Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Тошкент халқаро кинофестивалининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди

Тошкент халқаро кинофестивалининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди

Кеча, 29 сентябрь куни Алишер Навоий номидаги Киночилар уйида «Ипак йўли дурдонаси» XV Тошкент халқаро кинофестивалининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди.

Очилиш маросимидан аввал жаҳон ва Ўзбекистонга машҳур киноюлдузлар махсус ташкил этилган қизил йўлакдан ўтди. Тадбирда 300 га яқин киноижодкорлар, актёр ва актрисалар, режиссёр ва кинооператорлар, продюсер ва кинотанқидчилар, киношунос олимлар иштирок этди.

Тантанали маросимда франциялик машҳур актёр, ўзбек томошабинларига «Такси» фильмидаги роли билан таниш бўлган Фредерик Дифенталь ҳам қатнашди. У андижон полькасига рақсга тушди. Тадбир давомида концерт дастури ҳам бўлиб ўтди, унда туркиялик машҳур хонанда Айла Челик қўшиқ куйлади.

Тадбирда Миллий фильмлар танлови ғолиблари эълон қилинди ва тақдирланди. Унга кўра, «Энг яхши актёр» номинациясида «101-рейс» фильмидаги роли билан Ҳошим Арслонов ғолиб деб топилди. «Энг яхши актриса» номинациясида эса «Аёл қисмати» фильмидаги образи билан Раъно Шодиева ғолиб бўлди. Шунингдек, Али Ҳамроев «Самарқандда қовун таровати» фильми билан «Энг яхши режиссёр» мукофотини қўлга киритди. Қамара Камалованинг «Ким деяй сени» кинокартинаси эса «Энг яхши фильм» деб топилди.

Очилиш маросимидан сўнг Канн халқаро кинофестивалида «Олтин пальма япроғи» мукофотини қўлга киритган, франциялик режиссёр Жюстин Триенинг «Қулаш анатомияси» фильми намойиш этилди.

Эслатиб ўтамиз, Тошкент халқаро кинофестивали 2 октябрга қадар давом этади. Фестиваль тадбирларидан машҳур ва истеъдодли киноижодкорлар иштирокидаги маҳорат дарслари, машҳур фильмлар намойишлари, танлов дастурлари ва бошқалар ўрин олган.

Фестивал тадбирлари, кинонамойишлар ва маҳорат дарслари бўйича барча маълумотларни tiffest.uz сайтидан олишингиз мумкин.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг