлди. Кенгаш ташкил қилинганидан кейин музейшунослик соҳасида илмий иш қилиш истагида бўлганлар сони кескин ортди. Чунки музейшунослик илмий салоҳият, билимсиз мавжуд эмас. Ходимнинг қўлига келиб тушган тарихий ҳужжат ёки буюмнинг қийматини англаш учун ҳам, албатта, илмий билим талаб қилинади. Аммо биз орада ўн йилча вақтни ютқазиб қўйдик. Музейнинг кўчиши, штатлардаги ўзгаришлар сабаб илмий тадқиқот ишлари орқага кетди. Охирги ўн йилда бу бўшлиқни ёпиб олишга эришдик. Ҳозир музейда уч нафар фан доктори ва ўн нафар PhD фаолият кўрсатади. Энди бу кўрсаткични 20 нафарга олиб чиқишни мақсад қилганмиз. Чунки музей фундаменти мустаҳкам бўлишида илмий салоҳият муҳим.
— Ўзбекистон тарихи давлат музейига кўпроқ қайси ёшдагилар ёки соҳа вакиллари қизиқиш билдириб келади?
— Ҳисоблаб кўрганимизда музейга келувчиларнинг 50 фоиздан кўпроғини ёшлар ташкил қилишини билдик. Бу яхши белги. Демак ёшларда тарихни ўрганишга талаб бор. Баъзилар музейнинг даражасини унга қанча кўп турист келиши билан белгилайди. Мен бу фикрга қаршиман. Музей аввало ўзимизнинг ёшларда қизиқиш уйғота олиши керак. Бизга кўпроқ ёшлар келиши муҳим. Аслини олганда музейнинг мақсади ҳам шу: ёшларга ўзининг тарихини ўргатиш. Туристларнинг ўзини алоҳида ўрганганимизда, пандемиягача Европа давлатларидан меҳмон кўп келиши маълум бўлганди. Ҳозир эса Россия, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Хитой, араб мамлакатларидан меҳмонларимиз кўпайди.
— Меҳмонлар эътиборини қайси экспонатлар кўпроқ тортади?
— Музей захирасида 350 мингдан ортиқ осори атиқалар бор. Уларнинг ҳар бири тарих учун аҳамиятли. Кузатганимизда буддизм даври ёдгорликларини кўриш учун Корея, Япония, Ҳиндистон, Хитойдан туристлар кўп келишига гувоҳ бўлдик. Буддизм даврига оид асосий экспонатимиз — Сурхондарё вилояти Фаёзтепадан топилган «Будда роҳиблари билан» деб номланган асл нусхадаги ноёб экспонат. Дунёда ягона ҳисобланган бу экземпляр I асрга тегишли. Айнан шуни кўришни мақсад қилиб келадиган меҳмонларимиз кўпчиликни ташкил этади. Ҳозир бу экспонат Лувр музейига, ундан кейин Германияга кўразма учун олиб кетилган. Меҳмонларга ҳам буни тўғри тушунтиряпиз.
— Экспонатларни хориждаги кўргазмага юбориш, транспортга ортиш ва намойиш қилиш унга зарар етказиб қўймайдими?
— Бунинг учун махсус комиссия тузилган. Хазинабонларимиз экспонатларни қадоқлаш, намойиш этишда ўзлари қатнашмоқда. Ҳозирча жараён яхши кетмоқда.
— Музейларнинг ривожланиши нималарга боғлиқ?
— Ҳозир бизда, яъни Ўзбекистонда 130дан ортиқ музейни давлат ушлаб турибди. Бу яхши, аммо музейнинг илмдаги аҳамиятини ҳис қилиб, беғараз ёрдам берувчи меценатлар ҳам бўлиши муҳим. Айнан шу масалада жуда орқадамиз. Йирик бизнесменларимиз шахсий музейлар очишга, музей учун экпонатлар сотиб олиш ва кўргазмага қўйишга ўзларида қизиқиш уйғонса, музейлар ривожи учун бу катта ютуқ бўларди.
Масалан, АҚШдаги Метрополитен музейида бўлганимизда шу нарсага гувоҳ бўлдик. Музейни америкалик санъат ихлосманди бўлган бизнесменлар ташкил қилган экан. Музейда маҳаллий аҳоли, туристлар гуруҳи жуда кўп эди. Экскурсаводлар ҳар бир экскурсиясини аввал музей ташкилотчилари номини эслаш билан бошлар экан. Бу бир кунда таҳминан 50та экскурсия бўлса, музейни очган бизнесменлар номи 50 марта эсланди, дегани. Қолаверса, туристлар бутун дунёдан келаётганини ҳисобга олсак, уларнинг номалари дунё бўйлаб тарқалмоқда.
Шахсий музей ташкил қилиш ёки шахсий коллекциясини музейга топшириш — ўз номини абадийлаштириш билан тенг. Ўзбекистонда ҳам шундай меценатлар кўпайиб, музейлар билан ҳамкорлик қилишини жудаям хоҳлардим.
— Ўзимизда ҳам тарихий аҳамиятга эга шахсий коллекцияси бўлган одамлар кўп бўлса керак-а?
— Коллекциясида ноёб экспонатларни асраб келаётганлар кўп. Уларнинг айримлари билан гаплашдим ҳам. Афсуски, коллекционерларимизда «Коллекциямни берсам, давлат олиб қўяди», деган ишончсизлик ва қўрқув бор. Аслида, музейга топширилган экспонат асрлар давомида сақланади, минглаб одамлар кўради. Масалан, авлоддан-авлодга ўтиб келаётган коллекциянинг тўғри сақланишига кафолат йўқ. Қолаверса, мерос талашиш, оилавий низолар ҳам коллекцияга зарар етказиши мумкин. Шу ҳисобда, коллекцияни музейга топшириш унинг умрни кафолатли узайтиради, дейиш мумкин.
Дилроз Абраева
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter