Бугун ғолиб аниқланади. «Спарк» кимга насиб этади? (фото)
Ёшлар орасида мутолаа муҳитини яратиш, китобхонлик маданиятини шакллантириш, ёшларнинг интеллектуал билимларини ва маънавий савиясини ошириш, адабиётнинг мўъжаз оламига олиб кириш мақсадида 2017 йилнинг ноябрь ойида Ўзбекистон ёшлар иттифоқи «Ёш китобхон» танловини эълон қилган эди.
Унда 2 ёш оралиғида (14-19 ёш, 20-30 ёш) бўлган ёшлар иштирок этиши мумкин. Ҳар икки ёш тоифасида 1-ўринни қўлга киритган ғолибларга Президент совғаси — «Спарк» автомашинаси ваъда қилинган.
Ноябрь-декабрь ойларида танловнинг туман-шаҳар ҳамда ҳудудий босқичлари бўлиб ўтди. Сўнгги республика босқичида иштирок этиш учун Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридан вакиллар сараланди.
Рағбат сифатида «Спарк» автомашинаси берилиши танловнинг ўта шов-шувли ва қизғин тус олишига, саралаш босқичларининг очиқ-ошкора, адолатли ўтишига замин бўлди.
13 февраль куни финал иштирокчилари 1 дан 20 гача рақамлар ортида яширинган маънавий-маърифий, тарихий соҳага оид китобларни танлаб, жавоб бердилар.
14 февраль куни ёшлар танловнинг иккинчи «Бадиий китоблар билимдони» шарти бўйича беллашдилар. Бу шартда иштирокчилар актёрлар томонидан ижро этилган сюжетга оид эпизод ёки монолог қайси асардан олингани, мазмун-моҳияти, ғояси ва аҳамиятини шарҳлаб бердилар.
15 февраль куни иштирокчилар «Мен севган адиб» шарти бўйича беллашдилар. Мониторда 50 та рақам ортида яширинган мумтоз ва замонавий ўзбек адабиёти намояндалари ҳамда жаҳон адабиёти вакилларидан 4 адабий сиймони танлаб, уларнинг ҳаёти ва ижодига оид маълумотлар тақдим этдилар.
Бугун, 16 февраль куни китоблардан маънавий хазина топган иштирокчига энг олий соврин — «Спарк» автомашинаси тақдим этилади.
ОАВ ходимлари диққатига! МТРК медиа марказида соат 14:00да тўртинчи тур бошланади, тақдирлаш маросими соат 16:00 да бўлади. «Ёшлар» канали жонли эфирда беради. Агар бевосита қатнашмоқчи бўлсангиз, рўйхатга киритиб қўйиш керак. Бунинг учун паспорт нусхасини +998909278978 рақамига телеграмдан юбориш зарур. Фотоаппарат, ноутбук ва шу каби зарурий жиҳозларни олиб кирмоқчи бўлсангиз, олдиндан айтиб қўйинг.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter