«Дийдор»да «Қийиқ қизнинг қуйилиши»
Таниқли режиссёр Баҳодир Йўлдошев раҳбарлигидаги «Дийдор» театр студиясида Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ва «Дўстлар клуби» ҳамкорлигида Россиянинг Ёқутистон республикасидан таклиф этилган режиссёр Сергей Потапов ёш ижодкорларга маҳорат сабоқлари ўтмоқда.
Театр студиясида Ўзбекистон халқ шоири, драматург Туроб Тўла таваллудининг 100 йиллиги муносабати билан Уильям Шекспирнинг шоир таржимасига оид «Қийиқ қизнинг қуйилиши» асари саҳналаштирилмоқда. Баҳодир Йўлдошев бадиий раҳбар бўлган ушбу спектакл премъераси 10 август куни бўлиб ўтиши режалаштирилган.
Кинорежиссёр, сценарийнавис, театр режиссёри бўлган Сергей Потапов бир қанча замонавий асарлардан тортиб, жаҳон классикаси дурдоналаригача саҳналаштирган. У «Макбет» спектакли учун нуфузли «Олтин ниқоб» («Золотая маска») мукофотини қўлга киритган.
Классик асарларга ўзига хос ёндашув билан замонавий руҳ бера оладиган Баҳодир Йўлдошев ва «Дийдор» театр студияси ижодкорларининг Сергей Потапов билан ҳамкорликда саҳналаштирилаётган ушбу саҳна асари ҳам томошабинлар кўнглидан жой олишига ишонамиз.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter