Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Маданият вазири келиб-кетгач...

Маданият вазири келиб-кетгач...

Фото: msc.uz

Шу кунларда Бухоро вилоят мусиқали драма театрига кириб қолсангиз, бошингиз айланиб кетиши ҳеч гап эмас. Ҳали репетиция, ҳали либослар танлови, ҳали янги асарлар муҳокамаси! Ходимлар, актёрлар жамоаси иш билан шу қадар бандки, кўриб ҳавасингиз келади.

– Яқинда театримизга маданият вазири келган эди. У жамоамиз билан суҳбатлашиб, муаммоларга алоҳида тўхталди. Амалий ёрдам беришини айтди, – дейди театрнинг адабий маслаҳатчиси Моҳигул Назарова. – Ҳозир ижодий жамоа бир-биридан катта ишларга киришган. Жумладан, театримиз фахри Убайдулла Омон янги асар устида иш бошлаган. У киши беш йилдан буён пьеса саҳналаштирмаган эди.

Кўпчилик санъат мухлислари Убайдулла Омонни актёр сифатида билади. Аслида унинг асл касби режиссёр бўлиб, Бухоро вилояти театрида қирқ йилдан буён фаолият кўрсатади.

– Убайдулла ака юздан зиёд пьесани саҳналаштирган, – дейди Моҳигул Назарова. – У кишининг актёрлар билан ишлашдаги маҳорати, меҳнатсеварлиги, зукколигига, томошабинни ҳис этишига қойил қоламиз. Яқинда қўлимга янги асар тушганида унинг режиссёри сифатида фақат Убайдулла акани кўрдим.

Убайдулла Омон саҳналаштиришга киришган навбатдаги асар номи «Ҳиндистонлик келин» бўлиб, комедия жанрида ёзилган. Икки қалбнинг муҳаббати ҳақида ҳикоя қилувчи мазкур асарда ижтимоий масалалар ҳам кўтарилган. Ажабтовур қаҳрамонлар, кулгили эпизодлар, ичакузди ҳангомалар, шўх куй-қўшиқларга бой мазкур комедия томошабинлар кўнглидан жой олишига ишонамиз.

«Ҳиндистонлик келин» комедияси премьераси шу ой охирида ўтказилиши режалаштирилмоқда.

Азиза Фатҳуллаева

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг