Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Одри Хепберн ва Каромат Исомова. Уларни нима боғлаб туради? (видео)

Каромат Исомова

Актриса.

Театр  режиссёри.

Каромат Исомова бир қатор хориж фильмларининг дубляжида турли характердаги образларга овоз берган. Улардан энг машҳури –  Уильям Уайлернинг «Рим таътиллари» фильмидаги малика Анна образидир.

Актрисага шу фильмдаги дубляжи хусусида суҳбатга таклиф қилиб, қўнғироқ қилганимда, «Сиз, Аннага овоз берганлигимни қаердан билдингиз? Ахир, бу ҳақида ҳеч қаерда маълумот йўқ-ку!...», – дея ҳайрон қолганини яширмади. Мен эса шундай жавоб қилдим: Ахир, бу образ дубляждаги ижодингизда алоҳида воқеа-ку!...

Актрисанинг дубляждаги бу ижроси ҳақида балки ҳар куни эсламаслар, лекин бу ҳақида билмаслик мумкин эмас! 

Англаганингиздек, Одри Хепберн ва Каромат Исомовани  дубляж боғлаб туради.

Сиз ҳам бу фильмни ҳар сафар севиб томоша қиласиз! Чунки, унда тоза муҳаббат бор. Жо Бредли ва малика Анна... Иккиси ҳам туйғуларини асраш учун бу ҳақида сўз очмайдилар. Лекин улар бир умрга етгулик бахтни Рим таътилларининг бир кунида яшаб ўтишга улгурадилар.

Бу замонавий киноқиссанинг бош қаҳрамонларини ўзбек тилида атоқли дубляж актёри– Омон Абдураззоқов ва ширали овоз эгаси Каромат Исомова жуфтлиги сўзлатганлар.

Актриса фильм дубляжи билан боғлиқ хотираларини ва образи хусусида ўз фикрларини бўлишди:

– «Рим таътиллари» ретро фильмини азалдан яхши кўриб, томоша қилганман. Унда малика Анна образини ижро этган гўзал актриса – Одри Хепберн ва у иштирок этган барча фильмларнинг мухлисиман. Лекин кун келиб, малика Аннага овоз бераман, деб ҳечам ўйламаганман. Ушбу фильмни дубляж режиссёри раҳматли устозим, Камолиддин Усмоновдир. Мени Аннага овоз бериш учун ўзлари таклиф қилганлар. Тўртлик билан дубляж қилганмиз. Мен, Барно Қодирова, Омон Абдураззоқов, Ҳожиакбар Комилов. Лекин фильм дубляжида қатнашган актёрларнинг исм-шарифи кадр ортидан ўқилмаган. Шунда мен, «Камолиддин ака, актёрларни исмини ким ўқийди?», – деб сўраганман. Камолиддин ака эса: «Ҳеч ким ўқимайди!»,– дея қатъий жавоб берганлар. Ҳалигача буни сабабини билмайман.

Дубляж жараёни қизғин ўтган. Яхши кўрган актрисангиз билан кутилмаганда кўришиб қолсангиз, худди у билан ҳар куни гаплашиб юрадигандек, уни яқиндан танийдигандек туюлиб, муомала қиласиз-ку!.. Малика Анна билан ҳам ана шундай тиллашганмиз!..

Эсимда!... Камолиддин Усмонов синов учун Анна хиёбоннинг узун ўриндиғида ухлаб қолиб, уйқу аралаш журналист йигит билан суҳбатлашадиган эпизодини топширганлар. Шунда, «Ҳой, у  маст эмас! Ахир, қаҳрамонинг уйқисираб гапираяти-ку! Фарқлаб ол!», – деб тушунтирганлар Камолиддин ака.

Дубляж жараёнига шу қадар берилиб кетганимданпартнёрим Омон Абдураззоқов: «Қани, ким қоқилмасдан ва  неча вараққача ўқишдан баҳс бойлаймиз!», – деб қолдилар. Мен ютганман! Ундан олдин эса мен: «Бўпти, келишдик! Ким ютқазса, ўша битта тушлик оберади!» дегандим. «Битта тушлик сендан айлансин!», – дея Омон ака жўрттага ютқазиб берганлар. Ваҳоланки, доим Омон ака ютардилар. Ўшанда чарчадим, деб атайин ўйинни тўхтатганлар. Муддаолиги эсамени ижроимни тўхтатмасдан четдан кузатиш бўлган шекилли, деб ўйлаб қоламан.

Биргина шу «Рим таътиллари» фильмидаги малика Анна учун суҳбатга таклиф қилдингиз, бундан жуда ҳам хурсанд бўлдим! Яна бир бор ёшлигимга қайтгандекман!.. Бу фильм дубляжининг ижодимдаги ўрни бўлак. Чунки, ўзи ҳаётда тўпорироқман. Аннага овоз берганда эса унинг гапириш оҳанги, паузалари, қарашларини кузатиб, беихтиёр, ўша образга маҳлиё бўлганман. Қайсидир маънода, бу образ мени тўпориликдан сал чеккага олагандек, назаримда. Аннага овоз бердим-у, Анна бўлиб қолдим гўёки!.. Бу дегани, ҳаётда мен ҳар доим Анна бўлиб юрмайман. Демоқчиманки, актриса образларидан ҳам ўрганади. Мен ҳам унга овоз бериш билан биргаликда ўргандим, изландим. Ёнимдаги устоз партнёрлар ҳам «Уни кўзлари, нигоҳларига эътибор қилгин-а!», – деб образимга яқинлаштиришга ҳаракат қилишарди. Лекин тўпорилигим ҳаяжонимни енгишда қўл келган. Аввалига устозлар салобати босди. Ўртадаги курсига чўкканча берилиб овоз бериб турсам, раҳматли Омон ака: «Бизга ҳам микрафон тегадими? Биз ҳам ишлайлик!», – деб ҳазил қилардилар. «Келинг, мана! Бўлдими? Энди қочиб туринг! Мени галим!», – деб бўш келмасдим мен ҳам. Ўз соҳасининг усталари билан ишлаганингизда, сиз ҳам уларга бўйлашиб, чархланаркансиз. Шунинг учун ҳам «Устоз-шогирд» анъанасини қадрлайман.

Фильмда  журналист Жо Бредли  ёлғиз ўзи қоладиган жойи бор-ку, эсладингизми?.. Шу эпизодни дубляж қиларканмиз, Омон ака икковимиз ҳам экранга қараганча Аннани қайта чиқишини кутиб, жим ўтираверганмиз. Ўша лаҳзада бу фильм эканлигини, унинг қаҳрамонларига овоз бераётганимизни унутганмиз. Ҳалигача фильмни кўрсам, биламан чиқмаслигини, ортга қайтмайди Анна! Лекин журналист йигитга шунақанги раҳмим келганидан балки чиқиб қолар, деган хаёлларимга ишонишда давом этаман.

Азалдан шундай гап бор: Агар  аёл ўзгармоқчи бўлса ёки ҳаётига ўзгартириш киритмоқчи бўлса, ҳасрат, кўнгил юкидан қутилмоқчи бўлса, биринчи навбатда, сочларига ёпишади!  Аннада ҳам шу ҳолат юз беради. «Кесинг!», – дейди-ку қатъият билан сартарошга қарата. Сартарош ҳам ҳайрон. Аннанинг узун сочларига ачиниш билан қарайди. Малика Анна сочларини кесиб, гўёки, қолипдаги ҳаётидан эркин ҳаёт сари, эркинлик сари интилади. Бу ҳаётда яшаб ҳам кўради – расмий ташриф билан Римга келган малика Анна саройдан қочиб, шаҳар кўчалари бўйлаб сайр қилади. Лекин бурчига содиқ қолади! Мажбуриятини унутмайди! Барибир, саройга қайтади! Шунинг учун ҳам унинг тилидан қуйидаги сўзлар янграганда: Менга бурч ҳақида ваъзхонлик қилишингизни ҳожати йўқ, деб ўйлайман. Оилам ва мамлакатим олдидаги бурчим ва масъулиятимни ҳис этмаганимда эди, балкиҳеч қачон қайтмаган бўлардим!

Оддий Анна ва Малика Анна орасидаги ўтишларда яхшигина қийналганман. Юрак ва бурч ўртасидаги муроса ва изтироб образнинг ўзбекча дубляжида ҳам ишонарли ва табиий чиқиши керак эди-да...

Биласизми, муҳими, малика Аннада бир умрга таътигулик эсдаликлар қолди. Фильм финалида матбуот анжуманига йиғилган журналистлар олдига саломлашгани тушган малика Аннанинг хаёл-ўйида: «Пинҳона севгилиси Жо Бредли  олдига қачон етиб бораман? Нима дейман? Кўзига қандоқ қарайман? Уни олдида кўп қолиб кетмаслигим керак!» каби фикрлар ғалаён қилади. 

Анна қаршисида ўзини таништирган ўша журналист йигит билан саломлашади-ю, лекин уларнинг қалблари айрилиққа ҳали кўникмаганлиги яққол сезилади. Журналист йигитнинг фотограф дўсти Рим  сафарини эслатиб турувчи суратларни тақдим этганида, «Қайси пайтда суратга олишга улугурдийкин-а?» мазмундаги сўроқли нигоҳи ила малика бир лаҳзага ўша оддий Аннага қайтгандек бўлади.

Мухлисларим мени «Рим таътиллари» фильмидаги малика Анна  дубляжи билан эслашса, бундан доим хурсандман! Агар яна Одри Хепберн ижросидаги образларга овоз бериш имконияти туғилса, жон-жон деб, уни яна ўзбекча «гапиртирган» бўлардим!

Лобар Қобилова суҳбатлашди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг