Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Малайзиядаги тандир гўшт, тиш пастаси ва болалар: Мурод Муҳаммад Дўст билан сафар

Малайзиядаги тандир гўшт, тиш пастаси ва болалар: Мурод Муҳаммад Дўст билан сафар

1993 йил август ойида Мурод Муҳаммад Дўст билан Малайзияга хизмат сафарига бордик. Фан номзоди Акмалов (хотирам панд бермаса, исми Неъмат эди) бизга таржимон бўлиб борди. Малайзиянинг «Бернама» ахборот агентлигида, телевидениясида учрашувлар ўтказдик, ўзаро тажриба алмашдик. Яна бир қанча ташкилот ва идораларда музокараларда қатнашдик.

 Бир куни тушликда товуқ гўшти олиб келишди. У на қайнатилган, на қовурилган, ажабтовур пиширилган эди. Татиб кўрсак, жуда мазали. Кўриниши ҳам, мазаси ҳам ўзимизнинг машҳур тандир гўштига ўхшайди. Мурод иккаламиз бир-биримизга қарадик.

- Товуқдан тандир қилганми? – деди Мурод.

Бизга ҳамроҳлик қилиб юрган мезбоннинг кўзлари чарақлаб кетди.

– Ҳа-ҳа, танури, танури, – деди товуқ гўштини кўрсатиб. Кейин бизга бу овқат қандай тайёрланишини тушунтириб берди. Товуқ гўшти ўзимизда қўй гўшти тандирда қандай пиширилса шу усулда пиширилар экан, номи ҳам танури экан.

Билдикки, Малайзияда ҳам тандир бор экан ва улар танур дер экан. Ажойиб-а! Балки қайсидир аждодларимиз олиб боргандир.

* * *

 Куала-Лумпур кўчаларида сайр қилиб юрган эдик. Ерости йўлагидан ўтаётсак бир тўда болалар чуғурлашиб, қанақадир ўйин ўйнаётган экан.

  – Доктор Акмалов (у қаерга борса ўзини доктор Акмалов деб таништирарди, шундан кейин биз ҳам уни доктор Акмалов деб чақирадиган бўлдик), эътибор бердингизми, Малайзиянинг ёш болалари жуда иқтидорли бўларкан, – дедим мен бояги болаларни кўрсатиб. – Манови болалар нари борса ўн ёшдадир, лекин малай тилида тутилмай сайраб ётипти.

Доктор Акмалов ҳайрат билан тикилди болаларга. Кейин менга қаради.

– Ростанам-а, э, қойил, – деди.

Мурод менга маънодор қаради-да, жилмайиб мўйловини силаб қўйди. Йўлимизда давом этдик. Ўн беш-йигирма қадамлар юрганимиздан кейин доктор Акмалов шарт тўхтади-да, менинг тирсагимдан тортди.

– Ҳа, Акмалов, тинчликми? – дедим ҳеч нарса бўлмагандай.

– Қизиқ одам экансиз-ку...

– Нима бўлди? – дедим яна жиддий тарзда.

Мурод бир чеккада ҳи-ҳилаб турибди.

– Малайзиялик бўлгандан кейин малай тилини билади-да, – деди илжайиб.

– Ким малайзиялик? – дедим пинагимни бузмай.

– Бояги болалар-да.

– Шунақами, биз ҳозир Малайзиядамизми? Мен Куала-Лумпурдамиз, деб ўйлабман.

Энди доктор Акмалов астойдил хафа бўлди, лекин билдирмади, аксинча, хахолаб кулди.

– Маълумотингиз учун айтиб қўяй, – деди жон-жаҳди билан у. – Куала-Лумпур Малайзиянинг пойтахти. Так что, биз ҳозир Малайзиядамиз, бояги болалар ҳам малайзиялик болалар.

Мурод баралла кулди.

– Шунақа денг... Оббо Акмалов-эй, хўп ажойибсиз-да...

Ростданам Акмалов ғоят очиқ кўнгил, беғубор, кўнглида кири йўқ йигит экан. Шунданми, унча-мунча ҳазилни ҳам кўнглига олмайди, кулиб кетаверади.

 * * *

Кўчада кетаётган эдик, доктор Акмалов ҳозир, деди-да, кичкина бир дўконга кириб кетди. Мурод билан кутиб турдик. Куала-Лумпур иқлими жуда оғир, намлик кучли, бир пасда тер босади одамни, нафас олиш қийин. Айниқса, бизга ўхшаб қуруқ иқлимда яшайдиганлар ўргангунча анча қийналади. Бунинг устига август ойи.

Беш дақиқа, ўн, ўн беш дақиқа ўтди. Акмаловдан дарак йўқ. Чақириб чиқай, деб у кириб кетган дўкон томон юрдим. Шу маҳал салафан пакет кўтариб чиқиб келди.

– Ҳа, доктор Акмалов, нима олдингиз? – деди Мурод.

– Тиш пастаси, – деди ва кичкина тиш пастасини кўрсатди.

Акмаловнинг бир неча тиши тушган, илкис оғзини очганида иккита ё учта тиши кўринар эди, холос.

– Шунга шунча қоб кетдингизми? Арзон эканми бу ерда? – деб сўради Мурод.

Акмалов афтини буриштирди.

– Ҳар хили бор экан, бари қиммат. Арзонроғини қидириб, базўр топдим.

– Арзони неча пул экан? – яна сўради Мурод.

– Ўн доллар, – деди Акмалов мамнун ҳолда.

Мурод икковимиз бир-биримизга ялт этиб қарадик.

– Менга қаранг, доктор Акмалов, – дедим мен кулиб. – Шу пастани оламан, деб ярим соат йўқ бўлиб кетдингиз. Тағин ўн доллар эмиш. Ахир ўн долларга шу чимчалоқдай пастани олгандан кўра қолган икки-учта тишингизни ҳам синдириб ташлаганингиз яхши эмасми? Шу арзонга тушмайдими?

Акмалов ҳазилимни жиддий тушуниб, нима дейди денг:

– Унда овқатни қандай ейман?

Ҳаммамиз кулдик.

Бу ҳангомани Мурод ҳозиргача турли давраларда айтиб юради. Албатта ўзидан қўшиб, бадиий сайқал бериб ҳикоя қилади.

 * * *

Ушбу хотираларни ёзаётган кунларим Мурод билан телефонда гаплашиб қолдик. Гап орасида мен Малайзия сафаримизни эслатдим.

– Малайзиядаги ҳангомаларни ёзаётган бўлсангиз, энг қизиғи эсингиздан чиқмасин.

– Нима эди у?

– Икковимиз бозорга борганимиз-чи, ёдингиздами?

– Эсладим, эсладим, – дедим.

Малайзия сафаримиз охирлаётган кунлари бозорга бордик. Мақсад – Куала-Лумпур бозорини кўриш ва болаларга у-бу нарса олиш.

Ҳамма бозор каби Куала-Лумпур бозори ҳам гавжум. Ўзимизнинг тилда айтганда, нина ташласа ерга тушмайди.

– Ў-ҳу, – деди Мурод тумонат одамга қараб. – Лекин сиз билан менга мазза экан. Одамларнинг аксарияти бизнинг белимиздан келади. Бу ерда бир-биримизни йўқотмаймиз, узоқдан кўриниб турамиз.

Атайлаб биримиз у томонга, биримиз бошқа томонга юрдик. Бозордаги нарсаларни томоша қилиб, анча жойга кетиб қолибман. «Ҳазил-ҳазил билан бир-биримизни йўқотиб қўймасак эди», деган фикр ўтди хаёлимдан. Мурод кетган томонга қарадим. Одамларнинг устидан унинг елкаси яққол кўриниб турар эди. Бир-биримизга қўл кўтариб, илжайдик.

Қандай мазза-а!

 «Кўнгил нима дейди?»

Мурод Муҳаммад Дўст «Ўзбеккино» миллий агентлигида раҳбарлик қилган йиллари ёзувчи Асад Дилмурод ўша ерда сценарий бўлимида муҳаррир бўлиб ишлади.

Асад – менинг синфдошим, жуда улфат, очиқ, дилкаш, суҳбати ширин, беғубор инсон эди.

Асад оддий ходим бўлса-да, Муроднинг олдига бемалол кириб-чиқар эди. Чунки уларнинг дўстлиги ёшлик йилларидан бошланган. Айниқса, Асад ўша пайтлардаги энг обрўли газета бўлган «Совет Ўзбекистони»нинг Самарқанд вилояти бўйича мухбири бўлиб ишлаган йиллари (1970-йиллар) Тошкентдан борган ижодкор борки, Асадга учрашар, у ҳам барча ишини йиғиштириб, улар билан бирга юрар эди. Ўша йиллари Мурод Муҳаммад Дўст, Эркин Аъзам, Хайриддин Султон, Азим Суюн каби шоир ва ёзувчилар Самарқандга тез-тез бориб туришар, Асад уларни албатта Ургутга олиб борар эди. Ургутда Файзи Ҳайдаров (туман газетасининг муҳаррири) қўшилар эди. Бу суҳбат-гурунгларнинг айримларида мен ҳам қатнашганман. Гурунглар, улфатчилик гоҳида тонггача чўзилар ва бундан ҳеч ким чарчамас, зерикмас эди. Ургутнинг машҳур Тўпхонасида ўтириб тонг отишини кузатган вақтларимиз бўлган.

Ана шундай завқли, ҳароратли, самимий дамларда боғланган эди дўстлик, жўрачилик ришталари.

Шу ўринда Файзи Ҳайдаров ҳақида бир-икки оғиз сўз юритишни бурчим, деб биламан.

Аллоҳнинг марҳамати кенг. Бандасини бир томондан кемтик қилса, бошқа томондан улуғлайди. Файзи аканинг жисмоний жиҳатдан бир оз нуқсони бор эди. Аммо унинг одамгарчилиги, меҳмоннавозлиги, улфатчилиги, ақл-фаросати, салоҳияти шу қадар юксак эдики, унча-мунча тўрт мучаси соғ одам ҳам олдига тушолмасди. Нафақат Самарқандда, балки Тошкентдаги кўплаб ижодкорлар Файзи Ҳайдаровни яхши танир, қаттиқ ҳурмат қилар эди. Туманда-ку обрўси, нуфузи ҳавас қилгулик даражада эди. У киши туман газетасига муҳаррирлик қилган йиллар мобайнида туманда қанча райком секретари, қанча ҳоким алмашди. Уларнинг ҳаммаси Файзи аканинг ҳурматини жойига қўяр, бирон-бир тадбир Файзи Ҳайдаров иштирокисиз ўтмас эди. Энг асосийси, унинг жисмоний камчилигига ҳеч ким эътибор бермас, бу ҳақда ҳатто ўйлаш ҳам хаёлига келмасди. Ҳазил-ҳузулларига, аскияю-латифаларига ҳамма мафтун бўларди.

Инсоннинг кимлиги, қадр-қиммати унинг сахти-сумбатига қараб эмас, ақл-заковати, фаҳм-фаросатига қараб белгиланиши Файзи Ҳайдаров мисолида яққол намоён бўлган. Зотан, Файзи аканинг ўзи кимнидир фаросати ноқислигини айтмоқчи бўлса, «фалончида витамин «ф» етишмайди» дерди. Ўзида ушбу витамин керагидан ҳам кўпроқ эди десак, хато бўлмас.

Асад билан Файзи ака ниҳоятда қадрдон, сирдош эди. Улар бир уйда ижарада яшаб, туман газетасида ишлаган. Тақдирни қарангки, бу фоний дунёни ҳам олдинма-кейин тарк этди: 2019 йил 28 январда Файзи Ҳайдаров тупроққа қўйилди, эртаси куни, яъни, 29 январь Асад Дилмурод сўнгги манзилга кузатилди.

Албатта, Асад билан Мурод эски қадрдонлар эканини «Ўзбеккино»дагилар билмасди. Шу сабаб жуссаси кичкина Асад Дилмурод Мурод Муҳаммад Дўстдай қаттиққўл, талабчан, қаҳрли (улар шундай, деб ўйлашарди) бошлиқ ҳузурига индамай кириб кетиши ажабланарли эди. Асад бош директор олдига наинки индамай кириб борар, гоҳо-гоҳо унинг хос хонасида иккови улфатчилик ҳам қилар эди.

Бир куни Мурод Асадни чорлапти. Асад кирса бош директорнинг кайфияти яхши.

– Оғажон, яхшимиз? – деб ҳол-аҳвол сўрабди раҳбар ва хос хонага бошлабди.

Иккови у ёқдан-бу ёқдан суҳбатлашиб, шишани яримлатибди. Мурод шишани қопқоғини ёпибди.

- Ақл бўлди, деяпти, – дебди.

Асаднинг ўзига хос жилмайиши бор эди. Озгина «нуш» этса юзлари қизарар ва ўша жилмайиш кучаярди. Бош директор бу гапимга муҳаррир нима деркин, дегандек, Асадга саволчан қарабди. Юзлари қизариб, жилмайиб ўтирган муҳаррир жаноблари бош директор саволига савол билан жавоб берипти:

- Кўнгил нима деяпти?

Ҳаш-паш дегунча шишанинг таги кўринибди.

Маматқул Ҳазратқулов

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг