Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«Ёр-ёр» кўрсатувининг ижтимоий мазмунини кучайтириш бўйича чора кўрилмоқда

«Ёр-ёр» кўрсатувининг ижтимоий мазмунини кучайтириш бўйича чора кўрилмоқда

Жорий йилнинг 25 ноябр куни ЎзЭОАВМА Бош дирекцияси ва Экспертлар кенгашининг қўшма йиғилиши бўлиб ўтди.

ЎзЭОАВМАга аъзо теле ва радио каналлар раҳбарлари, бош муҳаррирлари, ижодий ходимлари, агентликнинг экспертлар кенгаши аъзолари, Тошкент шаҳри «Нуроний» жамғармаси, Маҳалла ҳамда оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги масъул ходимлари йиғилишда иштирок этди.

Кун тартибидан ЎзЭОАВМАга аъзо теле ва радио каналларда медиа маҳсулотлар тайёрлашда маънавий-маърифий тарбияни янада кучайтириш, оила қадриятларини, халқ анъаналарини кўрсатувлар мазмунига чуқур сингдириш, айниқса, маҳалларада олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг мазмун ва моҳиятини очиб бериш сингари масалалар ўрин олди.

Президентимиз ташаббуси билан маънавий-маърифий соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар, маҳаллаларга берилаётган юксак эътибор бир қатор информацион ва ижтимоий лойиҳаларда ёритиб келаётганлиги йиғилиш давомида таъкидланди.

Шу билан бирга сўзга чиққанлар томонидан теле ва радио каналларда йўл қўйилаётган камчиликлар, мавжуд муаммолар айтилиб, бадиий кенгашлар фаолиятини тубдан кучайтириш, масъул ходимларнинг малака ва масъулиятини ошириш борасида таклифлар билдирилди.

«Бугунги кунда аҳолининг катта қисми телеканаллардан ахборот олаётгани, айниқса нодавлат телеканалларни томоша қилаётганини эътироф этиш лозим. Шу билан бирга оилавий муносабатлар ва маиший мавзулардаги айрим кўрсатувларда халқимиз қадриятлари ва урф-одатларига у қадар мос бўлмаган ҳолатлар акс этилмоқда. Оилалар мустаҳкамлиги, ажралишларнинг олдини олиш ва фарзанд тарбиясида ота-оналарнинг масъулиятини кучайтириш сингари мавзуларга эътибор қаратиш лозим», — деди Олий Мажлис Сенати аъзоси, Тошкент шаҳар «Нуроний» жамғармаси кенгаши раиси Р.Калонов.

«Оилавий муносабатлар ҳақида тайёрланаётган кўрсатувларга жамоатчилик ва мутасадди вазирлик ва идоралар масъулларини кўпроқ жалб этиш лозим. Хусусан, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги билан ҳамкорликни йўлга қўйиш зарур», — деди «Севимли ТВ» Бош муҳаррири Қ.Сайдалиев.

«Кейинги пайтда «Ёр-ёр» кўрсатувининг ижтимоий мазмунини кўчайтириш бўйича бир қатор чоралар кўрилмоқда. Мамлакатимиз жамоатчилиги ва томошабинлар билдираётган таклиф ва тавсиялар албатта инобатга олинади», — дея айтиб ўтди «ЗЎР ТВ» телеканали бош муҳаррири Ф.Юсупова

Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги масъул ходими Т.Кадирова оила ва маҳалла мавзусидаги кўрсатувларда вазирлик экспертлари ва мутахассислари иштирок этишга тайёр эканини билдириб, ЎзЭОАВМАга аъзо барча телерадиоканаллар билан ҳамкорликда янги лойиҳалар тайёрлашга келишиб олинганини таъкидлади.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг