Чингиз Айтматовнинг 90 йиллигини нишонлаш бўйича Президент қарори имзоланди
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев бугун, 2 апрель куни «Буюк адиб ва жамоат арбоби Чингиз Айтматов таваллудининг 90 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида» қарорни имзолади. Ҳужжат матни ЎзА сайтида берилган.
Унга кўра, Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги, Ташқи ишлар вазирлиги, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, Ўзбекистон Фанлар академияси, Республика Маънавият ва маърифат маркази, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ва жамоатчилик вакиллари билан ҳамкорликда буюк адиб ва жамоат арбоби Чингиз Айтматов таваллудининг 90 йиллиги кенг нишонланади.
Тегишли чора-тадбирлар режасига кўра:
— «Чингиз Айтматов ва Ўзбекистон» номли хотира китобини нашрга тайёрлаш ва чоп этиш;
— Чингиз Айтматов ҳаёти ва ижодий фаолияти ҳақида ҳужжатли фильм яратиш;
— ёзувчи асарлари асосида янги спектакль саҳналаштириш ва бадиий фильм суратга олиш;
— Чингиз Айтматов хотирасини абадийлаштириш мақсадида Тошкент шаҳрининг марказий кўчаларидан бирига адиб номини бериш;
— Тошкент вилояти Паркент туманидаги 33-мактабда адиб бюстини ўрнатиш;
— Ўзбекистон Фанлар академияси, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Ташқи ишлар вазирлиги, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси, Республика Маънавият ва маърифат маркази билан ҳамкорликда «Чингиз Айтматов ва ўзбек адабиёти» мавзусида илмий конференция ўтказиш;
— мамлакатимиздаги олий ва ўрта махсус, касб-ҳунар, умумий ўрта таълим муассасалари, ҳарбий қисмлар, меҳнат жамоалари ва маҳаллаларда таниқли шоир ва ёзувчилар, олимлар иштирокида учрашувлар, адабий кечалар ташкил этиш;
— 2018 йил декабрь ойининг иккинчи ўн кунлигида Ўзбек Миллий академик драма театрида атоқли адиб хотирасига бағишланган ижодий кеча ўтказиш кўзда тутилган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter