Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Мурод Муҳаммад Дўст депутат Алишер Қодиров ҳақида: «Уни ростдан ҳам халқ сайлаган эдими?»

Мурод Муҳаммад Дўст депутат Алишер Қодиров ҳақида: «Уни ростдан ҳам халқ сайлаган эдими?»

Фото: Видеолавҳадан скриншот

«UzAuto Motors» корхонаси томонидан автомобиллар нархини оширгани ҳамон муҳокамалар марказида бўлиб турибди. Ҳолат юзасидан  «Ўзавтосаноат» ва «UzAuto Motors» вакилларининг Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари бўлган учрашувда айтган пойма-пой гаплари-ку, муаммога баттар мой сепди.

Таниқли ёзувчи Мурод Муҳаммад Дўст  ўша учрашувда айтилган гапларга нисбатан ўз муносабатини билдирди: «Учрашувда корхона мутасаддилари ёлғон гапираётгани юзу кўзларидан шундай сезилиб қолди. Яхши ниятлар билан барпо этилган автомобил заводи ўзини оқламади. Оқлаши мумкин эди, қачонки бизнинг завод бозор муносабатлари, бозор қоидалари асосида ишлаганида.

Эсингизда бўлса, 2008 йилда бутун дунё бўйлаб иқтисодий инқироз кузатилди. Ўша пайти, бизда иқтисодий инқироз бўлмайди, деб дўстлар билан ўзаро ҳазиллашар эдик, негаки, иқтисодий инқироз росмана иқтисод бор жойда бўлади. Эътибор берган бўлсангиз, инқироз бизнинг чор атрофдан иҳоталанган биқиқ иқтисодимизни четлаб ўтди», дея кулги аралаш гапиради ёзувчи.

Кўп йиллар президент девонида турли масъул лавозимларда ишлаган Мурод Муҳаммад Дўст суҳбатда ҳукумат эндиликда монополист корхонани қўллаб-қувватлашни бас қилиши кераклигини айтмоқда: «Жиддийроқ гапирадиган бўлсак, ҳукумат энди ўзининг ўйинларини қўйиб, бу монополист корхонани умуман қўлламаслиги керак. У чегарадаги божларни камайтириши, одамларга эркин автомобил сотиб олиши учун имконият яратиб бериши шарт. UzAuto Motors раҳбарияти мард бўлса, ҳақиқий рақобатга кучи етса, бозор қоидалари бўйича ишласин».

Ёзувчига кўра, ўзбек автосаноати фаолиятида алоҳида шахслар манфаати устуворлик қилади: «Бу ерда қандайдир бир тўданинг каттагина манфаати бордай. Эсингизда бўлса, бир пайтлар корхона ичидаги шахслар томонидан автомобилларни арзон баҳода четга чиқариб, кейин яна Ўзбекистонга қайтариб қиммат баҳода сотиш ҳолатлари ҳам бўлган».

Мурод Муҳаммад Дўст «Миллий тикланиш» партияси раиси Алишер Қодировнинг мулоқотдаги ҳаракатларидан қаттиқ ранжиганини ҳам яширмади: «Кечаги мулоқотда Алишер Қодиров деган депутатнинг гаплари, ҳаракатларини эшитиб-кўриб жуда уялиб кетдим. Йигит кишида озгина ғурур бўлиши керак. Агар у адолатни ҳимоя қилолмаса ақалли жим турса маъқулроқ бўлар эди. Халқ сайлаган вакил халққа очиқдан-очиқ жабр қилаётганлар тарафини олиши нимани англатади? Ва умуман, уни ростдан ҳам халқ сайлаган эдими?

UzAuto Motors ҳақиқий рақобатга кучи етса, бозор қоидалари бўйича ишласин. Рақобат бўлмас экан, эски ўйинлар қиёмат қадар давом этаверади», дея гапига якун ясайди адиб.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг