Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Мустақилликнинг 30 йиллигига бағишланган медиа маҳсулотлар тақдимоти ўтказилди

Мустақилликнинг 30 йиллигига бағишланган медиа маҳсулотлар тақдимоти ўтказилди

Ўзбекистон Электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоцациясининг медиа-холлида тегишли вазирлик ва идоралар вакиллари, ассоциацияга аъзо телерадиоканаллар ходимлари иштирокида «Ўзбекистон мустақиллиги 30 йиллиги – нодавлат электрон медиа нигоҳида» мавзусида конференция бўлиб ўтди.

Анжуманда сўзга чиққан Ўзбекистон Республикаси Президенти Админстрацияси раҳбари ўринбосари - Матбуот котиби Шерзод Асадов, Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Азиз Абдуҳакимов, Ўзбекистон Электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси бошқаруви раиси Фирдавс Абдухолиқов, Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси раиси Олимжон Ўсаров ва бошқалар давлатимиз раҳбари томонидан миллий журналистикамиз ривожига қаратилаётган эътибор, хусусан Президентимизнинг соҳа ходимларига йўллаган табригидан келиб чиқадиган вазифалар, Ўзбекистон мустақиллигининг 30 йиллиги арафасида амалга оширилиши лозим бўлган ижодий ишлар хусусида сўз юритдилар.

— Ҳукуматимиз томонидан оммавий ахборот воситаларига, уларнинг ходимларига, журналист ва блогерларга ҳеч қачон бугунгидек эътибор, ғамхўрлик бўлмаган, десам муболаға бўлмайди, — деди Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Азиз Абдуҳакимов, — Соҳа вакиллари эмин-эркин ишлаши, очиқ-ошкора ижод қилиши учун барча шароитлар, қонуний асослар яратиб берилмоқда ва бундан кейин ҳам соҳага эътибор ортиб бораверади. Бу албатта, журналистлар, блогерлар зиммасига ўзига яраша катта масъулият юклайди. Ўз ишига янгича ёндашишни, янгича фикрлашни талаб этади.

Конференцияда таъкидланганидек, Матбуот ва оммавий ахборот воситалари куни муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармонига мувофиқ бир гуруҳ оммавий ахборот воситалари ходимлари қаторида Ўзбекистон Электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси вакиллари, нодавлат телерадиоканалларидан саккиз нафар ходимлар ҳам давлатимизнинг юксак унвон, орден ва медаллари билан тақдирландилар. Сўзга чиққанлар бу юксак эътибор ва эътироф учун чуқур миннатдорлик билдиришди.

Ассоциация аъзоларининг умумий йиғилишида қабул қилинган «Янги Ўзбекистон. Янги нигоҳ» медиа дастурида ҳам нодавлат телеканаллар фаолиятини ривожлантириш, уларнинг моддий техника базасини мустаҳкамлаш, журналистларимизнинг билими ва малакасини ошириш, айниқса, ёш медиа мутахассисларни тайёрлаш, рағбатлантириш сингари масалаларига алоҳида эътибор қаратилган. Жумладан, мазкур ҳужжатда журналистика соҳасида кадрлар тайёрлайдиган олий ўқув юртлари негизида жойларда нодавлат телеканаллар билан ҳамкорликда медиа-студиялар ҳамда конвергент таҳририятлар ташкил этиш ҳам ўз аксини топган.

— Жуда тезкор замонда, ахборот замонида яшаяпмиз, — деди Ўзбекистон Республикаси Президенти Админстрацияси раҳбари ўринбосари — Матбуот котиби Шерзод Асадов, — Давлатимиз раҳбари куни кеча бўлиб ўтган ёшлар билан учрашувида ёш авлод ҳаёти билан боғлиқ кўплаб масалалар қаторида ёш тадбиркорлар фаолиятига тўхталиб, «бундай ўғил қизларимиз- замонамизнинг ёш қахрамонларидир. Уларнинг дастлабки, аммо умидбахш ютуқлари ҳақида оммавий ахборот воситаларида кўрсатувлар, мақола ва суҳбатлар ташкил этиб амалга ошираётган ибратли ишларини кенг жамоатчилик, аввало тенгдошлари ўртасида тарғиб қилиш айни муддао бўлади», — деб алоҳида таъкидладилар. Электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциациясига аъзо барча телеканаллар ҳам ҳурматли Президентимизнинг бу топшириқларини бажаришда жонбозлик кўрсатишлари зарур.

Тадбир доирасида Ўзбекистон Электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси медиа-майдони – «Медиа-холл ЎзЭОАВМА» ҳам фойдаланишга топширилди. Келгусида ушбу медиа-холлда турли вазирликлар ва идоралар раҳбарлари иштирокида очиқ мулоқотлар, ток-шоулар, дебатлар, учрашувлар ўтказилади, янги-янги лойиҳалар амалга оширилади.

— Барчамизга яхши маълум, бугун халқимиз Мустақиллигимизнинг 30 йиллигига қизғин тайёргарлик кўрмоқда, — деди Ўзбекистон Электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси бошқаруви раиси Фирдавс Абдухолиқов. — Хусусан, Ўзбекистон Электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоцацияси ҳам шу улуғ сана мунасабати билан «Янги Ўзбекистон. Янги нигоҳ» миллий медиа дастурини тайёрлаб қабул қилди. Медиа дастурдаги ҳар бир лойиҳа мамлакатимиз, меҳнаткаш халқимиз ҳаётининг муҳим қирраларини чуқур ёритишга хизмат қилади. Ҳозирда мазкур Медиа дастурда кўзда тутилган лойиҳалар босқичма-босқич амалга оширилмоқда. Ишончим комил, ЎзЭОАВМАга аъзо телеканаллар жамоаси уни амалга оширишда фаол қатнашади. Бугунги Янги Ўзбекистонга янгича нигоҳ билан қараб, юртимизда барча соҳаларда жадал кечаётган ислоҳотлардан, ёрқин ўзгаришлардан, янгиланишлардан мамнун, ҳаётидан рози оддий инсонлар, бугуннинг қаҳрамонларини, айниқса кўпроқ ёшлар қиёфасини телеэкранларимизда, радиоканалларимизда талаб даражасида ёритиб берадилар.

Конференцияда «Янги Ўзбекистон. Янги Нигоҳ» медиа дастурини амалга ошириш учун вазирлик ва идоралар билан уларнинг фаолиятини кенг ёртиши,замонавий медиа маҳсулотлар тайёрлаш юзасидан шартномалар тузилаётганли алоҳида таъкидланди.

Анжуманда ассоциацияга аъзо тедерадиоканалларнинг ижодкор вакиллари мустақиллигимизнинг 30 йиллигига кўрилаётган тайёргарлик юзасидан маълумотлар бериб, тақдимотлар ўтказишди.

Конференцияда сўзга чиққан «ЖАСЛАР ТВ» телеканали ва «НУКУС FМ» радиоси директори Мнайим Палуанова, «GOLD UZ» телеканали бош муҳаррири Аҳрор Зиёдов, «JIZZAX TВ» телеканали таъсисчиси Бахтиёр Эшонқулов, «Собир Медиа» МЧЖ 8-ТВ телеканали таъсисчиси Собир Аҳмедов, «ТТВ Тўрткўл» телеканали директори Ғуломжон Эшниёзов ва бошқалар бугунги кунда Ўзбекистон Электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоцацияси марказий ва ҳудудий нодавлат телеродиоканалларни ўз атрофида бирлаштирган таъсирчан ва кенг қамровли ташкилот сифатида мамлакатимиз медиа майдонида ўз ўрни ва нуфузига эга бўлганлиги, юртимизда кечаётган янгиланишлар ва ўзгаришларни марказида бўлиб, Мустақилликнинг 30 йиллиги муносабати билан Янги Ўзбекистон ғоясини ўзида мужассам этган сифатли медиа маҳсулотлар тайёрлаб, эфирга узатаётганлиги ҳақида ўз фикрларини билдиришди.

Тадбир сўнгида ЎзЭОАВМАга аъзо телерадиоканалларга умумий қиймати 1 милиард сўмдан зиёд бўлган зарур техникалар, асбоб-ускуналар, компьютер жамланмалари тантанали равишда топширилди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг