Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Ўзбекистонда янги адабий жанр яратилди

Ўзбекистонда янги адабий жанр яратилди

Фото: «Sharqyulduzi.uz»

Ўзбекистонда адабиётда янги — зарбулдостон жанри яратилди

Шоир Сафар Оллоёр адабиётда янги жанр бўлган зарбулдостонга асос солди. «Xabar.uz»га маълум қилишларича, шоирнинг яқинда «Академнашр» нашриёти томонидан 2500 нусхада чоп этилган «Одам ва омад» номли зарбулдостони Интеллектуал мулк агентлиги томонидан адабиётдаги илк жанр сифатида 2018 йил 25 майда рўйхатга олинган ва муаллифга бу ҳақда гувоҳнома берилган. Ушбу гувоҳнома муаллифлик ҳуқуқи тўғрисида жаҳон конвенциясига аъзо 167 та давлатда амал қилади.

Зарбулдостонга тақриз ёзган адабиётшунос олим, профессор Қозоқбой Йўлдош «Янги ижодий ҳодиса» сарлавҳали мақоласида шундай ёзади:

«Шоир Сафар Оллоёрнинг «Одам ва омад» тарзида номланиб, саккиз йирик назмий асарни ўз ичига олган зарбулдостони шаклланган қарашларга мос бўлмагани учун айримларга ғалати туюлди. Ҳолбуки, шоирнинг мақсади ҳам ҳеч бир жиҳати билан бошқаларникига ўхшамайдиган ўзига хос асарни яратиш бўлган. Ҳар бир миллатнинг ўқимишлилик даражаси ўз нуқтаи назарини ижодкорга тиқиштирмаслиги билан ўлчанади.

«Одам ва омад» асарини ўқиганларнинг кўпчилиги унга зарбулдостони нимаси тағин, шунақасиям бор эканми дегандай қарадилар. Аслида бирор битикнинг қандайлиги унинг тасаввуримизга мос келиш-келмаслиги билан белгиланмайди. Эътиборимизга саккиз достон қўшилувидан ҳосил бўлган битта зарбулдостон асари ҳавола қилинган. Битикнинг яхлитлиги нимада? Саккиз бутунликни ўзаро бирлаштириб турувчи моҳият нимадан иборат? Бу достонлар саккизлигида нима бор ўзи? Улардаги тасвир ўқирманга нимаси билан қизиқарли ва бадиий-эстетик жиҳатдан аҳамиятли? Битикни ўқиш асносида шу саволларга жавоб изланса, мақсадга мувофиқ бўлади. Ўқирман ҳам, синчи олим ҳам асардан унда йўқ нарсани эмас, бор нарсани қидиргани маъқул.

Адабиётимиз тарихида масални масалга қўшиш орқали юзага келган «Зарбулмасал» асари бўлган эди. Сафар Оллоёр достонни достонга қўшиш йўли билан зарбулдостон жанридаги кенг қамровли битикни дунёга келтирибди. Асарда миллий руҳият кишанланган кечадан ўзлиги ёғдуланган бугунга ўтаётган чоғдошларга хос туйғу ва ўйларнинг жилвалари бадиий ифода этилади».

Профессор Нўъмон Раҳимжоновнинг мазкур асарга ёзган сўзбошисида шундай жумлалар бор:

«Сафар Оллоёр туркумдаги достонларнинг ҳар бирида одамнинг ботиний ва зоҳирий сифатларини қаҳрамоннинг умумий тийнати ва руҳиятидан келиб чиқиб таърифлайди. Фалсафий-мажозий воқеаларни бирлаштирувчи сюжетлар тизими яратган. Сизу бизга замондош одамнинг воқеликка, ҳаётга, одамларга, кечмишу бугунга муносабати юксак маънавий-ахлоқий қадриятларга таянади...».

Шунингдек, Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси шеърият кенгаши раиси, Ўзбекистон халқ шоири Маҳмуд Тоир ва кенгаш аъзолари Муҳиддин Омон, Ойгул Суюндиқова, Ҳумоюн Акбар ҳамда ҳуқуқшунос ва шоир Холмуҳаммад Ҳасан ушбу асар ҳақиқатан ҳам адабиётда жиддий воқеа бўлганини ўз мақолаларида алоҳида таъкидлашган.

Нима ҳам дердик. Яхши янгилик! Барча адабиёт мухлисларини янги жанр билан қутлаб, мазкур асар китобсевар халқимизнинг маънавий мулки бўлиб қолишини тилаймиз.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг