Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«Одам ва Омад». 28 йилда ёзилган зарбулдостон

«Одам ва Омад». 28 йилда ёзилган зарбулдостон

Фото: «Xabar.uz»

ЎзМУ журналистика факультетида «Одам ва Омад» зарбулдостони муаллифи, шоир Сафар Оллоёр ва атоқли адабиётшунос олим, профессор Қозоқбой Йўлдош билан ижодий учрашув бўлиб ўтди.

Ижодий мулоқот давомида профессор Қозоқбой Йўлдош «Одам ва Омад» асарининг бадиий концепцияси хусусида тўхталиб, «мана энди адабиётимизда биринчи зарбулдостон пайдо бўлди» деб таъкидлади ва мазкур монументал асарнинг ёзилиши чинакам ижодий ҳодиса бўлганлигига алоҳида эътибор қаратди. Шунингдек, жамият ва инсон ҳаётида адабиётнинг ўрни бетакрорлиги, кўнгил аталмиш нозик хилқатни тадқиқ этишда унинг роли беқиёс эканлиги хусусида атрофлича мулоҳаза юритди: «Умуман олганда, теварак-атрофимиздаги ўн саккиз минг оламни тушуниш, англаш осон, лекин кўнгилни билиш қийин, чунки чек-чегара билмайди бу кўнгил деган нарса. Чин шоир уни тадқиқ қилишга ҳаракат қилади.

Изланувчан шоир Сафар Оллоёр ана шу нозик хилқатдаги нозик туйғуларни теран ҳис қилади ва зарбулдостонида катта маҳорат билан ёрқин ифода этади. Мазкур асарда адабиётда биринчи марта шоир ўзини ўзидан фарқлайди: «Деди Сафар» ва «Дедимки мен» тарзидаги бадиий диалог билан ажойиб кашфиёт қилган.  Буни «шоир билан лирик қаҳрамон» деймизми ё «шоир билан ички «мен»и ўртасидаги ўзаро мулоқот» деймизми, ҳали адабиётда бундай тажриба қўлланилмаган эди. Аслида санъат нимаси билан санъат? Санъат ягоналиги – бир нусхада эканлиги билан санъат, агар иккинчи нусхаси бўлса, у саноатга айланиб қолади.  «Одам ва Омад » асарининг яна бир муҳим жиҳати шундаки, муаллиф саккиз достон, тўққиз шеър ва тўққиз митти ҳикоятларни яхлит тарзда бир-бирига шундай жипслаганки, бир-бирига шу қадар бадиий маҳорат билан пухта пайвандлаганки, биронтаям сўз иккинчи бир сўзга уйғунлаштирилмаган ҳолда ишлатилмаган, ҳатто юзга яқин ички сарлавҳаларнинг ҳаммаси бир-бирига қофиялаштирилган: «Эл сўйлаган ривоят – Эзгу Ўйдан иборат», «Мўъжаз саховатда савоб бор катта»...

Одатда оддий қофиядан сўнг моҳиятга ўтилади. Бу асарда эса, сарлавҳадан олдин ифодада ўша сарлавҳага зарурат ҳосил қилади шоир, кейин ўша қофияга мослаб сарлавҳа ясайди: «Ҳамият – майин талаб, вазият – тайин сабаб», «Лирик чекиниш – мавридли тиниш» каби. Салкам икки юз бетлик асар ана шундай ўзаро уйғунликка қурилган ва мунтазам узвийликни ташкил этади булар. Бунақаси адабиётда учрамаган эди. Истеъдоднинг қудрати шундаки, ана шундай мураккаб топилмаларни қўллаш – истеъдодли одамнинг қўлидан келадиган иш. Бизга Навоийнинг такрори ёки Абдулла Ориповнинг «ксеронусха»лари керак эмас, уларнинг ўзлари етарли адабиётимизга, балки айнан мана шу «Одам ва Омад»дай янги, оригинал асарлар маънавиятимизни юксалтиришга, адабиётимизни бойитишга хизмат қилади.»

Ижодий учрашувда қайд этилдики, шоир ушбу йирик монументал асарини 1990-2018 йиллар мобайнида, яъни 28 йил давомида ёзган. Эътироф этиш жоизки, шоир Сафар Оллоёр қаламига мансуб илк зарбулдостон – «Одам ва Омад» китоби Ўзбекистон Республикаси интеллектуал мулк агентлиги томонидан адабиётда илк жанр сифатида тан олиниб, 2018 йил 25 майда 000800 рақамли гувоҳнома билан тақдирланган. Мазкур ҳужжат муаллифлик ҳуқуқлари бўйича Бутунжаҳон конвенциясига аъзо бўлган дунёнинг 167 та давлатида расман амал қилишини инобатга олсак, чиндан ҳам, ҳамюртимиз жуда катта ижодий муваффақиятга эришганига амин бўламиз. Бундай оламшумул янгилик билан шоир Сафар Оллоёрни ҳам, адабиёт мухлислари бўлган миллатдошларимизни ҳам қутлаймиз.   

Илмга чанқоқ талабалар – бўлғуси журналистлар ушбу ижодий мулоқотдан катта таассурот олдилар. Ўзлари ҳам ижодий машқларидан ўқиб, устозлар назаридан ўтишди. Шунингдек, таниқли шоирнинг ижодий тажрибаларидан баҳраманд бўлишди. Қизғин ижодий руҳда ўтган учрашув сўнгида, устоз-шогирдлик анъанасига кўра, зиёли иштирокчилар бундан буён ўзаро мулоқотда бўлиб туришга келишиб олишди.

Моҳичеҳра Жумаева, ЎзМУ тадқиқотчиси

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг